Нима учун психолог ва психотеропевтлар аниқ маслаҳатлар бермайди?

Ҳаммамиз ҳам психолог ёки психотеропевтга мурожаат қилавермаймиз. Мурожаат қилган тақдирда айримларимизнинг биринчи учрашувдаёқ ҳафсаламиз пир бўлиб қайтамиз. Шифокордан аниқ жавоб олишни истаймиз. Нима учун муаммоларимизни хал қилувчи аниқ жавоблар мавжуд эмас?

Бир ўқишданоқ ҳамма муаммолар ечимини кўрсатиб берувчи китоб бўлса ажойиб бўлар эди-да! Лекин ҳар биримизнинг феълимиз ўзгача ва ўзимизга боғлиқ бўлган муаммолар бўлса, табиийки, бу китоб бизга тўғри келмайди. Мутахассис қабулига борганингизда сизни қийнаётган муаммо ҳақида гапирасиз, ундан қутилиш йўлини сўрайсиз-у, у сизга саволлар бераверади. Энг қизиғи, нима хоҳлаётганингизни ўзингиздан сўрайди!

Психотерапевт ҳам сиз ва мен каби оддий одамдир, фақат у бизнинг муаммоларимизни четдан назар солган ҳолда илмий баҳо бера оладиган инсондир. Айтганча сизнинг муаммоингизни тушуниши учун у ҳам сиз каби ажрашган, ота-онасидан айрилиб қолган, рухий тушкунликка тушиб кўрган бўлиш шарт эмас.

Психотерапевт ҳузурига бориб даволаниш – сиз ўз устингизда ўзингиз ишлашингиз керак дегани, агар ўзингиз даволанишни истамасангиз, психотерапевт сизга ҳеч қандай ёрдам бера олмайди.

Айнан ўзимиз қабул қилган қарор орқали муаммони тугатамиз ва яна олға ҳаракат қиламиз

Психотерапевт сеҳргар эмаски, сизнинг муаммоингизни бир пастда йўқ қилиб берса, у сизга фақат муаммодан қутилиш йўлларини кўрсатади, холос, сиз эса ўша кўрсатилган йўлдан юришга ўзингизда куч топа билишингиз керак. Ўзингиздан бошқа ҳеч ким сизга нима яхши бўлишини билмайди, сиз ўша йўлни кўра билмайсиз, холос.

Дейлик, сизни даволовчи психотерапевт атеист (худосиз) ва сизга Аллоҳ йўқ, унга ишонма деса айтганини сўзсиз бажарармидингиз? Ёки бўлмаса оилангизни сақлаб қолиш ҳақида маслаҳат сураб келганда, у сизга: «Оила нимага керак, ундан кўра бор, даврингни сур!» деса сиз шартта оилангизни ташлаб ўйин-кулгуга берилиб кетмасангиз керак? Айрим ҳолатларда мижоз бир дард билан келади-ю суҳбатлашиш жараёнида муаммонинг оғриқли нуқтаси мутлақо бошқа жойда ва биз уни ич-ичимиздан тан олишни истамаймиз, ҳаттоки қўрқамиз.

Шундай қилиб юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, инсон муаммоларни ўзи яратади, шу билан бирга уларнинг ечими ҳам ўзининг қўлида. Психотерапевт фақатгина бир йўл кўрсатувчидир.