Ота-оналар болаларнинг шахсий чегараларини қандай бузишади ва бу нима учун хавфли

Ҳар бир инсон шахсий чегаралардан фойдаланиш ҳуқуқига эга ва болалар ҳам бундан мустасно эмас. Кўпинча катталар (айниқса, ота-оналар) болаларнинг чегараларини бузади ва бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Боланинг шахсий чегаралари қандай шаклланади?

Бола туғилганда, у ҳали шахсий чегараларига эга эмас, шунинг учун ота-оналар унинг учун қарор қабул қилганда ҳеч нарсани бузмайди.

Бола улғайган сари чегаралар шакллана бошлайди. Ва бунда ота-оналар болага соғлом шахсий чегараларни шакллантиришда ёрдам беришлари жуда муҳимдир. Ахир бу нафақат боланинг характери, балки унинг хавфсизлиги ва «йўқ» дея олиш қобилиятига ҳам таъсир қилади.

Бола маълум ёшга (икки ёки уч ёшга) етганида, у ҳамма нарсани мустақил қилишга интилади. Ҳозирда унга бундай имкониятни бериш жуда муҳим (албатта, ота-оналар ҳар қандай хавф туғдирганда кузатиши ва аралашиши мумкин).

Агар чақалоққа нисбатан «биз бир ёшдамиз», «қоринчамиз оғрияпти» дейиш ўринли бўлса, бола маълум ёшга етганда, бундай дейиш ноўрин. Чунки бола ўзини алоҳида шахс сифатида ҳис қилиши керак.

Ота-оналар болаларнинг чегараларини қандай бузади?

  1. «Овқатингни еб бўлмагунча дастурхондан турмайсан». Афсуски, кўплаб ота-оналарга бу ҳолат таниш. Бола тўйдим, деса уни мажбурламанг. Оч қолганида ўзи овқат сўрайди. Бола тез-тез овқатини чала еса, порцияни камайтиринг.
  2. «Йиғлама! Минғиллама!» — бу ҳиссий чегараларнинг бузилишидир. Инсонга ҳиссиётларини билдиришни ман қилиш мумкин эмас. У йиғлашни бас қилса ўша салбий ҳиссиётлар ҳеч қаерга йўқ бўлиб кетмайди. Улар боланинг ичида тўпланиб ва бир куни агрессия ёки инжиқликлар кўринишида намоён бўлади.
  3. Тақиллатмасдан боланинг хонасига кириш. Аввал тақиллатиб, кейин кириш керак деган олтин қоидани эслаб қолинг (айниқса 6 ёшдан катта бўлган боланинг хонасига кираётганда). Шунингдек бола ҳам хонангизга тақиллатиб кейин кирсин.
  4. Боланинг хоҳишига қарши ўпиш ва қучоқлаш. Қариндошлар ва ҳатто бегона одамлар билан ўпишиб кўришишга асло мажбурламанг.
  5. Болани ўртоқлари (ёки бегоналар) олдида уялтиришади ёки шарманда қилишади. Эслаб қолинг: бола билан фақат ҳоли гаплашиш керак, бегоналар олдида муносабатларга ойдинлик киритиш ноўрин.
  6. Болани юзи, кўлига уришади. Бола йиқилганда ота ёки онаси шундоқ ҳам қўрқиб кетган болани тинчлантириш ўрнига уни калтаклашини ҳеч кўрганмисиз? БУНГА АСЛО ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ.
  7. Бегоналар олдида кийимини алмаштириш (бу ерда чақалоқ ҳақида гап кетмаяпти). Эслаб қолинг: бундай қилиш мумкин эмас!

Чегаралар бузилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Шахсий чегаралар нафақат ўзига бўлган ишонч, балки хавфсизлик билан ҳам боғлиқ. Агар бола чегараларни кўрмаса, бу жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, уни жиноят содир этишга ундаш мумкин.

– Агар ота-она боланинг нарсасини сўрамасдан олиб қўйса, бола демак мен ҳам сўрамасдан бировнинг нарсасини олишим мумкин, деган тушунча шаклланади, яъни ўғирликка қўл уриши мумкин.

– “Йўқ” дейиш ўргатилмаган бола гиёҳванд моддалар, алкоголь истеъмол қилишга ружу қўйиши мумкин.

– Ўз фикрини айтишга рухсат берилмаган бола (“бу ақллини қаранглар” каби ибораларни эсланг), уялчанг, ўзига ишонмайдиган, ўз позициясини ҳимоя қила олмайдиган одам бўлиб улғаяди.

– Доимо калтак еган бола шафқатсиз бўлиб улғайиши мумкин.

– Йиғлаш ман этилган бола кейинчалик агрессив бўлиши мумкин.

Ота-оналар соғлом чегаралари шаклланган одам ўз ҳаётини бошқара олишини тушунишлари керак. У бошқалар кутган нарсани эмас, хоҳлаган нарсани қилади.

Энг муҳими, чегаралар ҳар хил зўравонлик ва таъқиблардан ҳимоя қилади. Шундай қилиб, бола ҳеч ким унга тегишга ҳақли эмаслигини билиб олади. Унинг ўзи ҳам бошқаларнинг чегараларини бузмайди.