Қизимга берадиган маслаҳатларим

Қизим улғайгач унга шундай дейман:
 
1️⃣ Сенга қўл кутаришса, зудлик билан нарсаларингни йиғиштир. Ўзингни гўёки ёнғинга тушиб қолгандек тут: паспорт ва болаларингни ол, қолганини кейин хал қиласан. Бир мартадан кўп узр, кечирим сўрашлар, тушунтиришларни қабул қилма. Ҳар қандай «мени кечир» эртага «ўзинг айбдосан»га айланади. Бу ботқоқликка тушиш осон, чиқиш қийин – иккиланмай қоч.
 
2️⃣ Ёдингда тут «ўзинг шунга мажбур қилдинг», «ўзинг айбдорсан» деган гап ёлғон! Аслида бу «мен сени уришим, қийнашим мумкин ва бунга фақат ўзинг жавобгарсан» дегани.
 
3️⃣ Сен ҳар қандай вазиятда ёнимга келишинг мумкин. Хар қачон, хар қандай вазиятда. Кўзингда ёшинг билан, яланг оёқ ҳолатда. Ҳаётингдаги энг катта синиш, қоқилиш хисси билан. Сени айбламайман. «Ахир айтгандим-ку!» дегим келса ҳам, буни ёлғиз ўзимга, сенга эшиттирмай, кўрсатмай бирор хонага қамалиб пичирлаб айтаман. Чунки бу сўзлар юпатмайди, балки яранга игна санчар.
 
4️⃣ Агар мен бўлмасам – ота-оналар ҳам ўлади – дўстларинг бўлсин. Шунчалар яқин, ишончли бўлсинки – улардан ёрдам сўрай ол ва ёрдам беришларига ишончинг комил бўлсин. Бундайлари бўлмаса уялмай ёрдам изла, сўра ва уни қабул қилишга уялма. Шикоят қил, бақир, сени эшитишга тайёр ҳар қандай одамга вазиятни тушунтир. Гувоҳларинг бўлсин, чунки зулм сукутда содир бўлади.
 
5️⃣ Муносабатлар ҳеч қачон зўравонликдан бошланмайди. Сени хавотирга соладиган белгилар «шунака ҳам аҳмоқ бўласанми!», «бўқ егандан аралашяпсанми», «сен нимани ҳам тушунар эдинг», «мен айтдимми, бажарасан» ва шу каби гаплар бўлсин. Биринчи илтимос кейин буйруққа айланади. Кейин кичик камситишлар, ерга уришлар нормага айланади. Қўполлик яқинлик белгисидек тақдим этилади. Ҳеч кимга ўзингни камситишга ва атайин кўнглингни синдиришига изн берма. Мен ақллиман, мен билан бу содир бўлмайди деб ўйлама. Бу тузоққа биздан ақллилар ҳам тушган.
 
6️⃣ «Балки кўзимга кўрингандир» хисси сенинг душманинг. Бугун у ўзини нормал тутиб, эртасига золимга айланди. Яна эртаси дунёдаги энг беғубор ва меҳрибон одамки, сен шукр билан «кўзимга кўринди», деб енгил тортасан. Агар бу ҳолат кўп қайтарилса, шубҳалан. Бу хислар энг биринчи белги. Бундай одамлар билан яқин муносабларинг ва бизнесинг бўлмасин.
 
7️⃣ Доим ўзингни пулинг бўлсин. Пул келтирадиган касбинг, ишинг бўлсин. Уйда болалар билан ўтирсанг, ҳисоб рақаминг ёки молиявий «хавфсизлик ёстиқчанг» бўлсин. Туғруқ таътилига чиқишдан олдин жуфтинг билан буни муҳокама қил. Бу жуда муҳим. Кичик болалар билан жуфтимизга қарам бўлиб қолганда, ҳар доимгидан кўра ожизароқмиз.
 
8️⃣ Ишқий муносабатлар хаётингдаги ягона муҳим нарсага айланишига йўл кўйма. Ҳаётингда албатта дўстлар, ўкиш, иш, спорт ва қизиқишларинг бўлсин. Ўқи. Ишлаб пул топ. Агар қачондир муносабатларинг қуласа, бу биз хоҳламасак-да бўлиб туради, қаттиқ оғриқ бўлади. Лекин қасрнинг бир минораси қулаши, бутун қасрнинг бузилишидан яхшироқ.
 
9️⃣ Соғлигинга эътиборли бўл, ўзинга қара, яшашга кучинг бўлсин.
 
🔟 Хамма шундай яшайди деган тузоққа тушма. Атрофингда уришиб, тортишганда ҳам бир-бирига хурмат кўрсатиб яшайдиган оилалар кўп. Шулар сенга ўрнак бўлсин. Бизнинг оила ҳам сенга шундай мисол бўлишига чин дилдан ҳаракат қиламан.
 
1️⃣1️⃣ Ҳамма бахтли, битта мен бадбахт, шунчалар ҳам ахмоқ бўламанми, деган тузоққа ҳам тушма. Ачинарли ҳолатга тушиш ҳалокат эмас, унда умрбод қолиб кетиш ҳам ҳақиқий ҳалокат. Сенга «қандай бўлса ҳам, лекин оила» керакмас. Журналларнинг ялтироқ муқоваси учун намунали оила ҳам керакмас. Сенга сени қўллаб-қувватлайдиган, ўзингни улар билан ҳавфсиз хис қиладиган жой ва инсонлар керак.
 
1️⃣2️⃣ Одамлар ўзгаради. 17 ёшда ёқтирган нарсаларимиз улғайганимизда нормал эмаслигини тушунамиз. Қачондир кўзингга ҳақиқий эркак бўлиб кўринган, вақт ўтиб оддий кўпол ва ифлос одам бўлиб чиққан инсонни нега олдинроқ фарқлай олмадим, деб ўзингни айблама. Рўйхатдаги 1-бандга қара ва ҳаракатингни қил.
 
1️⃣3️⃣ Янгиликдан қўрқма – янги иш, янги таом, соч турмаги, дўстлар. Хаётингга қанча янги нарса киритсанг, ўзинга ишончинг шунча ортади.
 
1️⃣4️⃣ Билимингни ўзгаларга улаш. Кимгадир зўравонлик қилишса, бепарво бўлиб жим турма, ёрдамингни аяма. Эсингда тут, баъзида ёрдам сўрашга жудаям уялишади, лекин ёрдамга жуда муҳтож бўлишади. Балки ўшаларнинг дардини сезган, кўрган ягона инсон бўларсан, шунда ҳеч қачон ёнидан ўтиб кетма…
 
©Анастасия Рубцова
Таржима: nozarafi
Манба: https://t.me/kishanbandim