СЕВГИ – ФАҚАТ БИРЛАШИШ ДЕМАКМИ?

Кўпчилик жуфтликлар севги-муҳаббат бу фақат бирлашиб яшаш деб ўйлайди. Аммо бундай муносабатларни соғлом дейиш мумкинми? Ёки бу алоқалар шахсият ва яқинликни парчалайдими? Бир-бирига сингиб кетмасдан ҳам оилада уйғунликни сақлаб қолишнинг иложиси борми?
Муҳаббат асосида бирлашиш, бир-бирига сингиб кетиш, иккита яримнинг бир бўлиши — бу тушунчалар кўп асрлар давомида одамларга сингдириб келинади. Ушбу тарбия асосида улғайган инсонлар жуфтликлар бир ҳаводан нафас олиши шарт, деб ўйлайди. Бир-биридан бир қадам ҳам узоқлашиш мумкин эмас, доим жуфтинг учун яшаш керак, деган қоида билан ҳаёт кечиради. Психологларнинг айтишича, кучли бирлашиш истаги билан яшаш жуфтликларни ўзаро қарам қилиб қўяди. Эр-хотин муҳаббат, эътирофга сазовор бўлиш истагини ҳис қилиб, эътироз ва зиддиятлардан узоқлашишга ҳаракат қилади. Уларда хавотир даражаси кучайиб боради. Хатога йўл қўймаслик учун ўта сезгир, эътиборли бўлиб, ўзи учун яшашни унутади. Мабодо жуфти нотўғри қараб қўйса, бошқача муносабат билдирса, дарров қўрқув пайдо бўлади. Шу тариқа оиладаги инсонлар ўз қадрини ҳам билмай бораверади. Натижада жуфтликлар ривожланмайди, уларнинг шахсиятлари йўқолади. Кучли муҳаббат аслида шунчаки мослашиш эканлиги аён бўлиб қолади. Ўз истакларидан воз кечиш, жуфти учун яшаш натижасида муносабатларга дарз кетади. Зиддият йиллаб давом этиши мумкин.
Ёшларнинг хатолари
Кучли бирлашиш истаги кўпроқ ёш жуфтликларда учрайди. Улар бир-бирини яхши билмайди, хаёлот оламида яшайди, орзулар оғушида юради. Бирлашиш жуда тезкор жараён. Ёшларнинг ҳиссиётлари, ҳали янги бўлган тасаввурлари муносабатларни жуда позитив руҳга йўналтиради. Бу давр бир неча ойдан, бир неча йилгача давом этиши мумкин. Аммо ундан кейин бошқача давр бошланади. Улар бир-бирини тахтдан тушириб, синчковлик билан ўрганиш босқичига ўтади. Инсонлар ўз шахсиятига қайта бошлайди ва ўз менини эсга олади. Агар жуфтликлардан бири аввалги қарамлик алоқаларини сақлаб қолишни истаса ва шахсиятни тан олишни хоҳламаса, у ҳолда қийинчиликлар юзага келади. Бу ҳолат кўпроқ жуфтимизни идеаллаштирганимизда рўй беради. Аслида муносабатларда “мен”га имконият қолдирмай, “биз”га бирлашиб бўлмайди. Инсонлар ҳар хил бўлишини, дид, таъблар фарқланишини, ҳеч ким бировга қарам эмаслигини тан олиш керак.
Тўғри муносабатлар қандай?
Узоқ йил бахтли ҳаёт кечирган оилаларда вазият қандай: улар бутун умр бирлашиб яшаганми ёки ўз шахсиятини устун қўйганми?
Булар қалбан яқин инсонлар, бир-биридан мамнун, шахсий чегаралари бор ва ўз жуфтининг чегараларини ҳурмат қилади. Четдан қараганда балки бу бирлашишга ўхшаб кўринар. Аслида эса бу эр-хотинлар ўзаро сингиб кетмаган, балки шахсиятини сақлаб қолган. Улар бир йўналишда бирга кетишяпти, умумий томонлари кўп, аммо муносабатлар бўғувчи даражада эмас. Улар алоҳида яшай олади, ёлғизликдан қўрқмайди, ички хотиржамликка эга. Улар ўзидан қурбон ясамайди, қувватхўр вампирга айланмайди, назорат қилишга ҳаракат қилмайди, жуфтидан қарамликни талаб этмайди. Улар муҳаббат ришталарининг ичига ҳаммасини бирлаштира олган бахтли инсонлардир.

Манба: https://www.psychologies.ru/standpoint/sliyanie-razrushaet/