Ажралаётган болали аёлларга осон эмас…

Психологларнинг айтишича, ажралиш туфайли юзага келадиган салбий ҳиссиётлар табиий офат вақтида кўнгилга тушадиган ғулғула билан баробар. Кўряпсизми, ажралиш вайронкор табиий офатга қиёсланяпти. Бу бежиз эмас. Зеро, муқаддас динимизда ҳам “оила бузилса, Аллоҳнинг арши титрайди”, дейилади. Биз инсонлар аввалло оилани сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Аммо бунинг иложиси бўлмаса-чи? Бугун ана шундай чорасизликда қолиб, ажрим остонасига қадам қўяётган аёллар бор. Афсуски, уларнинг фарзандлари тирик етим бўлиб қоляпти. Хўш, қўлида боласи билан эридан ажралган аёл нима қилиши керак? Юрагидаги бўшлиқни қандай енгсин, ҳаётини давом эттириш учун ўзида қандай куч топсин?

Унутманг: кислород ниқобини аввал ўзингизга тақинг, кейин болага, деган қоида ажралиш вазиятида ҳам қўл келади. Шахсий ҳисларингизни тартибга солмас экансиз, фарзандингизга ёрдам беролмайсиз.

  1. Вазиятга аниқлик киритинг

Ажрим бошига тушган аёл қуйидаги босқичлардан ўтади:

карахтлик — содир бўлган воқеаларга ишонмайди;

ғазаб — асабийлик, нафрат қуйилиб келади;

афсусланиш — эрини қайтариш учун ҳар нарсага тайёр туради;

англаш — ўтган воқеаларни англаб етгач, тушкунликка тушади;

қабул қилиш — аёл ажримни қабул қилади, кўникади, ҳаётини давом эттиришга бел боғлайди.

  1. Танаффус қилинг

Ажримдан кейинги биринчи 2-3 ой энг оғири. Бу «карахтлик босқичи» бўлиб, унда хато қилиб қўйиш хавфи юқори. Хатолардан қочиш учун, бироз танаффус қилиш керак ва бу даврда жиддий қарорларни қабул қилмай турган маъқул. Мия барқарор ҳолатга келишини кутинг.

  1. Дардингизни ичингизда сақламанг

Жаҳл, қўрқув, ачиниш каби сезгилар бўлиши табиий. Уларни ичингизга ютманг, ҳиссиётларни билдиришдан қўрқманг, акс ҳолда невроз ва бошқа руҳий касалликлар домига тушиб қоласиз. Сизнинг энг муҳим вазифангиз, ажримнинг мана шу босқичидан ўтиб олиш. Яшашда давом этиш, фарзандларингиз ҳақида қайғуриш учун куч йиғишингиз шарт. Шунинг учун ҳиссиётларни бошқаришни ўрганинг. Муаммолар гирдобида қолиб кетмаслик учун, ташвишларни ортга суриб туринг. Бу орқали ишчанлик, меҳнат қилиш завқи, бирор нарсадан баҳраманд бўлиш хусусиятини сақлаб қоласиз.

  1. Энг яхши кун бугун

Бу мақол айнан сиз учун. Атрофга бир қаранг, табиат гўзал, тоза ҳаво, мусаффо осмон. Бундан каттароқ бахт борми инсон учун. Ўтмишни тинч қўйинг, эртанги кун учун эса таваккал қилинг. Бугунингиз билан яшанг. Шунда салбий фикрларни унутиб, хавотирни бироз камайтиришга эришасиз.

  1. Ёрдам сўрашга андиша қилманг

Баъзида иложсиз, кучсиз ёки ёрдамга муҳтож бўлиб кўринишга уяламиз ва бу бизга ёрдам сўрашга халал беради. Ўз дунёйингиздан чиқинг, яқинларингизга суяниш мумкинлигини унутманг. Ёлғиз қаҳрамон бўламан, десангиз адашасиз. Ёрдам сўрашдан ва уни қабул қилишдан уялманг. Болаларга қараб туришда, дўкондан харид қилишда ва уй йиғиштиришда сизга қўл чўзадиган яқинларингиз кўп.

  1. Соғлиқ ҳақида қайғуринг

Тана билан руҳият бир-бирига боғлиқ. Руҳият азият чекканда, тана унга мустаҳкам тиргак бўлиши керак. Шунинг учун тўғри овқатланинг, уйқу ва дам олиш режимига риоя қилинг, жисмонан фаол бўлинг, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилинг. Сизга бахт гормонлари эндорфинлар сув ва ҳаводек зарур.

  1. Ўзингизга совға қилинг

Сизга мамнулик келтирувчи нарсалар рўйхатини тузинг. Рақс, чизиш, ширин чой, кино, иссиққина кўрпа, бирор-бир ифорли крем. Майда нарсалар бўлса ҳам майли, муҳими, улар сизга мамнуният ва бахт ҳиссини бағишласин. Рўйхатни қўлга олинг-да, бир ҳафтада камида бир марта мана шу рўйхатдаги буюмлардан бирини ўзингизга совға қилишга ваъда беринг.

Ўзингизни қўлга олдингизми, ана энди болангизга эътибор қаратинг.

  1. Фарзандингизга отасини ёмонламанг

Болада “ярмим отамга, ярмим онамга ўхшайди” деган тушунча бўлади. Агар унга отасини ёмонлайдиган бўлсак, у буни ўзига нисбатан ҳақорат деб қабул қилади. Шу тариқа собиқ турмуш ўртоғингизга бўлган нафратингизни беихтиёр болангизга йўналтирасиз. Натижада боланинг ичида зиддият пайдо бўлади. У на отасини ёмон кўришни билади, на сизга ёқишни. Бу зиддият яхшиликка олиб келмайди.

  1. Ажримда сенинг айбинг йўқ

Болалар ота-онасининг ажримини жуда оғриқли қабул қилади, ҳатто айб менда бўлса керак, деб ўйлайдиган фарзандлар ҳам бор. Уларнинг бундай фикрларини эътиборсиз қолдирманг, қўрқувлари ва шубҳалари билан ёлғизлатманг. Агар у сўраса, ажрим мавзусини албатта тушунтириб беринг. Мавзу доирасида унинг айби йўқлигини эслатиб ўтинг.

  1. Бола учун ҳиссий хавфсизлик муҳитини яратинг

Фарзандлар оламни ота-онасининг ҳаракатларига қараб қабул қилади. Сиз нима қилсангиз, шунга қараб хулоса чиқаради. Тушкунликка тушсангиз, улар сиқилади. “Онам кайфиятсиз, демак, ҳаётимиз хавф остида, яхшиликка умид йўқ” деган фикрга боради. Шунинг учун уларга хавфсиз муҳитни яратиб беринг. Уларнинг олдида ўзингизни тинч, осуда тутишга ҳаракат қилинг, меҳрингизни аяманг, ширин сўзланг. Ҳаммаси яхши эканлигига болани ишонтиринг. Бунга биринчи навбатда ўзингиз ҳам ишонинг.