Нархи қанча маҳрнинг, айтинг…

Яқинда бир даврада бўлдим. Аёллар даврасида. Одатда бундай давраларда суҳбат мавзуси тўй, сеп, тоғора, қозон-товоқ кабилардан ортмагани учун менга унча қизиқ бўлмайди. Бу каби даврадан туриб кетиш имкони бўлмаса, ўша ердаги вақтимни, шунчаки, аёллар психикасини ўрганишга сарф этиб, кузатиб ўтираман.

Бироқ, бу галги суҳбат бошқача бўлди. Гап айланиб маҳр мавзусига тақалди.

Таъкидлаб ўтай, даврада мендан ташқари ўн тўрт нафар аёл бўлиб, барчаси ўзини муслима атайдиган, улар улғайган оила ҳам, келин бўлиб тушган хонадон аҳли ҳам, уларнинг турмуш ўртоғи ҳам — ҳаммаси ўзини мусулмонлардан деб билади.

Қизиғи мусулмон оилаларнинг келинлари, мусулмон кишиларнинг рафиқаси, ўзи муслима бўлган бу ўн тўрт аёлдан фақатгина биттаси маҳрига нима олишини ўзи белгилаган ва ўша истаганини қўлига ўзи бемалол тасарруф қилиши мумкин бўлган мулк ўлароқ топширишган. Тўғри, сўрагани нотариус орқали тасдиқлатиб, номига ўтказиб бериладиган каттароқ нарса эмас, шунчаки қимматбаҳо тақинчоқ бўлса ҳам, ўша тақинчоқни унинг қўлига тутқазаётиб: «Бу сизни маҳр ҳақингиз, уни нима қилиш сизнинг ихтиёрингизда. Хоҳласангиз, сотиб, пулини ишлатинг, истасангиз, тақиб юринг, хоҳланг, бировга ҳадя қилинг, истанг, садақа қилиб, бирор муҳтожга бериб юборинг», — деб айтишган ва мана ўн саккиз йилдирки, ўша ўзлари айтган сўзларнинг исботи ўлароқ, ҳеч ким тақинчоқ тақдири билан қизиқмаган.

Аёллардан яна бирининг айтишича, куёв томон никоҳ узугини маҳр атаб, бир ўқ билан икки қуённи урган.

Яна бирининг келин бўлиб тушаётган бир уй-бир дахлиз хонани маҳрига бердик дейишган, бироқ мана, ўн беш йил бўлибдики, ўша ўзининг маҳрига берилган хонанинг бирида икки боласи билан эрдан ажраган қайгсинглиси яшар, икки хона бир-бирига уйқаш бўлгани учун, иккинчисида ҳам ўзи лоақал бирор соат эркин нафас ололмасмиш.

Бир нечта аёл ўша пайт ёш бўлгани, ҳаяжонда бўлганини айта туриб, аттанг қилади. Маҳрга нима аташганини ҳам эслай олмас эмиш. Ўша пайт нимадир айтилгандир, бироқ тўйдан кейин ҳеч ким менга, мана шу нарса сени маҳр ҳақинг эди, демаганам, дейишди.

Яна бир аёлнинг ҳикояси антиқа бўлди. Ўша даврадаги аёллар орасида айнан шу аёлнинг оиласи(тушган оиласи) эл орасида диндорлиги билан ҳурмат қозонган оилалардан.

Бу аёл ҳам турмушга чиқаётган пайти маҳр ҳақида билимлари тўлиқ бўлмаган, лекин маҳрга алоқадор айрим гаплар қулоғига чалинган бўлган. У билан ҳам ҳеч ким никоҳгача маҳр ҳақида гаплашмаган. Фақат никоҳ ўқилаётган маҳал, домланинг «Маҳрга нима аталди» сўроғига жавобан, куёв билан биргаликда келган амма: «Палон жойдаги 12 сотихли ҳовли, у ерга қурилган уч хонали уй» — деб жавоб берган. Келин ёпинчиқда, бош эгиб, ҳаяжонда ўтирган бўлишига қарамай, бу гапни яхши эслаб қолган.

Орадан бир неча йил ўтиб, алоҳида кўчиб чиққан ёш оила моддий жиҳатдан бироз қийинчиликка йўлиқади. Ўша пайт келин кутилмаганда маҳрига аталган ўша ер участкасини ёдга олади. Ёшлар қайнона-қайнотага бор гапни айтишганда, катталар бу гапларга жаҳл қилиб, келин уялмайдими, маҳри ўрнига бошқа уй-жой қилдиларинг-ку қабилида жавоб қайтаради.

Боз устига 12 сотихли ўша ернинг устига уч хонали уй қурилган 6 сотих қисми, қайнаканинг номига расмийлаштирилган бўлиб чиқади. Бир қанча гап-сўзлардан кейин бўш турган 6 сотих қисм ҳужжатлари ёшларга топширилиб, сотишга рухсат берилади. Лекин сотилган пулни саккиздан беш қисмини қайнота олиб қўяди.

Табиийки, арзимаган пул уларнинг моддий эҳтиёжини ҳам қопламайди, маҳр ҳақи эгасига топширилган ҳам бўлиб қолади. Бу воқеаларни эслар экан, ўша келин умри мобайнида бир неча бор моддий қийинчилик бўлиб, маҳрим қўлимда бўлганида ишлатардим, деб ўкинганини ва ўз ҳақини, албатта, қиёматда ундиришга аҳд қилгани ҳақида турмуш ўртоғига билдирганини айтади. Турмуш ўртоғи эса, вақт бер, албатта, ҳақингни бераман, деганини ҳам айтиб ўтади.

Албатта, бир даврада йиғилиб қолган ўн тўрт нафар аёл ҳеч қандай ижтимоий эксперимент иштирокчиси эмас. Уларга қараб хулоса қилиб бўлмайди, дерсиз.

Бу борада ижтимоий сўровномалар ўтказилиб, статистика йиғилганидан ҳам бехабарман.

Бироқ, шу воқеадан кейин ўзим танийдиган бир нечта аёллардан маҳр ҳақида сўрадим ва ҳаммасидан юқоридаги сингари жавоблар олдим. Шу билан бирга, жамият фақат мен танийдиган аёллардан иборат эмаслигини ҳам яхши тушунаман.

Бироқ, қайнона-келин муносабатлари, келиннинг оиладаги турли-туман, катта-кичик вазифалари, зиммасига юклатилган, сўзсиз амал қилиши шарт бўлган ёзилмаган қонунларни четга суриб турганда ҳам, оддийгина маҳр ҳақига риоя қилинмаётганини ўзи, жамиятимизда аёлга муносабат қандай ҳолдалигини очиб бераётгандек туюлади.

Дўстлигимда бу каби ҳақлар жойига қўйиб адо қилиниб келинаётган оила вакиллари кўплаб топилишига ишончим комил. Шундайларга илтимосим, вазиятга ўзингиздан эмас, атрофингиздаги, бутун жамиятдаги ҳолатдан келиб чиқиб, муносабат билдирсангиз.

Ҳозир жуда кўпчилик ўзбекларда #суриш_керак истаги кучайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Хўш, нима сабабдан кўпчилик шундай кайфиятга тушиб қолди?

Сабаб фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилинмаётгани, жамиятда коррупция урчиб кетгани, инсонлар инсон бўлгани учун эмас, палончининг арзандаси бўлгани учун, писмадончининг югурдаги бўлгани учун қадр топаётган эмасми?

Демак, аёллар ҳам шунчаки аёл бўлгани учун, унинг инсоний фазилатлари учун эмас, сепи кўплиги, дадаси бойлиги, яхши пул топадиган касб эгаси бўлгани учун қадрланаётган жойдан безишини табиий қабул қилса бўлар экан-да… Шундай эмасми?

Заифа аёлларнинг маҳр ҳақига ҳиёнат қилишни ўзига эп билаётган бундай оилалар аёллари ундан кўраси ўзи ишлаб пул топиши, ишхонасида билими туфайли қадр топишига қизиқиш билан қарай бошлаши табиий ҳол эмасми?

Аёллик ҳақларига тўла риоя қилинган оила аёллари орасидан бу каби ўткинчи ҳавасларга муккасидан кетадигани чиқиши камдан-кам учрайдиган ҳолат.

Олдинам айтгандим, аёлга ҳаловат беринг, хотиржамлик беринг, бўлибам ўша ҳаловат ва хотиржамликни ўз уйида беринг-чи, қани.

Унинг аёллик ҳақларига ҳиёнат қилмаслигингизга, ҳар қайси ҳолатда сизга суяна олишига ишонган қайси аёл арзимаган пулни деб, арзимаган алдамчи обрўни деб, оилада бир сўз чиқса, у ёқдан бу ёққа сарсон бўлишдан бошқасига ярамайдиган арзимаган сеп-сидирғани деб, кўчада сарғаяркин?

Аёл ҳақини, қўпол қилиб айтганда, еб кетишдан орланмайдиган бундай жамият ўнгланармикин?

Аллоҳнинг ожизалари ҳақига риоя қилмайдиганлари риоя қиладиганларидан бир неча баробар кўп бўлган бу каби жамият қачон юксалади?

P/S.: Шу кунларда биров бирор муаммони кўтарса, хўш таклиф борми, дейишади.

Бу борада таклифим бор. Маҳрга нима берилиши никоҳгача аниқлансин ва никоҳ ўқилаётган пайт гувоҳлар олдида агар пул ёки кичикроқ нарса бўлса, ўша нарсанинг ўзи, нотариус орқали тасдиқланадиган нарса бўлса, рамийлаштирилган ҳужжати келинга топширилсин.

Агар маҳрни бўлиб-бўлиб бериш ва белгиланган муддатга келишилган бўлса, муддат келганда адо этишга ваъда берилиб, куёв томонидан имзоланган ҳужжат келинга топширилсин.

Модомики, фарзанд тарбияси никоҳдан аввал, унга муносиб ота ёки она танлашдан бошланаркан, келинг, аҳли муслим, ожизалар ҳақига риоя қилиб, оилавий тарбияни ҳам ўзимиздан бошлаб берайлик.

Ахир жамият оиладан бошланади-ку.

Гулларингизни занжирбанд ҳолда эмас, чиройли гултувакда униб-ўсишига шароит яратинг.

«Ечим исломда» деб бонг уришга устамиз-ку, нега ўша ечимдан аввал-бошда ўзимиз фойдаланмаймиз?

 

Гавҳар Насруллоҳ