Иқтисодий зўравонлик нима ва ундан қандай ҳимояланиш керак

Иқтисодий зўравонлик — зўравонлик назорати шакли бўлиб, бунда бир инсон бошқасига нисбатан молиявий кучга эга бўлади ва ундан ўз манфаати йўлидан фойдаланади.

Оддий сўзлар билан айтадиган бўлсак, бунда бир инсон бошқасини пул маблағлари, озиқ-овқат ва унинг ҳаққи бўлган бошқа эҳтиёжлардан маҳрум қилади.

Иқтисодий зўравонлик қандай намоён бўлади?

Иқтисодий зўравонлик одатда оилада намоён бўлади. Бундай зўравонликнинг бир неча турини кўриб чиқайлик:

Молиявий назорат

Иқтисодий зўравонлик қурбони сарфланган ҳар бир тийин учун ҳисоб бериши керак, ундан чеклар талаб қилинади. Жабрланувчининг иш ҳақи, мукофоти, стипендияси ёки бошқа турдаги даромадларини (қисман ёки тўлиқ) олиб қўйишлари мумкин.

 

Кераксиз ҳаражатларда айблаш

Ҳатто энг зарурий нарса олиш эҳтиёжи бўлса, исрофгарчиликда айбланишингиз мумкин. “Бўлмағур” нарсага пул бермасликлари ҳам мумкин.

 

Ишлаш, ўқишни тақиқлаш

Молиявий назоратнинг яна бир шакли – оила аъзоларидан айримларига ишлаш тақиқланади, молиявий эркинлик берилмайди.

Бизнинг ўзбек оилаларида бундай ҳолат кўп учрайди. Иқтисодий зўравонлик қурбонлари сифатида кўпинча аёллар, зўравон сифатида эса – эр ёки қайнона бўлиши мумкин. Бундан ташқари, кўплаб аёллар эрининг талабига кўра иш фаолияти ёки иш жойини ўзгартиришга мажбур бўладилар. Бунга ўқишга тақиқ ҳам киради.

Ўзингизни молиявий зўравонликдан қандай ҳимоя қилишингиз мумкин

Иқтисодий зўравонлик муаммоси шундаки, уни аниқлаш жуда қийин. Кўпчилик ҳатто молиявий зўравонлик қурбони бўлганини англамайди.

Анъанавий ўзбек оилаларини кўриб чиқадиган бўлсак, унда эркак пул топади, аёл эса уй бекаси. Аёл молиявий жиҳатдан бутунлай эрига қарам. Ўз эҳтиёжлари (кийим-кечак, ич кийим, атир-упа, гигиена воситалари) учун пулни сўраб олиши, баъзан ялинишига тўғри келади. Аёл бунинг учун бутун бошли тактика қўллайди – эрнинг кайфияти яхшими, қорни тўқми – акс ҳолда бир тийин ҳам ололмайди.

Кўпинча қурбонлар абьюзердан айнан ўша молиявий қарамлик туфайли кета олмайди. Абьюзер бундан фойдаланади, бир тийинсиз қолдириш билан қўрқитади.