ЯҚИН ИНСОНИНГИЗ ҚАРАМЛИГИНИ АНГЛАТУВЧИ 5 БЕЛГИ

Ҳамма қатори ичади. Сал кўпроқ ичишни бошлади. Хушёр юрган вақтлари камайиб қолди. Ичкилик ёки гиёҳвандликка муккасидан кетди. Бу сўзларни айтиш ҳеч бир инсонга осон эмас. Яқининг ичкиликка берилиб, кўз олдингда сўлиб борса-ю, қўлингдан ҳеч нима келмаса, бундан ёмони йўқ. Шунинг учун ҳам ичкиликбозликнинг олдини олиш керак. Хўш, қайси белгиларга эътибор бериб, бу иллатни ўз вақтида аниқлаш мумкин?

1. Мослашиш

Қарамлик томон кетаётган инсонларда турли баҳоналар тайёр туради. Масалан, «Ишим қийин, чарчоқ чиқаришим керак», «муаммоларни унутмоқчиман», «ижод қилишимга ёрдам беради», «усиз ухлай олмайман» каби. Изчиллик билан қарамлик ортиб боради ва одамлар ҳаётини унга мослайди. Мабодо янги кун тартиби ўзгарадиган бўлса, қарам инсонлар асабийлашишни бошлайди ва бу унинг яқинлари учун мисоли сигнал бўлиши керак.

2. Кайфият ўзгариши

Қарам инсоннинг феъл-атвори ўзгарувчан ва олдиндан билиб бўлмас даражага келиб қолади. Гоҳ хурсанд бўлса, гоҳ асабийлашиб кетади. Энг муҳими, мана шундай дамларда яқин инсоннинг бўлишидир. Мабодо мутлақо бегона, унинг устига ёмон ниятдаги одам учраб қолса, аҳвол янада таранглашади. Зарарли моддалар таъсирида қарам инсон ўзи билмаган ҳолда атрофдагиларга зиён етказиши мумкин. Ҳушига келгач эса, узр сўрашга ҳам ҳаракат қилади.

3. Муносабатларнинг ёмонлашуви

Аслида ҳаммаси беозор улфатчиликдан бошланади. Секин-аста бу даврага бошқалар ҳам қўшилиб, нопок ниятли одамлар иродаси суст даврадошларини ўз қармоғига илинтиради. Бундай вазиятда қарамликка тушиб бораётган инсонни улфатларидан айириш керак. Шунда уни оилага қайтариш мумкин. Лекин афсуски, бунга эришолмаган оилаларда ажримлар тез-тез рўй беради.

4. Ишчанликнинг пасайиши

Кўпчилик қарам одамлар иложи борича ишини сақлаб қолишга ҳаракат қилади, чунки уларга молиявий маблағ жуда зарур. Лекин қарамлик кучайган сари касбий мажбуриятларни бажариш қийинлашиб бораверади. Нафақат меҳнат фаолиятининг ўзи, балки жамоадошлар билан муносабатларга дарз кетади. Қолаверса, одамнинг умумий ҳолати ҳам ўзгаради. Жисмоний ва руҳий манбалари камаяди, ақлий қобилияти ёмонлашади.

5. Хулқ-атворнинг ёмонлашуви

«Уни танимаяпман! Бу иш қўлидан келмайди» — дея ажабланади қарам инсонларнинг яқинлари. Аммо нарса ўғирлаган, ёлғон гапирган, ҳаммани алдаган ҳам шу бўлади. Қарамлик кучайган сари инсоннинг салбий томонлари ортиб боради. Карахт аҳволда унинг қўлидан ҳамма нарса келади.

Ссылка: https://www.psychologies.ru/articles/5-priznakov-togo-chto-blizkiy-stanovitsya-zavisimyim/