ХУДБИН ИНСОН: «ҚОНУН ВА ҚОИДАЛАР ОДДИЙ ОДАМЛАР УЧУН, МЕН БОШҚАЧА ШАХСМАН»

Ҳеч сезганмисиз худбинлар индамай юрадиганларга қараганда тез мақсадига эришади ва муваффақият қозонади. У ўз қадрини билинтириб яшайди, уни атрофдагилар ҳурмат қилади. Худбин одам ўзига юқори баҳо беради, ҳаммага ўз нуқтаи назарини сингдиришга ҳаракат қилади.
Бу тоифадаги инсонлар ютуқларини яширмайди, ҳатто бўрттириб кўрсатади, мақтов эшитишни истайди. Танқидни кўтара олмайди. Ўз эҳтиёжларини бошқаларникидан устун кўради. Бировлар билан мулоқотда лаганбардорликдан танқидга ўтиши осон. Камчиликларини яширади, унга раҳм қилишларини истамайди. Унинг фикрича, жамиятдаги барча қоидалар оддий одамларга тегишли. У эса бошқача, шунинг учун қонунларга риоя қилиши шарт эмас.
Мен ва бошқалар
Ўзига нисбатан муносабати
– Мен ўзгачаман ва каттароқ эътирофга лойиқман.
– Касбий ва шахсий ҳаётда катта ютуқларга эришишим шарт.
– Ташқи кўринишим мукаммал бўлиши керак.
Бошқаларга нисбатан муносабати
– Эътибор ва эътирофни кутади, лекин худди шуларни бошқаларга раво кўрмайди.
– Мабодо бировдан устун бўла олмаса, жаҳли чиқади.
– Бировларни ўз мақсади йўлида ишлатишни яхши кўради.
– Ҳеч кимга раҳм қилмайди.
Фойдами ёки зарар?
Худбин инсон уятчан ва одобли одамга қараганда тезроқ мақсадига эришади ҳамда муваффақият қозонади. Раҳбар сифатида омадсизликлардан қўрқмайди. Хатоларида бировларни айблаб, ўзгалар орқали уларни бартараф этишга уста бўлади. Айнан шу хислати учун ҳам шошилинч вазиятларда ўзини хотиржам тутади.

У билан қандай муносабат қилиш керак?
Шунга лойиқ бўлсагина мақтанг. Мубодо худбин инсонларга ёқишни истасангиз, уни тез-тез мақтаб туринг. Шунда уни ўзингизга яқинлаштирган бўласиз ва мулоқотга кириш анча осонлашади. Қолаверса, танқид қабул қилиши ҳам қийин кечмайди.
Мулойим бўлинг
Кеч қолаётган бўлсангиз, яхши салом бермасангиз, ўзингизни расмий тутсангиз, ишонинг, худбин шахсга аниқ ёқмайсиз. Бировларга майда бўлиб туюлган ҳар қандай нарса унинг учун катта аҳамиятга эга бўлади.
Танқид қилиб туринг.
Фақат қуйидаги сўзлардан фойдаланишни унутманг: «Сиз учун ташвишдаман», «Сизга нисбатан ҳурматим баланд».
Ютуқлар ҳақида гапирганда эҳтиёт бўлинг
Худбинлар кўп ҳолларда ҳасадгўй бўлади. Таътилни зўр ўтказдим, катта ютуққа эришдим, пулим кўпайди, дея кўрманг, акс ҳолда уни ўзингиздан совутиб қўясиз.

Нима қилиш керак эмас?
Қарши гапирманг.
Димоғдорлигини кўриб, сиз ҳам “катта кетманг”. Бу муносабатлар ёмонлашувига сабаб бўлади.
Ўзингизни бошқаришига йўл қўйманг. Улар одамни бошқаришга уста, шуни инобатга олинг. Қай томонлама ён босасизу, қай жиҳатларда ўзингизни ҳимоя қиласиз, шуни аниқлаштириб олинг.
Жавоб ҳаракатини кутманг.
Яхшилик қилсангиз, ундан яхшилик қайтмаслиги мумкин. Уларда мажбурман деган тушунча йўқ. Чунки улар ҳамма менга қарздор деб ўйлайди.
Эҳтиёт бўлинг
Худбин инсон бошлиқ бўлса, у билан ростгўй ва сабрли бўлинг.
Ходимингиз бўлса, хизмат жойингиздан огоҳ бўлинг.
Агар умр йўлдошингиз бўлса, вазиятга қараб муомала қилинг, керак жойда тарбияланг, баъзида эса мослашиб туринг.

Манба: https://www.psychologies.ru/articles/nartsiss-zakonyi-i-pravila-dlya-obyichnyih-lyudey-a-ya-isklyuchitelnaya-lichnost/