Феруза Иззат: «Аёлларга, болаларга, ногиронларга ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга муносабат ўша давлатнинг қанчалик тараққий этганлигидан далолатдир»

Феруза Иззат (Шокирова) – асли Ўзбекистонлик бўлиб, Анталия (Туркия) педагогика университетида дарс беради. Феруза аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатларининг фаол иштирокчиси бўлиб, ўзининг Twitter’даги саҳифасида гендер тенглигининг муҳим мавзулари ҳақида ёзади. Бу ерда Феруза Иззатни минглаб фойдаланувчилар кузатишадм.

НОВА24 нашри Феруза Иззат билан аёллар ҳуқуқлари ва ўзбек жамиятида мавжуд стереотиплар масалаларини муҳокама қилди:

Нима деб ўйлайсиз, аёлларга нисбатан босим бўлмаган ва улар эркин яшай оладиган жамият тараққий топган ҳисобланадими?

– Албатта, шундай. Аёлларга, болаларга, ногиронларга ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳар бир кишига муносабат давлатнинг қанчалик ривожланганлигидан далолатдир. Аёллар жамиятнинг деярли ярмини ташкил қилади. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳурмат қилиш ва ривожланиш учун яратилган шароитлар ҳам айнан шу жамият ривожига ҳисса қўшиши аниқ. Зеро, аёллар миллат тарбиячиларидирлар.

Ўзбекистонда аёлларга нисбатан дискриминация масаласи энди-энди ўрганила бошлаяпти. Кўплаб ўзбек аёллари «Нега қиз туғдинг? Бизга ўғил керак. Қиз барибир турмушга чиқиб кетади, аммо наслни ким давом эттиради?», деган тазйиқларга учрайдилар. Сиз бу ҳақида нима дейсиз?

– Мен бу каби фикрлардан дарҳол воз кечиш керак, деб ҳисоблайман. Бугун кўплаб оилаларда бундай қарашдан воз кечилинаятгани ҳамда улар ўз қизларига ўғилларидан кам бўлмаган даражада эътибор беришаётгани қувонарли ҳол, албатта. Аммо, афсуски жамиятда ҳалиям эскича фикрлайдиган ҳамда қиз болани оиладан эмас, деб ҳисоблайдиганлар учраб туради. Бндай оилаларда аёллар то ўғил фарзандни дунёга келтирмагунларига қадар туғишда давом этишади.

Мана қаранг: Ўғилой ва Улбўлсин деган исмларнинг ўзи ҳам жамиятдаги аёлларга нисбатан муносабатни англатмаяптими? Ота-она қандай қилиб ўз қизига «ўғил туғилганлиги яхшироқ» деган мазмундаги исмни қўйишлари мумкин? Сиз бирор марта бирор оилада ўғил фарзандларига Қизбўлсин ёки Қизбек деб исм қўйишганини эшитганмисиз?! Шу ҳолатнинг ўзи ҳам аёллар ва эркакларга нисбатан жамиятнинг қарашини ёрқин ифода этмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, эркакларнинг олий маълумотли бўлиш кўрсатгичлари аёлларникидан юқорироқдир. Қизларни эса ёшлигидан уй бекалигига ва бахтли оила қуришга тайёрлайдилар. Бу ҳақида нима дейсиз?

– Умумаy олганда, бу фикр мунозарали, аммо ҳа, одатда шундай бўлади. Бироқ, Ўзбекистонда қизини ҳам ўғиллари қаторида ўқитадиган оилалар кўп – буни инкор этиш мумкин эмас.  Аммо, аёллар олий маълумотли бўлсалар ҳам эрлари руҳсат бермаганликлари туфайли тўйдан кейин кўпинча ишлаш олмайдилар.

Биз ёшлигимиздан қизларни қўлида супурги ва латта билан тарбиялаймиз. Биз учун энг муҳими қизимиз ўқитувчилар томонидан берилган уй вазифасини эмас, балки кундалик рўзғор юмушларини қай даражада бажара олишидир. Айнан шу нарса хато – чунки, бу орқали биз аёлларни турмуш ўртоқлари қўлига қарам қилиб қўйияпмиз.

Анъанавий қарашга кўра, аёлларнинг фарзанд дунёга келтириш борасидаги фикрлари сўралмайди – улар кўпинча биринчи никоҳ кечасидаёқ ҳеч қандай танлаш ҳуқуқисиз ҳомиладор бўлиб қоладилар. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

– Бизда кўплаб ёш оилалар оила катталари билан биргаликда истиқомат қиладилар ҳамда ўзи кечагина ёш бола бўлган икки ёш 1 йил ўтар ўтмас ота онага айланади. Бир-бирга ҳамда янги муҳитга мослашиш жараёни кўпинча қариндиш уруғлар ҳамда атроф муҳит босими остида кечади. Келин барчани бирдек рози қилиш учун тезда хомиладор бўлади. Мен доимо иложи борича ёшлар алоҳида яшашлари кераклигини айтаман – фарзандлар туғилишини режалаштиришда эса келин ва куёвдан бошқа ҳеч ким масъулиятли эмас ва бошқа ҳеч кимнинг аралашишига ҳаққи ҳам йўқ.

Оилани сақлаб қолиш мақсадида аёллар кўпинча барча азиятларга чидайдилар ва «ажрашгудек бўлсам болалар отасиз қолади», «одамлар нима деб ўйлашади», «ажрашсам кейин кимга ҳам керакман?», деб ўйлайверишади. Қандай қилиб психологик соғлом қизни тарбиялаш ва юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мумкин?

– Аввало, оилада аёлларни қадрлаш керак. Аёллар учун уларнинг ота-оналари, ака-ука ва опа-сингиллари энг яқини бўлсин. Бизда кўпинча аёллар учун орқага қайтиш йўлини қолдирилмайди. Бу ҳаёт ва унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аёл доимо ота уйида қабул қилиниши керак. Шунингдек, ҳамма битта нарсани тушунсин – ажрашиш бу фожеа эмас. Низоли оиладаги муҳитда болалар руҳий босим остида улғаядилар ва аминманки хеч бир болага бу нарса керак эмас.

– Ўзбекистондаги аёлларга бўлган муносабатни қандай қилиб яхшилаш мумкин? Таклифларингиз?

– Бу борадаги муаммолар кўп, нимадан бошлашни ҳам билмайман. Яхшиямки, сўнгги йилларда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқлари ҳақидаги қарашлар ўзгармоқда. Аёллар муаммолари бўйича қилинадиган ишларга бир бутун сифатида қараш ва уларни ҳал қилиш учун йўл харитасини тузиш керак. Ҳамма нарса аллақачон очиқ айтилган. Булар қоғозда қолиб кетмаслиги керак, аксинча амалиётда қўлланилиши лозим.

 

Манба: nova24.uz

Рус тилидан таржима: Зебинисо Эргашева