Бухоро вилоятида маст ҳолда қизга тажовуз қилган эркак тракторда қочишга уринди

Маълум қилинишича, 20 май куни соат 10.09 да 102 рақамига қўнғироқ бўлиб, қиз маст ҳолда нотаниш шахс уни таҳқирлагани учун кийим-кечак юборишни сўраган. Етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари маст эркак қизни таҳқирлашда давом этаётганининг гувоҳи бўлган, бироқ уни қўлга олишга уринишганда, фуқаро трактори томон юриб қочишга уринган.

Ҳайдовчини тўхтатмоқчи бўлиб, трактор зинасига чиққан ходимнинг қонуний буйруғига бўйсинмасдан ҳайдовчи уловини юрғизиб кетган. Бироз вақт ўтгач, ҳуқуқ-тартибот ходими тракторни тўхтатишга муваффақ бўлди.

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги учун айбланувчига баённома тузилган. Унинг қилмиши Жиноят кодексининг 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) билан ҳам кўриб чиқилади.

Бизни қизиқтираётган яна бир савол, ходимларга қўнғироқ қилган қизга жинсий зўравонлик қилгани масаласида эркак нима учун жиноий жазога жалб қилинмаган?!
Ростдан ҳам жиноятчи қочишга уринмаганида, ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасмиди?

Кимдир унга нисбатан Жиноят кодексининг 194-моддасига кўра қаттиқроқ жазо тайинланиши мумкин дейиши мумкин. Нима учун таъқиб ёки тажовуз қилиш ҳолларида жиноий жавобгарликка тортиш муҳим?

1️⃣»Номусга тегиш» моддасида ушбу моддада кўрсатилган жиноятни бир йил ичида такрор содир этганлик учун янада қаттиқроқ жазо белгиланган. Агар бу одам яна шундай жиноят содир этса, у бирламчи ҳуқуқбузарлик сифатида жавобгарликка тортилади.

2️⃣Қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, янги моддалар бўйича қўзғатилган ишларнинг статистикасини кузатиш жуда муҳим. Агар жиноят таркиби аниқ бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзлари ҳам ушбу модда бўйича жиноятчига нисбатан жазо чораларини қўлламаса, қонун устуворлиги қаерда қолади?

3️⃣Юқоридаги ҳолатлар бўйича жавобгарликка тортиш, буни жиноят деб билиш ва аёлларга нисбатан қилинаётган тазйиқларга қаршилик кўрсатиш билан давлат аёлларни чинакамига ўз ҳимоясига олганлигини исботлаб берган бўлар эди.

Умид қиламизки, ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай жиноятларга жиддий ёндашади, чунки барча давлат органларининг мақсад ва вазифалари ягона ва равшан бўлиши лозим. Инсонларни таъқиб қилиш, уларга тажовузкорона муносабатда бўлиш жиноят ҳисобланади.

Нигина Худайбергенова