Ҳолдан тойишни англатувчи 10 белги

Мотивацияни йўқотишдан тортиб, ортиқча вайсақиликкача

2019-йилда ЖССТ психологлар томонидан анчадан бери муҳокама қилиб келинаётган «касбга доир ҳиссий чарчоқ синдромини» Касалликларнинг халқаро таснифига киритди. ЖССТ ҳалигача чарчоқни тиббий эмас, балки ҳиссий ҳолат деб ҳисоблайди. Ушбу синдромнинг ривожланиши — ишда ёки ҳаётнинг бошқа соҳаларида рўй берадиган сурункали стресс натижасидир. Ҳолдан тойиш соғлиққа жиддий зарар етказиши мумкин, ҳатто 2-турдаги қандли диабет, юрак-қон томир ёки мушак касалликларига олиб келиши, овқат ҳазм қилиш трактида муаммоларни қўзғатиши, бош оғриғи, уйқусизлик, тушкунлик каби турли клиник ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан, «ёниб ишлаш» самарали ва илҳомбахш меҳнатнинг шоирона ифодаси эмас, балки вақтида аниқлаш ва олдини олиш зарур бўлган жиддий касалликдир.

Касбий чарчоқнинг турлари кўп. АҚШнинг Mayo клиникаси мутахассислари ушбу турлар сифатида, ишдан нимани кутишни билмаслик, тезкор ва тартибсиз жадвал, ижтимоий ҳимоянинг етишмаслиги ва компания ичкарисидаги заҳарли муҳит, мунтазам қайта ишлаш, ўз касбий фаолиятини назорат қила олмаслик каби омилларни ажратиб кўрсатишади. Яъни йирик корпорациянинг оддий бир ходимида бўладиган ҳолатлар жамланмаси. «Аммо шуни унутмаслик керак, ушбу белгиларнинг барчаси кузатилган тақдирда ҳам, синдром пайдо бўлавермайди, балки улар шунчаки стресс омиллари бўлиши мумкин. Ҳолдан тойиш эса улар олдидаги мағлубиятимиз, уларга қарши курашдаги муваффақиятсиз уринишларимиз натижаси», — дейди клиник психолог, психотерапевт ва  YouTalk психологик ёрдам онлайн хизмати бош директори Анна Кримская. Биз хавотирга арзийдиган ўнта симптомларни йиғдиқ. Улар организмнинг стрессга қарши курашишда ҳолдан тойганлигини, яʼни чарчоқ бошланганини билдиради.

  1. Доимо чарчоқ сезасиз

Доимий чарчоқ, руҳий ва жисмоний кучсизлик белгилари организмда умуман куч қолмаганини билдиради. Сурункали стресс биздаги қувватни ютиб юборади, қарабсизки, тана ҳар доим ишга яроқсиз бўлиб қолаверади. Агар мириқиб ухлагандан кейин, дам олиш кунлари ёки бир ҳафталик таʼтилдан сўнг ҳам чарчоқни сезсангиз, бу бевосита ҳолдан тойиш ёки бошқа хавфли ҳолатларнинг белгиси саналади. Шундай экан, сурункали чарчоқда шифокорга мурожаат қилиш керак.

  1. Диққатни жамлай олмайсиз

Диққатни жамлаш бобидаги қобилиятингизни текшириш қийин эмас: масалан, ярим йил олдин ишдаги вазифаларни қандай ҳал қилиб юрганингизни ҳозирги ишларингиз билан солиштиринг. Яна бир йўл — эътибор жамлашни талаб қиладиган помидор усулидан фойдаланиш. Уйғотгични 25 дақиқага қўйинг ва вазифани бажаришга тушинг. Агар қисқа вақтга бўлса ҳам диққатни жамлай олмасангиз, демак, сизда чарчоқ синдроми бошланган. Бу эслаб қолиш ва таълим олишга доир муаммоларга ҳам тегишли.

  1. Ишлаш фаолиятингиз ёмонлашди

Ушбу симптом замирида, стресснинг чарчоқдан асосий ташқи фарқи намоён бўлган. Биринчи ҳолатда сиз имкониятларингиз чегарасида ишлаётган бўласиз ва хатолар ҳамда омадсизликларга ёниб турган дедлайн, мураккаб вазифалар сингари ишдаги вазиятларни сабаб қилиш мумкин. Ҳолдан тойганда, олдингига қараганда, иш самарадорлигингиз пасаяди. Ғояларингиз унча қўллаб-қувватланмайди, лойиҳаларингизни чала деб орқага қайтаришади — бу албатта ишчанликнинг пасайишини билдиради. Буни англайсизми ёки йўқ, аммо ҳолдан тойишда бу унчалик муҳим эмас.

  1. Қизиғи, сиз доимо банд бўласиз

Маълумки, доимий қайта ишлаш самарадорликни пасайтиради ва тушкунлик ҳолатларининг ривожланишига сабаб бўлади. Агар ишингиз бутун вақтингизни эгаллаб олганини сезсангиз, кечки соат ўндан кейин ҳам телефонда банд бўлсангиз, барча сафарларда компютерни олиб юрсангиз, романтик тушлик вақтида шефингизга смс хабар юборсангиз, ушбу жадалликни бироз пасайтиринг ва ҳеч бўлмаса минимал чегара белгиланг: бу каби фидокорлик фойда келтирмайди ва фақат соғлиққа зарар етказади.

  1. Асабийлашиб, ортиқча танқид қилаверасиз

Вақти-вақти билан салбий туйғуларни ҳис қилиш, пессимизмни намоён этиш, ҳамма нарсага жаҳл қилиш табиий ҳол. Аммо сўнгги вақтларда вайсақига айланган бўлсангиз (илгари бундай эмасдингиз), бир зум тўхтаб ўйлаб кўринг. Асабийлик ҳолатингиз сабабини изланг. Чиндан ҳам барча одамлар ёмонми, муҳит шунчалик заҳарлими, вазифалар уддалаб бўлмайдиган даражадами? Агар ҳа, деб жавоб берсангиз, ишингизни алмаштиринг. Балки бу фақат сизнинг тасаввурингиздир, эртага жаҳлдан тушиб, фикрингиз ўзгариши ҳам мумкин.

  1. Янги вазифани бошлаш қийин

Мотивациянинг йўқлиги — ҳолдан тойишнинг даракчиси. У янги лойиҳаларни бошлашни истамаслик ёки ишга боришни хоҳламаслик орқали намоён бўлади. Қизиқарли вазифаларни англаб бажариш ҳисси йўқолади. Ҳатто молиявий рағбат ёки хизмат пиллапояси бўйлаб кўтарилиш ҳам кўнгилни кўтармайди. Миянгиз ишни бошлаш кераклигини тушуниб туради, аммо танангиз бунга бўйсунмайди. Мотиватсион чарчоқ — КХТ тавсифида тасвирланган ҳолдан тойиш белгиларидан бири, у касбий вазифалардан узоқлашишга сабаб бўлади, мағлубият ва ғалабаларга бефарқлик кузатилади.

  1. Бажарган ишингиз хурсандчилик бағишламайди

Ички “овоз”нинг йўқолиши, айнан у ишдан мамнунликни пайдо қилади. Бу овоз йўқолганда, ҳолдан тойиш қандай рўй беришини америкалик ссенарий муаллифи ва продюсер Шонда Раймс  TED тадбиридаги чиқишида шундай таърифлаган эди: «Мотор овози ўчди. Ишимни яхши кўрмай қолдим. Ҳамон илгариги ишимни бажарардим, аммо овоз эшитилмасди. Ичимда тинчлик ҳукмронлик қиларди. Ранглар ўзгармаганди, аммо мен ортиқ мамнун эмасдим». Раймснинг мотори қандай ишга тушганини билишни истайсизми? У 15 соатли ишидан воз кечди, иш билан оила ўртасида мувозанатни тиклади.

  1. Ичкиликка мурожаат қилишни бошладингиз ва овқатланишингиз бузилди

Стресс оқибатида биз чарчоқни тез оладиган, лекин хавфли бўлган усулларга мурожаат қилишни яхши кўрамиз: масалан, ичкилик ичиш, тамаки чекиш, музқаймоқ ва пица ейиш. Афсуски, бундай тезкор қарор қимматга тушиши мумкин. Жанкфуд (калорияси йўқ емаклар) ёрдам бермайди, балки стрессга қарши курашишда танамизга халал беради. Спиртли ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш эса салбий оқибатларидан ташқари, уйқуни бузади. Ахир уйқу асосий қувват манбаимиз-ку.

  1. Соғлиғингиз ёмонлашди

Таомланиш сифати ёмонлашса ва зарарли одатлар пайдо бўлса, соғлиқда муаммо юзага келади. Сурункали стресс эса секин-аста организмни парчалай бошлайди. Қанчалик кўп унинг таъсирида бўлсангиз, шунчалик ўзингизни ёмон ҳис этасиз. Унинг белгилари қуйидагича: бел ва бўйиндаги оғриқ, овқат ҳазм қилишнинг бузилиши, юқори артерия қон босими, либидонинг сусайиши, ҳайз сиклининг бузилиши ва иммунитет фаолияти ўзгариши.

  1. Ўзингизга қарамай қўйдингиз

Бу ҳолдан тойишнинг энг хавотирли ва муҳим белгиси бўлиши мумкин. Стресс вазиятларида организмни парвариш қилиш керак, жисмонан ва руҳан. Аммо чарчоқ ҳолатида бунга куч қолмайди. Ушбу синдромдан азият чекувчи инсон, ўзига қарашнинг ўрнига сурункали чарчоққа эътибор бермайди, меъёридан ортиқ ишлайверади, уйқуга тўймайди, дам олмайди, стрессни эса зарарли овқат билан енгишга ҳаракат қилади. Анна Кримская шундай тавсия қилади: «Ҳолдан тойишни тўхтатиш ёки олдини олиш учун, ўзингиз учун вақт ажратинг: уйқу режимини тикланг, мунтазам жисмоний юкламаларни бажаринг (масалан, сайр қилинг), севимли инсонларингизга вақт ажратинг, тинчлантирувчи ва ёқимли машғулот топинг, ёга ёки медитатсияни синаб кўринг — бу усуллар стрессга қарши курашда самарали». Агар ёлғиз ўзингиз уддалай олмасангиз, психотерапевт ёрдамига шошилинг.

Manba: https://www.wonderzine.com/wonderzine/health/wellness/245143-burnout-checklist