Давлат солиқ қўмитасининг баёноти

“NeMolchi.uz” лойиҳасида эълон қилинган хабар юзасидан ички хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Давлат солиқ хизмати органлари тизимида ходимларнинг касбий фаолияти билан бир қаторда маънавий-ахлоқий хулқ-атворига нисбатан ҳам қатъий тартиб ўрнатилган. Солиқ хизмати органларида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан оилавий зўравонлик кескин қораланади. Гендер тенглиги ва барча ходимларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилига қатъий амал қилинади.

Маълум бўлишича, воқеа жорий йил бошида содир бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан шу кунга қадар фуқаро томонидан давлат солиқ хизмати органларига мурожаат қилинмаган, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳам маълумот келиб тушмаган. Агар воқеа ҳақида ўз вақтида хабар қилинганда, ҳолат тезкорлик билан ўрганилиб, тегишли муносабат билдирилган бўлар эди.
Ҳозирда хабарда келтирилган ҳолат бўйича ички хизмат текшируви бошланган бўлиб, унинг якуни бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Шу билан бирга, воқеликка бевосита алоқадор бўлмаган касбий фаолиятни сарлавҳа ҳамда матнларда алоҳида урғу бериб кўрсатиш ўринсиз ва мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз. Бу давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, обрўсига путур етказади.

Шу нуқтаи назардан, мақола сарлавҳасини таҳрирлаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз, акс ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда ҳаракатлар амалга оширилади.

Таъкидлаб ўтамиз, давлат солиқ хизмати органлари зўравонлик жабрланувчиларини ҳимоя қилишга оид лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва хабарда келтирилган ҳолатларни йўл қўйиб бўлмайдиган хатти-ҳаракат деб ҳисоблайди.