Оналар қизларини мулойим, бўйсинувчан қилиб ўстиришга ҳаракат қилади. “Ўзинг учун кураш, сенга қўполлик қилишса, индамай турма, ўзингни ҳимоя қил”, деган тарбия асло берилмайди. Тўғри, қизларни нозик ва мулойим қилиб ўстириш ёмон эмас, аммо ўзларини ҳимоя қилишга ўргатмаслик ҳам бироз хато ҳисобланади. Хўш, бўйин эгиб турган қиз келажакда ҳар қандай зўравонликка муносиб қаршилик кўрсата оладими? Зеро ҳеч бир инсон салбий ҳодисалардан суғурталанмаган.
Афсуски момоларимиз азал-азалдан эркакка ўхшаб кўринма, аёллигинг устун турсин, дея кўпчилигимизни ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилиш тизимидан маҳрум қилиб қўйган. Бу анъана асрлар оша давом этиб келади. Натижада қиз боланинг онгида зўравонга нисбатан тезкорлик билан қаршилик кўрсатиш керак деган тушунча шаклланмайди.
Ўсмир қизингиз билан меҳмонга борганингизда, сиз дугонангиз билан соатлаб гапга берилиб кетасиз. Қизингизга эса қўшни хонада нияти бузуқ мезбон “гап отиши”, ҳатто зўравонлик қилиши ҳам ҳеч гап эмас. Ёки бўй етиб қолган қизингизни тенгдошлари билан кечки базмга юборсангизу, у ерда кутилмаган шилқимлик вазиятларига дуч келса. Бундай вазиятда у ўзини йўқотиб қўяди, чунки қизингиз ўзини ҳимоя қилишни ўрганмаган. Хуллас бу каби ҳолатларни кўплаб келтириш мумкин. Хавф ҳар томонда бўлади ва уларнинг ҳаммасидан биз қиз фарзандларимизни тўлиқ ҳимоя олмаймиз. Шунинг учун унинг тарбиясига қатъиятлилик, курашувчанлик, ўз сўзини айта олиш, хавф келса, қараб турмаслик, деган тушунчаларни сингдиришимиз лозим.
Статистика
Дунёдаги 44% аёлга ҳаётида бир марта бўлса ҳам эркаклар тегажоқлик килади. 20% и эса жинсий зўравонликка учрайди. 50% ҳолатларда бу зўравонликни бегона эмас, балки айнан танишлар амалга оширади.
Қиз бола тарбиясидаги хатоликлар
1. “Амакингни бир ўпиб қўй, қизим”.
Бу билан ихтиёринг ўзингда эмас, мажбурсан, деган ўгитни берамиз. Сени қабул қилишлари учун ўша инсон ёқмаса ҳам, унга кулишга ва яхши муносабат қилишга ҳаракат қил. Шу тариқа қизлар эркакларнинг зўравонлиги олдида ожиз бўлиб улғаяди.
2. “У сени хафа қилмоқчи эмасди. Ўйинчоқларингни бер”.
Яхши қиз фақат ижобий иш қилиши керак. Бу худди сенга тош отганга, сен пахта от, деган мақолга ўхшайди. Таҳдид бўлса ҳам, индама, сени хафа қилганга қўполлик қилма. Яхши қизлар жаҳл қилмайди. Бундай гаплардан кейин қизлар асабийликларини дардга алмаштиради ва ўз оламига кириб кетади. Ўз манфаатини бировникидан устун қўёлмайди.
Ота-оналарга яна бир жуфт саволимиз бор.
– Мабодо қизингиз зўравонликка учраса, у сизга бу ҳақда очиқчасига гапириб бера оладими?
– Салбий вазиятда у ўзидаги айбдорлик ҳиссидан халос бўла оладими?
Энди бизни диққат билан тингланг
Аслида қиз болага мана бу тарбияни ҳам бериш керак:
“Сенга ким ёқмаяпти, қариндошимиз бўлса ҳам майли, очиқчасига айт. Сени эшитишга тайёрман ва устингдан асло кулмайман. Мен учун сенинг хавфсизлигинг биринчи ўринда”.
Манба: https://www.psychologies.ru/articles/kak-myi-vospityivaem-docherey-bessilnyimi-pered-mujskim-nasiliem/