Чайлдфри: ҳудбинлик ёҳуд онгли қарорми

Бизнинг жамиятимизда бола кўриш масаласини муҳокама қилиш доимо долзарб бўлган. Ёшлар турмуш қуришлари ҳамон атрофдагилар қачон болали бўлишларига қизиқади. Мабодо у ёки бу сабабларга кўра ёшлар ўз хоҳишларига кўра бола кўришни кечиктирса, уларни ҳудбинликда айблаб, тезроқ ота-оналарини неварали қилиш лозимликлари эслатилади.

Ўзбеклар азалдан болажон халқ бўлган. Лекин бугунги кунда бола кўриш масаласида бошқа фикрда бўлган инсонлар ҳам учрайди. Уларни танқид қилиш ноўрин. Истамасдан бола кўриб, уни ташлаб ёки ўлдиргандан кўра, бу масалага жиддий ёндошган афзал, бизнингча.

“Чайлдфри” кимлар?

Чайлдфри ― бола кўришдан воз кечадиган инсонлар. Бу ерда гап фарзанд кўриш муаммоси билан боғлиқ эмас, балки бу ихтиёрий қарордир.

Чайлдфри ҳақида илк бор 1970-йилларда АҚШ лик фаол Эллен Пек оталик ва оналикнинг зарари тўғрисидаги “The Baby Trap” китобини нашр этганда гапира бошлашди. Эллен Пек Ширли Редл билан биргаликда Миллий ота-она бўлмаган ташкилотга асос солган (у ҳозир мавжуд эмас).

Бироз вақт ўтгач, канадалик психолог Жан Виверс ушбу ҳодисани ўрганиб чиқди ва 1980 йилда «Childless by Choice» («Ўз истагига кўра фарзандсизлар») китобини чоп этди.

Нега одамлар чайлдфри позициясини танлайди?

Бунинг сабаблари кўп. Илк чайлдфрилар топиш-тутиши яхши бўлган, кўпинча атеистлар бўлган. Лекин бугунги кунда турли эътиқоддаги одамлар фарзанд кўришдан ихтиёрий равишда воз кечмоқда.

✅Вақт ва пул

Социолог Ольга Исупованинг фикрига кўра, эркаклар ва аёллар учун фарзанд кўрмасликнинг сабаблари турлича: чайлдфри аёлларнинг аксарияти олий маълумотли ва яхши даромадга эга, эркаклар эса, аксинча. Фарзандсизликни танлаб, аёллар болага меҳр бериш учун вақт ажратиш кераклиги ҳақида гапирса, эркаклар – пул ҳақида кўпроқ ўйлашади.

✅Катта масъулият

Чайлдфрилар орасида масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлмаган ва истамайдиганлар кўп. Ўзининг барча кучларини карьера ёки хайрия ишларига сарфлашни афзал кўрадиганлар ҳам бор.

✅Ҳиссиётлар

Ота-оналарига қанчалик қийин бўлганини кўрганлар ҳам бор. Ёки улар болалигида ўзларини исталмаган бола деб ҳисоблаган. Улар ўзлари учун фарзандсиз ўтишга қарор қилишган.

✅Болалар – хаёт мазмуни эмас

Болалар хаёт мазмуни эмас, деб ҳисоблайдиган инсонлар кўп. Улар руҳан соғлом. Бу қарорга эса онгли равишда келишган, ҳаётда мақсадлари ҳам, қувончлари ҳам кўп.

Аниқланишича, чайлдфрилар орасида оилада ягона фарзанд бўлиб ўсганлар кўп экан.

Европада 15% оилаларда фарзанд йўқ. Россияда бу кўрсаткич – 8% га тенг.

Социологларнинг фикрига кўра, фарзандсиз бўлишни исташнинг асосий сабаблари: карьера қилиш, пулни фақат ўзига сарфлаш истаги, ёлғиз эркин ҳаётдан ажралишни истамаслик, ота-оналар билан ёмон муносабатлар, психологик комплекслар, саёҳатларни яхши кўриш, уй ҳайвонларининг борлиги.