МЕНОПАУЗА: КЛИМАКС ҚАЧОН БОШЛАНАДИ ВА УНГА ҚАНДАЙ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ КЕРАК?

Нима учун аёлларда климакс ёши турлича бўлади? Кимдадир у 55 ёшни ташкил этса, бошқаларда 40. Менопауза даврини ортга суришнинг иложиси борми? Унинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун нима қилмоқ зарур? Келинг, бу саволларга Хитой тиббиётидан жавоб излаб кўрамиз.
Хитой тиббиёти ҳаётий қувватга асосланади. Қувват қанчалик кўп бўлса, организм яшаради, тери силлиқ, сочлар қалин бўлади. Қувват камайганда эса бу аввало ташқи кўриниш (тери сифати бузилади, тирноқлар мўртлашади), ижтимоий ҳаёт (тез чарчоқ, дўстлардан яккаланиш, меҳнат қилишнинг оғирлиги), кайфиятда акс этади. Вақт ўтиб кучнинг камлиги саломатликка таъсир ўтказа бошлайди.
Қувватни тежаймиз
Келинг, буни пулларга қиёслаб тушунтирамиз. Молиявий аҳволингиз янги манбалар ҳисобига тўлиб бормаса, сиз бор манбангизни тежашга ўтасиз. Организм ҳам худди шундай, қуввати етишмаса, уни тежашга ҳаракат қилади. Бунинг учун организмдаги унчалик керак бўлмаган вазифаларни вақтинчалик ўчириб қўяди. Масалан, фарзанд кўриш функциясини. Қувватини бошқа аъзолар: буйрак, жигар, юрак учун сарфлайди. Ҳомиладор вазифасининг ўчирилиши климакс дейилади. Кейинчалик яна тиклаш мақсадида вақтинчалик ўчириши эса аменорея дея номланади. Афсуски шифокорлар аменорея ташхисини аниқ қўя олишмайди. Улар кўп ҳолларда климакс деган хулоса билан кифояланади. Сабаби ҳайзнинг қайтиб келишини олдиндан айтиш жуда қийин
Асабий вазиятлар
Иккинчи Жаҳон уруши даврида аёллар ҳайздан эрта қолган экан. Чунки асабийлашиш даражаси кучлилигидан ҳатто 30 ёшда ҳам климакс бошланган вазиятлар рўйхатга олинган. Ҳозир ҳарбий вазият бўлмасада, лекин стресс даражаси фарзанд кўриш вазифасини йўқ қилиш ҳолатигача олиб келиши мумкин. Ютуқларга эришиш истаги, вақт етишмовчилиги, ўзаро муносабатлар, қайта ишлаш жараёнлари ички қувватимизни еб, танамизни чарчатади. Унга сурункали, охиригача даволанмаган касалликлар қўшилса, ҳаётий куч йўқолиб, менопауза даври тобора яқинлашиб келаверади.
Минусдан чиқиш
Хитойлик шифокорларнинг айтишича, бизда учта қувват манбаимиз бор: уйқу, таом ва нафас олиш. Олинган манбаларни тақсимлашдан олдин, кредит қарзлардан қутулиш керак, яъни минусдан чиқиш лозим. Бунинг учун эса сурункали касалликларни, албатта, тузатиш керак. Сурункали касалликлар қувватни секин еб борадиган кушанда ҳисобланади.
Қувват йиғиш
“Тешик жойлар ямалган”дан кейин қувват баланси ва куч йиғиш жараёни кетади. Бунинг учун тўйиб ухлаш, соғлом овқатланиш, фойдали микроэлементларга бой таомларни истеъмол қилиш лозим. Ана шунда керакли қувват йиғилиб боради. Нафас олишга келсак, Хитой табобатида «нейгун» машқлари дея ном олган машғулотлар бор. Улар аёллар учун жуда фойдали ҳисобланади. Ушбу машқларда инсон бутун танаси билан нафас олишни ўрганади: мушак сиқилишлари камаяди, кўкрак қафаси очилади ва тос аъзоларига ҳаво боради. Шунингдек, организмда қувват айланишини яхшилайдиган қўшимча машқлар ҳам бор.
Натижалар
Ўзига эътибор берадиган аёллар климаксни узоқ кексаликкача бемалол ортга сура олишади. Хитой тиббий кўрсатмаларига кўра, климакс 49 ёшда бошланиши керак. Шунда аёл танаси фарзанд кўриш вазифасидан дам олиб, хотиржамлик, донолик ва руҳий мукаммаллик босқичига ўтади. Ҳаётий қувватини тиклай олган аёллар климакс давридан ҳеч қийналмай ўтади.

Манба: https://www.psychologies.ru/wellbeing/menopauza-pochemu-i-kogda-nastupaet-klimaks-i-kak-k-nemu-podgotovitsya/