«Ёпишқоқ пол» тушунчаси аёллар ишига қандай таъсир ўтказади?

Жаҳон банки (https://www.worldbank.org/en/country/uzbekistan/brief/l2cu) маълумотларига кўра, дунёда аёллар эркаклар маошининг 80 % оладилар (аслида бу кўрсаткичлар тенг бўлиши керак). Ўзбекистонда эса аёллар эркаклар маошининг атиги 61 фоизини оладилар. Демак, эркак ҳамкасбининг 1 соатлик ойлигини олиш учун аёл 1 соат 36 дақиқа ишлаши керак.

Бундан ташқари, аёллар юқори маош тўланадиган соҳаларда кам учрайди. Уларга таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳалар қолмоқда – буларда молиялаштириш камроқ бўлиб, жамият эътибори эса юқори. Эркаклар ўзига эп кўрмайдиган ишга айнан аёллар боради.  
 
Буларга сабаб эса гендер стереотиплардир.

«Ёпишқоқ пол» нима ва у аёллар ишлашига қандай тўсқинлик қилади?

Ёпишқоқ пол – бу кўчма маънодага атама аёл уй ишларини қилиши, эркак эса оилани боқиши керак деган стереотипга асосланади. Шунга кўра, кўплаб иш берувчиларнинг наздида эркак кўпроқ маош олиши керак, чунки у оиласининг боқувчиси. Худди шу сабабларга кўра, раҳбарлик лавозими ҳам эркакларга буюради. Аёл эридан юқори лавозим эгалламаслиги ёки ундан юқори маош олмаслиги керак, деган тушунча бор. Аксарият аёллар шу стереотипларга амал қилишади ва «оилани сақлаш» учун карьерада ўсмайдилар.

Қолаверса аёл фарзанд кўради. Декрет таътилини ота-онадан ҳар иккиси олиши мумкинлигига қарамасдан эркаклар бизда ўлса ҳам бола парвариши бўйича таътил олмайди. Демак аёл карьерада 3 йилга чиқиб кетди дегани. Баъзан бундай давр 2-3 ва ундан кўпроқ қайталанади. Уч йилда ишда жуда кўп ўзгаришлар содир бўлиши ва сен уларга етиб олишинг қийин кечиши мумкин. Демак тенг ёш ва стажда аёллар ишда камроқ вақт бўлдилар ва иш берувчи наздида улар қиймати анча тушади.

Қолаверса аёллар боланинг касалик даврида вақтинча лаёқатсизлик варақасини расмийлаштириб, яна ишдан орқада қоладилар. Эркаклар эса жуда кам ҳолатларда касал боласига қараш учун таътил олади. Боланинг мактаб, боғчаси билан боғлиқ «ишдан жавоб сўраш» ҳолатлари ҳам аёллар чекига тушади.

Жамиятда гендер стереотипларни йўқ қилиш, ота-оналикда тенг иштирок этиш аёлларга «ёпишқоқ пол»ни енгишига ёрдам беради. Шунда аёллар бир жойда қотиб қолмасдан, ўсиши мумкин бўлади.

Сиз бунга нима дейсиз?

Нигина Худайбергенова