БУЛЛИНГ ЁҲУД МАКТАБДАГИ ЗЎРАВОНЛИК

Буллинг ёки бошқача айтганда, бир бола томонидан иккинчисининг камситилиши. ЖССТ маълумотларига кўра, Россия давлатининг ўзида 11 ёшдаги 44% бола ва 15 ёшдаги 27% бола камситилиш объектига айланади. 42% ўқувчилар ўзлари буллинг билан шуғулланганини тан олса, улардан 20% и буни мунтазам бажарганини айтади.

Бошланғич мактабда катта синф болалари кичик синф тарбияланувчиларини ҳақорат қилади, камситади. Баъзида турли нарсаларини олиб қўяди. 11-15 ёшли болалар орасида ғийбат, ҳазиломуз камситишлар, яккалаш кўп учрайди. Бу каби ҳужумларга учраган болалар ёлғизлик, иложсизлик, дард ҳиссини туяди.
Буллинг қуйидаги белгилар орқали намоён бўлади:
Таҳдид қилувчи ва қурбон ўртасидаги нотенглик.
Зўравонликнинг такрорланиши.
Қурбоннинг кучли ҳаяжонланиши.

Ким биринчи бўлиб бошлайди?
Мавқеини мустаҳкамлашни истовчи, фойда кўришни кўзлаган ёки шунчаки кўнгилхушлик қилишни хоҳлаган бола. Қолган тенгдошлар эса буллер ҳаракатини кузатиб туради, турли муносабат билдиради. Қурбон қаршилик кўрсатмаётганини кўргач эса, улардан баъзилари ёрдам беришни истайди, бошқалари бефарқ бўлади ва бир тоифаси асабийлашади. Камситиш, ҳақорат, таъмагарлик каби ҳаракатлар кўпроқ хафсаласи пир бўлган, талаблари етарли даражада қондирилмаган, умумий инсонийлик қадриятлар руҳида тарбия топмаётган болалар ўқийдиган мактабларда кўпроқ учрайди.

Ким қурбонга айланади?
Ҳар қандай ўқувчи, ўзини “ғалати тутадиган” ёки ноодатий кийинадиган, қаршилик кўрсатолмайдиган, кучли ҳаяжонланадиган болалар. Кўпинча буллинг қурбони синфдаги бошқа тенгдошларидан ажралиб турадиган бола бўлади. Гоҳида устозлар ҳам беихтиёр буллинг сабабчиси бўлиб қолади. Яъни маълум бир ўқувчисини ҳамманинг олдида камситиб, улар буллингчиларга шароит яратиб беради.

Буллер ким?
Бу болалар тақиқларсиз улғаяди, лекин шунинг билан бирга эътиборга муҳтож бўлади. Эътибор етишмаслиги уларда тажовузкорлик ҳиссини уйғотади. Ота-онаси олдида чиқаролмаган салбий ҳиссиётларини тенгдошларига кўрсатади. Улар ўз “мен”ини исботлаш учун бировлардан устун бўлишни истайди.

Болангиз буллерми ёки буллер эмас?
Худбинлик, ҳар жабҳада энг сарасини олиш ва бунинг учун хижолат тортмаслик каби хислатлар зўравонлик хусусиятини келтириб чиқариши мумкин. Баъзида буллер болаларнинг ота-онаси ҳам жуда худбин одамлар бўлиб чиқади. Олимларнинг айтишича, буллернинг 50% и оиласида камситилиш қурбони бўлиб яшайди.

Ўқитувчига кўрсатма
Айбдорни изламанг, аксинча қурбон болага нисбатан синфдошларининг меҳрини уйғотинг. Камситилган боланинг ҳолатини тушунтириб беринг, бошқа болаларнинг раҳми келсин, уларга хафа бўлган тенгдошини қўллаб-қуватлаш йўлларини кўрсатинг, болаларнинг ўзидан ечим топишларини сўранг. Жараёнга киришиб кетган болалар ўзаро низоларни унутиб, қайта дўстлашиб олади.

#SukutSaqlama # СукутСақлама #ЗўравонликкаЙўқДеймиз