Нега Тожикистонда қизларга кўчада деярли тегажоғлик қилмай қўйишди?

Ва уларнинг тажрибаси Ўзбекистонда ишлармикан?

Ўзбекистон ва Тожикистон қонунчилигида “тегажоғлик” атамаси йўқ. Бизнинг саҳифаларимизда кўчада қандай таҳқирланишлари билан бўлишади:
✔️Мен ҳомиладорман, эгнимдаги кийим кенггина эди. Шунда ҳам гап отишади, тавба.
✔️Мен кап-катта аёлман, 20 дан ошган қизим бор. Уйдан чиқишим билан кўчада ўтирган бекорчи эркаклар шунақа тикилиб қарайдики, ер тагига кириб кетай дейсан. Ваҳоланки одми кийиниб юраман. Қизим нега улар бундай қарайди, деб сўрайди. Мен эса нима деб жавоб беришни билмайман.

Кўпинча аёллар уларнинг кўриниши қандай бўлишидан қатъий назар бировнинг тегажоғлик қилишга ҳаққи йўқ деб ёзишади. Ва зўравонлик ҳолатида фақат зўравон айбдор дея ҳисоблашади. Аёлнинг кийими, юриш-туриши унга гап отишга, тегажоғлик қилишга сабаб бўлмайди. Эркакларнинг табиатини баҳона қиладиганларга эса жавобимиз – инстинктларнинг тегажоғликка алоқаси йўқ, ўз ҳатти-ҳаракатларини эркак ўзи бошқаради.

Бундай ҳикояларда аёлларни айблайдиганлар ҳам топилади. Гўёки аёл ўзини яхши тутса, ҳеч ким унга гап отмасмиш ва тегажоғлик қилмасмиш. Ундайларга берадиган саволимиз – 5 яшар қизчалар ҳам кўзини сузганмикан педофилларга?

Эркаклар ростдан ҳам ўз ҳатти-ҳаракатларини аёлни кўргач бошқара олмайдими? Қўшни давлат – Тожикистон тажрибасига юзланайлик.
У ерда ҳам жинсий ва кўчадаги тегажоғликларга қарши қонун ёки модда йўқ. Лекин охирги йилда кўчада хотин-қизларга тегажоғлик қилиш ҳолатлари кескин камайди. Нега?

1️⃣ 2018 йилнинг июль ойида Душанбе шаҳрида яшовчи Шахло Иброхимова ва бир гуруҳ фаоллар пойтахт ҳокимига хотин-қизларни «эркаклар томонидан уларга нисбатан ёмон, ҳақоратли, қадр-қимматни камситадиган ҳаракатларидан» ҳимоя қилишни сўраб мактуб юборишди. Шаҳар ҳокими бу масала бўйича ишчи гуруҳ тузишни буюрди ва ички ишлар идоралари раҳбарларидан бундай шикоятларни қабул қилишни талаб қилди.

2️⃣ 2018 йилнинг август ойида “Озоди” радиоси журналисти Афсона Акобиршоева қурилиш майдончасида ишчилар томонидан таъқиб қилинган. У номақбул хатти-ҳаракатлар ва ҳақоратларни видеога ёзиб олди ва энг яқин ички ишлари бўлимига борди. У ерда аризаси жиддий олинмади, шунинг учун Афсона Тожикистон Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат қилди. Ўша куниёқ ишчиларга қарши “безорилик” моддаси билан иш қўзғатилди, материаллар эса судга оширилди. Улар 350 сомони (тахминан 37 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Бу воқеа Тожикистонда кўчадаги таъқибчилар жазоланган илк ҳолат бўлди.

3️⃣ Бундан сўнг Тожикистонлик бир неча қиз қўчадаги таъқибларни телефонларига ёзиб олиб, судга аризалар беришди. Тожикистон ИИВ матбуот маркази ходими Нусратулло Саидзоданинг “Озоди” радиосига берган маълумотига кўра, аксарият аризаларда кўчадаги эркак ва йигитларнинг таъқиблари ҳақида ёзилади. Унга кўра, судлар одатда 5 дан 15 суткагача бўлган муддатга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқаради.

4️⃣ Журналистлар ва Душанбе аҳолиси маълумотларига кўра, ички ишлар вазири таъқибларни тўхтатиш тўғрисида оғзаки буйруқ чиқарди. Бундай ҳолатлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди ва айбдорлар жаримага тортилиб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Ички ишлар вазирлиги бундай безориликда айбдор деб топилганларнинг кўчаларни супуришлари, ҳожатхоналарни тозалашлари – жазо муддатини жамият фойдаси учун ўтаётгани ҳақида видео ва фото ёзувларни тарқатди.

5️⃣ Бир неча ой ўтиб, 5-6 та шов-шувли воқеалардан сўнг, Душанбе кўчаларида таъқиблар тўлқини пасайиб кетди. Эркаклар тўсатдан ўзларининг ҳирсларини жиловлашни ўргандилар. Афтидан, ҳеч ким жамоат ҳожатхонасини тозалаётгани ёки кўча супураётгани акс этган видеоси бутун мамлакатга тарқалишини хоҳламасди.

Муаммога бутунлай барҳам берилмади. Лекин таъқиблар сони анча камайди.

Бизнинг аёлларимиз ҳам шундай ҳолатларни камерага ёзиб олиб, ариза ёзишга журъат қилармикан? Ўзбекистон ИИВ шундай қатъиятлилик кўрсата олармикан? ОАВ ларимиз ИИВ тақдим этган тақдирда шундай сурат ва видеоларни кенг оммага тарқата олармикан?

❌Кўчадаги таъқибларга биргаликда барҳам беришга тайёрмизми?