«Эрим қимор ўйнайди, нима қилай?»

“Яқинда эрим қимор ўйнашини билиб қолдим. Бир дўсти билан гаплашганда, билмасдан оғзидан чиқиб кетди. Илгари ҳам бунга шубҳа қилгандим, лекин ёлғончига чиққанман. Ўша пайтда мени ҳам ўз ёлғонига ишонтира олганди. Қўлимда чақалоғим бор, уйда ўтираман, эримнинг қимор ўйнаб юришида рўзғоримиз икки бўлармиди? Кеча қаттиқ уришиб қолдик. Турмуш ўртоғим бошқа қимор ўйнамасликка қасам ичди. Аммо унга бошқа ишонолмайман. Ажрашиб кетайми деб ўйлайман, лекин ишсиз аёлни ким ҳам қарамоғига оларди…”
Нафиса, 25 ёш

✅Психолог маслаҳати: қиморга берилиш, бу биринчи навбатда ҳақиқий ҳаёт, инсоннинг ўзидан ва шахсий ҳиссиётларидан қочишга бўлган уринишидир. Агар эрингиз мана шу йўлга ўтган бўлса, демак, у ички руҳий ҳолати, зиддиятлари билан кураша олмаяпти. Афсуски, қасам билан бу муаммони ечиб бўлмайди.

Қарамлик қандайдир кучли эҳтиёжни «яшириб туради» ва унга қарши курашиш учун, эҳтиёжнинг табиатини тушуниш керак. Уни эркакнинг ўзи уддалаши лозим. Агар турмуш ўртоғингиз чиндан ҳам ўзгаришни истаса, унга психотерапевтга мурожаат қилишни маслаҳат беринг. Ўзингиз эса оилавий психологга бориб, ичингизда тўпланиб қолган салбий ҳисларни муҳокама қилиб олинг. Бизнинг жамиятда руҳият билан ишлайдиган мутахассис олдига боришга ҳамманинг ҳам жасорати етмайди. Аммо сизнинг ҳолатингизда энг самарали йўл шу.

Ўйлаб кўринг, турмуш ўртоғингиз бугун ёмон бўлиб қолмагандир. У билан ҳаётингизни боғлаганингизда, қувончли дамларни бирга ўтказгансиз. Қарамлик – бу инсоннинг чорасизлиги, кучсизлигидан дарак беради. Энг муҳими, турмуш ўртоғингиз ўзгаришни хоҳлаяпти. Агар истаганингни қил, деганида, вазият анча оғир бўларди. Ҳозирги пайтда оилангиз эркаги учун мутахассис ёрдами билан бирга сизнинг эътиборингиз, меҳрингиз керак. Эрни ташлаб кетиш қийин эмас, қизингизни ҳам боқа оларсиз. Лекин турмуш ўртоғингиз оиласиз узоққа бора олмайди. Унинг ҳаёти ачинарли тугаши ҳам мумкин. Йўлингиз осон бўлмайди, буни ўзингиз ҳам тушуниб турган бўлсангиз керак. Аёллик иродангиз, кучингиз ва меҳрингизни йиғиб, ҳаракат қилиб кўринг. Фарзандингиз ҳам сизга қувват бўлади.