«ОЛТИДАН ЙИҒСА – ОРТАДИ, ЕТТИДАН ЙИҒСА – ЕТАДИ»

Ўзбек хонадонида дунёга келган қизнинг сепи учун сандиққа кийим-кечак, идиш-товоқ, пул йиғишга ишора қилув­чи бу халқ мақоли қандай пайдо бўлган?

Фарзанди бахт-у камолини кўриш орзуси халқимизга хос. Бироқ бу «йиғ-тер»лар, ҳашамат фақат фарзанд келажаги учун эмас, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар олдида уялиб қолмаслик, керак бўлса, ўзини кўрсатиб қўйиш учун қилинаётганини ҳам инкор эта олмаймиз.  Ҳақли савол: биз нега “Қизим катта бўлганда ўқийди,” – деб китоб, “Ўқишга кирса, керак бўлади,” – деб қўшимча маблағ жамғариб қўймаймиз? Болалик чоғиданоқ китоб тўла жавон эмас, келинлик сарполари билан тўлган сандиқларни кўриб улғайган қиз келажакда илмга интилармикан?..

Сиз ҳавас қиладиган Амери­када…

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишон­манг, “Уй бекаси” деган «ла­возим» йўқ! Чунки, америка­ликларда, биз ота-она ҳақидаги маълумотномани тўлдира туриб, онасининг “иш жойи”га бемалол ёзиб қўядиган – “уй бекаси” деган тушунча, термин мав­жуд эмас. АҚШлик “бизнес вумен”ларга кўпчилик ҳавас билан қарайди. Аммо, ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши биладиган, шахсий машина­си, иш жойи, даромадига эга аёл бўлиш учун баъзилар ҳали-ҳануз қандай стереотипни парчалаши кераклиги ҳақида бир қарорга кела олмаётгани, турли сабаблар билан ўзини овутиб юргани ачинарли! Майли, ҳамманинг ҳам давлат идораларида ишлашга, тадбир­корлик қилишга имконияти йўқдир, аммо билим олиш масаласичи? “Ўқиганим билан, турмуш ўртоғим ишлашимга рухсат бермайди!” ёки “Эримнинг топ­ганига қаноат қилмоқчиман,” – деган баҳона наҳотки ўзбек аёли учун фазилат бўлса?!

ДИПЛОМИМ БОР, АММО ИШЛАМАЙМАН…

Японияликлардан нафақат ўзбек, балки, бутун дунё аёллари ўрнак олсалар арзийди. Таълим тизими жиҳатидан етакчиликни қўлдан бермай келаётган кунчиқар мам­лакатда мактаб ёки коллежни тамомлаган қизларнинг  деярли 100%и олий таълимни давом эттиради. Бироқ, ҳайратланарли жиҳати шун­даки, олий маълумотли аёлларнинг бор-йўғи 30%га яқини ўз соҳаси бўйича карьера қилар экан. Бир неча йил меҳнат, маб­лағ ва вақт сарф этиб ўқисанг-у, ишламасанг – сал ғалати туюли­ши мумкин. Бунга япония­ликлар шундай жавоб беришар экан: “Бизда олий таълим олаёт­ган аёл-қизларнинг онгида ке­лажакда ишлаш, муваффақиятли карьера эмас, кўпроқ бўла­жак она, миллат тарбиячиси сифатидаги масъулият ҳисси устун туради. Яъни ҳар бир япон қизи келажакда оила қургач, фарзан­дини тўғри ва чиройли тарбиялаб, бирор мавзуда савол берганда, уни қониқтирадиган жавоб билан ўз билимларини бўлишиш ҳақида кўпроқ қайғуради”. Шу ўй уларни – кучли миллат тарбиялашни ният қилган қизларни кўпроқ ўқиш, ўз усти­да изланишга чорлаб турса, не ажаб?!

Бугун жамоат жойлари, метро, автобус ёки овқатланиш мас­канларида, ўқув даргоҳлари­да аксарият ёш қиз-жувонлар суҳбат мавзусига эътибор берсангиз, суҳбатнинг асосий мавзуси кимнинг тўйи қайси ресторанда бўлгани-ю, келин тўй кўйлагини қайси салондан танлагани бўлади. Яна мебель, идиш-товоқ, сервантлар… Куни кеча бир аёл билан суҳ­батлашиб қолдим, мен билан тенгдош – 18 ёш қизини мак­табни битирган заҳоти яқин қа­риндошининг ўғлига унаштириб, уч ойдан сўнг турмушга узатиб юборибди. Тўйга кетган харажатларга ачинишдан ҳам кўра кўпроқ, қизнинг сепига йиғган идиш-товоқлари, қиммат­баҳо матолари ва тақинчоқлари ҳақида ғурурланиб гапирди:

“Хўжайиним билан 10 йилдан бери йиғиб юрган пулларимиз бир кунлик тўй учун, ҳавога уч­гандек сарф бўлиб кетди. Ўзиям қизим ҳали бешикдалик вақтидан бери қўлимга каттароқ маб­лағ тушса, яхши ниятда бо­зорнинг олди нарсаларини сотиб олиб, сандиққа босаверган экан­ман. Тўй куни ҳамманинг, айниқса, қудаларимнинг оғзи очилиб қолди”.  Охирги вақтлар ижтимоий тармоқларда кўп гувоҳ бўлганим – қизлар сарпосига ки­тоб йиғиш ҳақидаги урф эсимга тушиб, холадан сўрасам, аввал мазза қилиб кулди, кейин жиддийлик билан қўшиб қўйди: “Китобдан нима фойда, ҳо­зирги замонда обрў жавондаги китобларга эмас, чет элнинг асл мебелларига қараб топилади, қизим!”

Ўйлаб қаралса, бу гапларда ҳақиқат бордек, аммо аёлга, айниқса, унинг ҳали оқ-қорани танимай туриб, оила қурган ёш қизига чин юракдан ачиндим. Ҳамма ҳам бундай фикрламаслигини ўйлаб, таскин топган­дек бўлдим. Масалан, орамизда айрим ёш оналар қизларининг келажаги учун сарподан ҳам қимматли совғалар тайёрлашнинг уддаси­дан чиқишяпти:

МУТЛАҚО ҚАРШИМАН…

Дурдона ТУРСУНОВА, тарих фани ўқитувчиси, икки нафар қиз фарзанднинг онаси:

– Яқинда интернет тар­моғида бир психогенетикнинг фикрини ўқиб қолдим: “Фарзандларимиз бизнинг натижамиз,” – дебди олим. Келажакдаги нати­жам – қизларимнинг каттаси 12 ёшга тўляпти, лекин сарпо йиғиш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Ҳозир фикр-у хаёлим фақат бир нарса­да, “Мактабни битиргач, қайси университет талабаси бўлар экан?” “Имтиҳонлардан ўтишга, касб-ҳунар эгаллашга илми, кучи етармикан?” – деб кўп қайғураман, дуоларимда қизларимнинг илми меникидан ҳам зиёда бўлишини сўрайман.

Атрофимдаги мен билан тенг­дош, қиз фарзанд ўстираётган айрим дугоналаримнинг хат­ти-ҳаракатлари ғашимга ҳам тегади. Улар боласини чиройли ки­йинтиради, кўнгли тусаган овқатни пишириб, хоҳлаган жойига олиб боради, аммо бу ғамхўрликлар билим борасида камроқ. Улар қўлига яхшироқ пул тушса, қизининг сепига мол харид қили­шади. Ахир, қиз боланинг тарбия­си, билими ҳар қандай сарподан устун туради-ку?!

Менимча, энг тўғри йўл – ойлик маошимиз, қўшимча даромадимиздан пул ажратиб, қизларимизни ўқув марказларига, тўгарак машғулотларига беришимиз, тил ўрганиш, замонавий келажак касбларини эгаллашга жалб қилишимиздир. Эртага миллатни тарбиялашда бўлажак оналар­га бизнинг сарполаримиз эмас, ёшлигидан берган гўзал тар­биямиз, билимимиз ёрдам бе­ради.

“Қуш уясида кўргани­ни қилади.” Бугун қизим “Руҳий тарбия” китобини ўқиб чиқиш менинг баҳорги режамда борлигини билгач, ўзи ҳам бир неч­та китобни ўқиш ниятида экани­ни айтди. Агар мен унга “янги кўйлак сотиб олмоқчиман ёки дугоналарим билан ресторанда овқатланмоқчиман,” – десам, у ҳам аниқ менга эргашар эди. Ҳа, фарзандларимиз – бизнинг натижамиз!

ҚИЗЛАРИМИЗ НИМА ДEЙДИ?

 Муҳайё ЖАББОРОВА, 24 ёш, китобхон.

“Қиз боланинг ўзида илмга, ки­тобхонликка интилиш бўлса, ҳеч нарса унга тўсиқ бўлолмайди. Масалан, менинг китоб харид қилишга ўчлигимга оиламдагилар доим ҳам хайрихоҳлик билдиришмайди, бироқ, ойлигим­дан йиғиб ёки бирор нима со­тиб олишдан кечиб бўлса ҳам, ўзимни қизиқтирган китоблар­ни сотиб оламан. Китоб ўқиш давомида ҳар сафар янги билимларни эгаллаш ва фикрлаш доирамни кенгайтиришдан оладиган завқни янги кўйлак ёки қимматбаҳо телефондан топа олмасам керак. Анчагина бойиб қолган китоб жавонимда­ги севимли асарларимни, келажак­да турмушга чиқсам, ўзим билан олиб кетиш ниятим бор. Китоб ўқишни, шунчаки, севаман! Келажакда фарзандли бўлсам, уларга ҳам ўқиб беришни, китобга, илмга чанқоқ қилиб тарбиялашни хоҳлайман!”

Хулоса эмас, хуллас…

Ҳар биримизга Яратган та­факкур қилиш, мустақил фикрлаш­дек неъмат ато этган. Шун­дай экан, жамиятнинг энг оғриқли нуқтасига айланган бу мавзудан хулоса чиқаришни яна ўзингизга қолдирамиз! Аммо унутманг! Қиз бола бир оиланинг эмас, бутун миллатнинг юзидир, «юзингиз» доим «ёруғ» бўлишини истасангиз, тез-тез «кўзгу»га боқиб, ўзингизни четдан кузатишни канда қилманг.

Зиёда РАҲИМБОЕВА тайёрлади.