КЕЛИНИЗМ

Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида, бир мавзунинг муҳокамасига гувоҳ бўлдим. Мавзунинг тахминий мазмуни шундай эди: Келиним фаросатсиз, иш билмайди. Хуллас, шу мавзунинг ҳар томонлама бўрттирилган варианти эди. Шу кунгача ижтимоий тармоқда аёллар томонидан кўплаб масалалар, масалан: Эрим фаҳш аёллар билан юради, мени уради, боламни қайнонам олдир деди, сеп сўради, эрим ишламай уйда ётади ва мени ишлашга мажбур қилиб, маошимни олиб қўяди ва ҳ.к. мавзулар кўтарилган бўлса-да, 70% айнан аёл, яъни, шу нарсани мисол қилаётган инсон билан ҳамжинс бўлганлар ҳам, «Чида, сабр қил, эрингни тарбия қил. Аммо ажрашма, болаларинг отасиз ўсмасин. Қайнонага ҳам чида, ўтиб кетади. Охирида юзага чиқасан!» – дея маслаҳат беришади. Бир никоҳ талоқ бўлса, Арш ларзага келишини билган, ҳар нарсага, ҳатто, Аллоҳ Таоло тошбўрон қилинглар, чидаманглар, зулмдан қочинглар, ўзингизга, ўзингиз зулм қилманглар, дея буйруқ қилиб берган нарсаларга ҳам чидаб, сабр қилувчи, зинони, зулмни тўғри қабул қилиб, шу оилада яшаб қолиб, ҳатто енгилтабиат эри томонидан кайфда талоқланган аёлларимиз никоҳини, гўёки #янгилаб олиб, (Никоҳ бу сизга емак маҳсулоти эмаски, вақт ўтган сари айниди, дея янгилаб турсангиз!) яшаб келишмоқда. Лекин… шу масалаларни куёв, қайнота ё қайнона эмас, келин, ҳа, янги уйга келган, ҳали у сизнинг кичик «Оила» аталмиш жамиятингизни тўлақонли тушуниб етишга улгурмаган, сизнинг фарзандингиздан ҳам кичик инсон, ожиза шу айбларни, ана боринг, бир учини бажарса, нима қиласиз? Уларга қандай маслаҳат берасиз? Ўғлингизга, яша дейсизми? Чида дейсизми? Балки, сабр қил, болаларинг онасиз ўсмасин, деб маъруза ўқирсиз?!

Мен юқорида ижтимоий тармоқдаги эпсиз келинни бекорга мисол қилмадим. Сабаби, бу масалада ўша чида, сабр қил, дегувчи айнан ёши улуғ аёлларимиз бир гапни такрор ва такрор қайтарган: «Жавобини бериб юборинг!» Ҳа! Бизнинг ўзбек жамиятимизда куёвлар, яъни, ўғиллар эмас, уларнинг оналари ўз никоҳига олади ва айнан жавобини бериб, талоқ қилувчи ёки тунда чимилдиққа кириб-чиқувчилар ҳам улар! Улар келининг қорнига илк бор фарзанд нашидасини экишади ва шунинг учун ҳам ота номидан, эр номидан бутун бошли шаън бўлмиш суягини, яъни, оиланинг фахри, раҳбари номидан жавоб беришади! Масалан-да, куёвчакларимиз илк никоҳ кечасидан кейин, қизнинг иффати исботи – «махсус белги»ни ҳам онаси ё янгасига беради. Ўғил бола-да! «Ойижон! Мана, қаранг, мен нима қилдим! Кўрдингизми? Қўлимдан шундай ишлар ҳам келади!» – деган мисол ила бу оналаримиз ва ўғилларимиз Қиёматда Аллоҳнинг ҳузуридаги энг ёмон, инсон қиладиган ишни қилаётганидан ё бехабар, ёки ўзини Аллоҳдан ҳам устун кўрувчилар учун қилишга ҳам тайёрдек гўё! (Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёматда, Аллоҳнинг ҳузуридаги энг ёмон инсон бу – аёлига яқинлик қилиб, эртасига буни одамлар орасида ёювчи инсондир!» Абу Довуд ривояти). Агар шу ишни қилмасин-чи??? Келин «бир айби бор»га чиқиб, бир умр турткиланишлар орасида яшайди.

Агар келин ичса, нима бўлади?

Ё Аллоҳ кўрсатмасин, бу нозик ва нафис, биз 9 ой қорнимизда кўтариб юриб, дард еб туққан ўғилчаларимизни билмай кайф устида уриб қўйса-чи???

Агар келинимиз бегона эркак билан юрса-чи??? А, лаббай? Зинокор аёл, дейсизми??? А, бу, куёвтўра зино қилаётганда, келинга чида, деган эдингиз-ку, ўғлингиз ҳам чидасин-чи?! Нима, ёки «ЙИГИТЧИЛИКДА БЎЛИБ ТУРАДИ!» – деган оят борми? Ёки Қуръони Каримда «Зинога яқинлашманглар!» – деган оят фақат ва фақат келинларга туширилганми?!

Сиз оддий, майда, жамият учун унчалик аҳамиятсиз бўлган уй ишларини қилмаган келинга талоқни раво кўраяпсиз-ку, ўғлингизнинг айбини келинингиз қилсин-чи? Аллақачонлар талоғини бериб, уни хотинлик вазифасидан озод этар эдингиз ёки қаматиб юборар эдингиз! Аршни зино учун, ҳаром учун титратишга уяласиз-у, майда уй ишлари ва ҳоказолар учун титраса, титрабди-да, шундайми?!

Эътибор беринг! У келин ғар эмас, ўғри эмас! Шунчаки фаросатсиз, дангаса ёки айёр! Аммо у фоҳиша эмас! У ароқ ичиб келиб, эрини урмаяпти! У эрини топганини олиб чиқиб, бегона эркакларга сарф учун сочмаяпти! У шунчаки 2,3,4 бола билан ўралашиб қолаяпти!

Бизнинг жамиятда нега ҳамма «Феминизм» дейишини энди тушуниб етдингизми? Аслида бизга Феминзм эмас, «Келинизм» деган ғоя керак! Бутун бошли 30 миллиондан ошиқ фуқаролар ичида айнан келинларни ҳимоя қилувчи бир фонд керак! Сабаби, уларни биз шу халқдан, фуқаролар орасидан ва ҳатто одамийлик, аёллик қаторидан чиқариб ташлаганимизга анча бўлган! Қизларимиз кўнглида «Эртага келин бўлсам, фалон оқ либос кияман,» – деган оқ орзулар эмас, «Алоҳида яшай-да, қайнонам кобра бўлса, урди Худо!» – деган ҳадик, иллатли, қора ниҳоллар ниш урганига анча бўлди. Сабаби, бу фақат тарбия эмас. Шунчаки, ҳаётда биз кўзни юмсак ҳам, кўриниб қолаётган реал хақиқатлар!

Илтимос! Қизларимизга оқ ниятларини, рангли орзуларни қайтариб беринг! Жамиятимизга «Келинизм» тушунчаси кирмаслигини олдини олинг! Ёки шунчаки илтимос, «Келинларни ҳам одам дея қабул қилинг!!!»

 

Фотима Холтаева