Ўзбек хонадонида дунёга келган қизнинг сепи учун сандиққа кийим-кечак, идиш-товоқ, пул йиғишга ишора қилувчи бу халқ мақоли қандай пайдо бўлган?
Фарзанди бахт-у камолини кўриш орзуси халқимизга хос. Бироқ бу «йиғ-тер»лар, ҳашамат фақат фарзанд келажаги учун эмас, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар олдида уялиб қолмаслик, керак бўлса, ўзини кўрсатиб қўйиш учун қилинаётганини ҳам инкор эта олмаймиз. Ҳақли савол: биз нега “Қизим катта бўлганда ўқийди,” – деб китоб, “Ўқишга кирса, керак бўлади,” – деб қўшимча маблағ жамғариб қўймаймиз? Болалик чоғиданоқ китоб тўла жавон эмас, келинлик сарполари билан тўлган сандиқларни кўриб улғайган қиз келажакда илмга интилармикан?..
Сиз ҳавас қиладиган Америкада…
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, “Уй бекаси” деган «лавозим» йўқ! Чунки, америкаликларда, биз ота-она ҳақидаги маълумотномани тўлдира туриб, онасининг “иш жойи”га бемалол ёзиб қўядиган – “уй бекаси” деган тушунча, термин мавжуд эмас. АҚШлик “бизнес вумен”ларга кўпчилик ҳавас билан қарайди. Аммо, ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши биладиган, шахсий машинаси, иш жойи, даромадига эга аёл бўлиш учун баъзилар ҳали-ҳануз қандай стереотипни парчалаши кераклиги ҳақида бир қарорга кела олмаётгани, турли сабаблар билан ўзини овутиб юргани ачинарли! Майли, ҳамманинг ҳам давлат идораларида ишлашга, тадбиркорлик қилишга имконияти йўқдир, аммо билим олиш масаласичи? “Ўқиганим билан, турмуш ўртоғим ишлашимга рухсат бермайди!” ёки “Эримнинг топганига қаноат қилмоқчиман,” – деган баҳона наҳотки ўзбек аёли учун фазилат бўлса?!
ДИПЛОМИМ БОР, АММО ИШЛАМАЙМАН…
Японияликлардан нафақат ўзбек, балки, бутун дунё аёллари ўрнак олсалар арзийди. Таълим тизими жиҳатидан етакчиликни қўлдан бермай келаётган кунчиқар мамлакатда мактаб ёки коллежни тамомлаган қизларнинг деярли 100%и олий таълимни давом эттиради. Бироқ, ҳайратланарли жиҳати шундаки, олий маълумотли аёлларнинг бор-йўғи 30%га яқини ўз соҳаси бўйича карьера қилар экан. Бир неча йил меҳнат, маблағ ва вақт сарф этиб ўқисанг-у, ишламасанг – сал ғалати туюлиши мумкин. Бунга японияликлар шундай жавоб беришар экан: “Бизда олий таълим олаётган аёл-қизларнинг онгида келажакда ишлаш, муваффақиятли карьера эмас, кўпроқ бўлажак она, миллат тарбиячиси сифатидаги масъулият ҳисси устун туради. Яъни ҳар бир япон қизи келажакда оила қургач, фарзандини тўғри ва чиройли тарбиялаб, бирор мавзуда савол берганда, уни қониқтирадиган жавоб билан ўз билимларини бўлишиш ҳақида кўпроқ қайғуради”. Шу ўй уларни – кучли миллат тарбиялашни ният қилган қизларни кўпроқ ўқиш, ўз устида изланишга чорлаб турса, не ажаб?!
Бугун жамоат жойлари, метро, автобус ёки овқатланиш масканларида, ўқув даргоҳларида аксарият ёш қиз-жувонлар суҳбат мавзусига эътибор берсангиз, суҳбатнинг асосий мавзуси кимнинг тўйи қайси ресторанда бўлгани-ю, келин тўй кўйлагини қайси салондан танлагани бўлади. Яна мебель, идиш-товоқ, сервантлар… Куни кеча бир аёл билан суҳбатлашиб қолдим, мен билан тенгдош – 18 ёш қизини мактабни битирган заҳоти яқин қариндошининг ўғлига унаштириб, уч ойдан сўнг турмушга узатиб юборибди. Тўйга кетган харажатларга ачинишдан ҳам кўра кўпроқ, қизнинг сепига йиғган идиш-товоқлари, қимматбаҳо матолари ва тақинчоқлари ҳақида ғурурланиб гапирди:
“Хўжайиним билан 10 йилдан бери йиғиб юрган пулларимиз бир кунлик тўй учун, ҳавога учгандек сарф бўлиб кетди. Ўзиям қизим ҳали бешикдалик вақтидан бери қўлимга каттароқ маблағ тушса, яхши ниятда бозорнинг олди нарсаларини сотиб олиб, сандиққа босаверган эканман. Тўй куни ҳамманинг, айниқса, қудаларимнинг оғзи очилиб қолди”. Охирги вақтлар ижтимоий тармоқларда кўп гувоҳ бўлганим – қизлар сарпосига китоб йиғиш ҳақидаги урф эсимга тушиб, холадан сўрасам, аввал мазза қилиб кулди, кейин жиддийлик билан қўшиб қўйди: “Китобдан нима фойда, ҳозирги замонда обрў жавондаги китобларга эмас, чет элнинг асл мебелларига қараб топилади, қизим!”
Ўйлаб қаралса, бу гапларда ҳақиқат бордек, аммо аёлга, айниқса, унинг ҳали оқ-қорани танимай туриб, оила қурган ёш қизига чин юракдан ачиндим. Ҳамма ҳам бундай фикрламаслигини ўйлаб, таскин топгандек бўлдим. Масалан, орамизда айрим ёш оналар қизларининг келажаги учун сарподан ҳам қимматли совғалар тайёрлашнинг уддасидан чиқишяпти:
МУТЛАҚО ҚАРШИМАН…
Дурдона ТУРСУНОВА, тарих фани ўқитувчиси, икки нафар қиз фарзанднинг онаси:
– Яқинда интернет тармоғида бир психогенетикнинг фикрини ўқиб қолдим: “Фарзандларимиз – бизнинг натижамиз,” – дебди олим. Келажакдаги натижам – қизларимнинг каттаси 12 ёшга тўляпти, лекин сарпо йиғиш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Ҳозир фикр-у хаёлим фақат бир нарсада, “Мактабни битиргач, қайси университет талабаси бўлар экан?” “Имтиҳонлардан ўтишга, касб-ҳунар эгаллашга илми, кучи етармикан?” – деб кўп қайғураман, дуоларимда қизларимнинг илми меникидан ҳам зиёда бўлишини сўрайман.
Атрофимдаги мен билан тенгдош, қиз фарзанд ўстираётган айрим дугоналаримнинг хатти-ҳаракатлари ғашимга ҳам тегади. Улар боласини чиройли кийинтиради, кўнгли тусаган овқатни пишириб, хоҳлаган жойига олиб боради, аммо бу ғамхўрликлар билим борасида камроқ. Улар қўлига яхшироқ пул тушса, қизининг сепига мол харид қилишади. Ахир, қиз боланинг тарбияси, билими ҳар қандай сарподан устун туради-ку?!
Менимча, энг тўғри йўл – ойлик маошимиз, қўшимча даромадимиздан пул ажратиб, қизларимизни ўқув марказларига, тўгарак машғулотларига беришимиз, тил ўрганиш, замонавий келажак касбларини эгаллашга жалб қилишимиздир. Эртага миллатни тарбиялашда бўлажак оналарга бизнинг сарполаримиз эмас, ёшлигидан берган гўзал тарбиямиз, билимимиз ёрдам беради.
“Қуш уясида кўрганини қилади.” Бугун қизим “Руҳий тарбия” китобини ўқиб чиқиш менинг баҳорги режамда борлигини билгач, ўзи ҳам бир нечта китобни ўқиш ниятида эканини айтди. Агар мен унга “янги кўйлак сотиб олмоқчиман ёки дугоналарим билан ресторанда овқатланмоқчиман,” – десам, у ҳам аниқ менга эргашар эди. Ҳа, фарзандларимиз – бизнинг натижамиз!
ҚИЗЛАРИМИЗ НИМА ДEЙДИ?
Муҳайё ЖАББОРОВА, 24 ёш, китобхон.
“Қиз боланинг ўзида илмга, китобхонликка интилиш бўлса, ҳеч нарса унга тўсиқ бўлолмайди. Масалан, менинг китоб харид қилишга ўчлигимга оиламдагилар доим ҳам хайрихоҳлик билдиришмайди, бироқ, ойлигимдан йиғиб ёки бирор нима сотиб олишдан кечиб бўлса ҳам, ўзимни қизиқтирган китобларни сотиб оламан. Китоб ўқиш давомида ҳар сафар янги билимларни эгаллаш ва фикрлаш доирамни кенгайтиришдан оладиган завқни янги кўйлак ёки қимматбаҳо телефондан топа олмасам керак. Анчагина бойиб қолган китоб жавонимдаги севимли асарларимни, келажакда турмушга чиқсам, ўзим билан олиб кетиш ниятим бор. Китоб ўқишни, шунчаки, севаман! Келажакда фарзандли бўлсам, уларга ҳам ўқиб беришни, китобга, илмга чанқоқ қилиб тарбиялашни хоҳлайман!”
Хулоса эмас, хуллас…
Ҳар биримизга Яратган тафаккур қилиш, мустақил фикрлашдек неъмат ато этган. Шундай экан, жамиятнинг энг оғриқли нуқтасига айланган бу мавзудан хулоса чиқаришни яна ўзингизга қолдирамиз! Аммо унутманг! Қиз бола бир оиланинг эмас, бутун миллатнинг юзидир, «юзингиз» доим «ёруғ» бўлишини истасангиз, тез-тез «кўзгу»га боқиб, ўзингизни четдан кузатишни канда қилманг.
Зиёда РАҲИМБОЕВА тайёрлади.