ОЗОДЛИК ГАРОВИ — ҲАЁТ

Оммавий ахборот воситаларида аёлининг жонига қасд қилган эркаклар ҳақидаги мудҳиш воқеаларни ўқиб қоламиз. Ҳар гал оилавий зўравонлик мавзуси ўртага чиқади ва саволлар жавобларданда ортиб кетади. Нима учун қурбонлар агрессив жуфтидан ўз вақтида воз кечмайди? Кеч бўлиб қолмаслик учун ўз вақтида ёрдам беришнинг иложиси борми?
Кузатувларга кўра, оилавий зўравонлик сабабларидан бири сифатида рашк туйғусини кўрсатишади. Айнан рашк туфайли оилавий зўравонлик аянчли воқеалар билан тугаши мумкинлигини ҳаётий вазиятлар исботлаб бермоқда.
Биз ҳар доим яхшиликка ишониб яшаймиз. Аммо оилавий зўравонлик туфайли бир инсон бу ҳаётдан кўз юмганда: «Аҳволни шу даражагача олиб келиш шартми? Нима учун бундай азобли турмушдан қочиб кетиш мумкин эмасди?» – деган саволлар миямизда чарх ураверади. Чуқур ўйлаб кўрсак, жавобларини ҳам топамиз: кетишдан қўрққан бўлса керак, деймиз. Агрессияга мойил эркак ўзини қандай тутишини олдиндан била олмайсиз, қолаверса, қурбон оиладан қочиб кетса, аҳвол қай томонга ўзгаришини ҳам белгилаб бўлмайди. Оилавий зўравонликка учраган аёллар кўнглида ажралиш ҳисси кўп бора ўтганини таъкидлайдилар. Масалан, Россиянинг ўзида ҳар 20 дақиқада аёллар оилавий зўравонлик қурбонига айланади. Аксарият қурбонлар ҳуқуқ-тартибот идораларигача етиб бормайди ёки жанжалкаш турмуш ўртоғига раҳм қилиб, берган аризасини қайтариб олади.
Бу аёлларнинг ушбу ҳаракатини асослаб бериш учун кўплаб сабабларни кўриб чиқишга тўғри келади.
Баъзилар оилавий зуғумни одатий ҳол сифатида қабул қилишга одатланиб қолган. Сабаби уларнинг оиласида болаликдан шундай муҳит ҳукмрон бўлган. Инсонлар йиллаб оилавий зўравонлик гирдобида яшайди ва ушбу ҳаётни меъёр сифатида қабул қилади. Эри билан ажралишни ўйлаган аёл одатда атрофдан кўмак излайди, лекин кўп ҳолларда уни тополмайди. “Эр бош бўлса, хотин бўйин”, “Эр-хотин уриши – дока-рўмол қуриши” деган нақллардан нарига ўтолмайди. Аёлнинг борадиган жойи бўлмайди: яқинларига юк бўлишни истамайди, кўмак марказларига боришга ор қилади.
Мана шу ўзбекона андиша аёлни боши берк кўчага олиб киради. Аслида бундай қолиплардан ҳалос бўлиш керак. Қачонгача уйдаги зўравонликни яшириб яшаш мумкин? Қолаверса, эр-хотин масалаларига кўпчилик аралашишни истамайди. Ҳатто тегишли давлат муассасаларига етиб боришгача имкон қолдиришмайди. Роса калтак еган аёл, жарима билан қутулиб қолган эркак ёки аризани қайтариб олган жуфтлик жамият кўз олдида муаммо ечилгандай таассурот қолдиради.
Лекин шундай жасур аёллар ҳам борки, улар ўз вақтида оилавий зуғумлардан ҳалос бўла олган. Ўша ҳал қилувчи қарорни чиқарган. Ҳаётини яхши томонга ўзгартирган. Лекин афсуски бундайлар саноқли. Оилавий зўравонликда аёллар айбдор дейдиганлар адашади. Аёлларни айблайдиганлар ҳам бунга ҳаққи йўқ.
Унинг ўрнига қўлни қўлга бериб, оилавий зўравонлик қурбонларига ёрдам беришимиз керак. Зўравонликни яширмайлик, эътиборсиз қолдирмайлик. Дарди бор аёлларни тинглаб, қўллаб-қувватлайлик. Зўравонлик олдида ожиз қолган аёлларга ёрдам бериш учун психолог бўлишнинг кераги йўқ, шунчаки инсонийлик қилайлик.

Манба: https://www.psychologies.ru/articles/tsena-svobodyi-jizn/