КЎНГИЛГА ЖАРОҲАТ ЕТКАЗУВЧИ СЎЗЛАРДАН ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАНИШ МУМКИН?

Уйда, ишда, дўстлар даврасида, ҳатто шифокор қабулида ҳам бизларни хафа қилувчи гап-сўзлар бўлади. Келинг, бугун уларнинг асл моҳиятини кўриб чиқамиз ва ранжимаслик, ўзимизни ҳимоя қилишнинг тўғри йўлларини излаймиз.

🔹Жуфт
«Фақат ўзингни ўйлайсан, менчи?»
Жуфтингиз сизни айблайди, виждон азобида қолдиришга ҳаракат қилади, ҳатто қўрқувларингизни ҳам уйғотади. Мақсад фақат у ҳақда ўйлаб, ўзингизни унутсангиз.

🔸Ҳимоя йўли: уни нақадар ҳурмат қилишингизни таъкидлаб, ўзингизга нисбатан бефарқ эканингизни исботлашнинг кераги йўқ. Ҳар бир инсоннинг ҳурмати сақланиб туриши учун, жуфтингиздан унга айнан қандай эътибор кераклигини аниқлаштиринг. Ҳар бир савол ортидан аниқ жавоб туриши керак. «Ичимдан топ» ўйини ҳар томонлама чалкашликларга олиб келади. Инсонлар орасидаги муносабат очиқлик асосида қурилиб, икки томоннинг ҳам истаклари тенг инобатга олиниши керак.

🔹Шифокор
«Касалликларингизга ўзингиз айбдорсиз…»
Ёшингиз ёки ташхисингиз, турмуш тарзингизни баҳона қилиш орқали шифокор бир қисм масъулиятни ўз елкасидан соқит қилишга ҳаракат қилади. Сиз эса уяласиз, ўзингизни айбласиз ва шу билан мутахассис устунлигини таъминлаган бўласиз. Қарабсизки, бунинг ортидан шифокорга салкам таъзим қилишга тайёр турасиз. Аслида асосий мақсад ҳам шу.

🔸Ҳимоя йўли: шифокор қабулига олдиндан тайёргарлик кўринг, айбларни тан олиш учун эмас, балки даволаниш учун боринг. Ахир сиз шифокор қабулига тарбия олиш ёки даккиларни эшитиш учун эмас, шифо топиш илинжида борасиз. Агар мана шу ҳақиқатни англаб, иш тутсангиз, шифокор устингиздан ҳукмронлик қила олмайди.

🔹Дўст
«Вақтинг камлигини биламан, лекин ёрдаминг зарур»
Ўз вақтида сизга ёрдам берганини эслатиб, сизни қарздор қилиб қўяди. Унинг устига «биламан» деган сўзи рад жавобини эшитишдан суғурталайди.

🔸Ҳимоя йўли: дарров жавоб берманг. Бир дақиқа бўлса ҳам ўйлаб олишга ҳаракат қилинг. Шошилинч дамда озгина ўйлаб олиш ҳам гоҳида ижобий натижа беради. Яъни сиз хато жавоб беришдан ўзингизни тийган бўласиз.

🔹Фарзанд
«Вақтида ёрдам бермаганингиз учун ёмон баҳо олдим!»
«Ёмон ота-онасиз, дарсларимни қилдиришга вақт топмайсиз», – дея айблайди сизни фарзандингиз. Болалар жуда айёр бўлади ва сизни назорат қилиш йўлларини билишади. Айниқса оналар бунга чув тушиб, доим ўзларини айблаб юришади.

🔸Ҳимоя йўли: бола билан 24 соат бирга бўлсангиз ҳам, унинг учун барча юмушни қила олмасиз. Икки баҳо сизнинг улгуролмаслигингиз учун эмас, фарзандингизнинг яхши ўқимаслиги учун қўйилади. Шундай экан, аввало айбдорлик ҳиссини йиғиштириб, айнан қай томонлама ёрдам кераклигини сўранг. Бола учун унинг муаммосини қабул қилганингиз ва ёрдам беришга тайёрлигингизни билиш муҳим.

🔹Бошлиқ
«Ўзингизга юқори баҳо берманг!»
Бу сизни бошқаришнинг энг кенг тарқалган тури. Айбдорлик ҳиссини сингдириш орқали, сизни истаганча бошқариш истаги. Бошлиқ асл мақсадини ҳеч қачон аниқ айтмайди, баъзида эса буни ҳатто ўзи билмайди. Балки шэф шунчаки ўз ҳукмронлигини ҳис қилмоқчидир ёки ўзи ечим топа олмаётган масалада ходимидан тўғри жавоб кутаётгандир.

🔸Ҳимоя йўли: бошлиқдан танқид сабабини аниқлаштиришни сўранг. Ишингиз мукаммал бўлмаса, буни бемалол тан олиб, кейинчалик ўз устингизда ишлашни давом эттиришингизни айтинг. Бунга ҳаракат қилинг. Истасангиз бошлиқдан қайси йўналишдан бориш ҳақида маслаҳат сўранг. Раҳбариятга ҳар қандай танқид учун очиқлигингизни ва ҳамкорлик учун тайёрлигингизни кўрсатиш жуда муҳим.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди