«Бу болаликдан» – турли вазиятларни тушунтириш учун кенг тарқалган ибора. Болалик ҳақиқатан ҳам ҳаётга биз сезганимиздан ҳам кўпроқ таъсир қилади. Олимлар, болаликда ҳатто ДНК ўзгариши, катта ҳаётда қандай хасталиклар ривожланишига таъсир қилиши мумкинлигини аниқладилар. Туғилганликдан то йигирма бир ёшга тўлгунча бўлган беш юз филиппинлик иштирок этган тадқиқот шуни кўрсатдики, болаликдан баъзи ҳолатлар ва омиллар яллиғланиш билан боғлиқ генларнинг модификациясига олиб келиши мумкин. Нималар ҳақиқатан ҳам болаликка тақалиши ва қайси ҳолатлар хаёт давомида ривожланишини аниқлаймиз.
Руҳий ва жисмоний саломатлик
Одам вояга етганида дуч келадиган кўплаб руҳий саломатлик муаммолари болалик давридаги воқеалар билан боғлиқ деган фикр кенг тарқалган. Мавзу бўйича кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу ҳақиқатдир.
Масалан, патологик қарамликка чалинган эркаклар кўпинча болаликда зўравонликка учраган бўлиб чиқади. Ҳудди шундай бундай зўравонликка учраган қизлар катта бўлганида чекиш эҳтимоли кўпроқ эканлиги исботланган. Болаликдаги оғир стресс – келажакда одамнинг депрессияга мойиллигини оширади. Икки ёшдан беш ёшгача бўлган болалар учун кунига икки ёки ундан ортиқ соат телевизор томоша қилиш хулқ-атвор ва ижтимоий қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Олимларнинг охирги изланишларига кўра, бола ва табиат уйғунлиги энг яхши натижа берувчи даво турларидан биридир. Биз фарзандларимизни кўпроқ табиат билан ошуфта қилсак энг яхши даво ҳам шудир аслида.
Болалар уйини
Олимларнинг таъкидлашича, боланинг мактадаги баҳоларига қараганда, уйингиз олдидаги қумлоқда ўйнаши ва ўйин орқали эришаётган ҳар бир натижаси кўпроқ эсида қолиши мумкин экан. Ижтимоий ҳаётга мослашувни белгиловчи мия атрофидаги нейронлар ишга тушар экан, айни ҳар бир ҳаракат ўйин орқали бажарилса.
Ишловчи оналар-бахтли фарзанд
Гарвард бизнес мактабидаги 2015 йилда олиб борилган тадқиқотларга кўра, оналари ишловчи қиз фарзандлар келажакда меҳнат фаолияти давомида юқори натижаларга эриша олиши аниқланди. Ўғил фарзандлар эса ўз оиласига меҳрибон йигитлар бўлиб вояга етишар экан. Бундан ташқари тадқиқот шуни кўрсатадаки, ишловчи оналарнинг фарзандлари, уйда ўтирувчи оналарнинг фарзандларидан бахтсизроқ эмас.
«Моцарт эффекти»
Ҳомиладор аёл Моцартни тингласа туғилажак фарзанди ақлли бўлиши мумкин деган гапларни эшитгансиз, а? Бу фикрлар 1993 йил “Nature”журналида чоп этилгач, ёш ота-оналар ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлади. Энг қизиғи, 1998 йил Жоржия штати губернатори Моцарт мусиқаси ёзилган дискка давлат бюджетидан маблағ ажратиб, чиққан дискларни ёш ота-оналарга ҳавола этган. Лекин асл тадқиқот гўдакларда эмас, 36 кишидан иборат бўлган талабалар ўртасида ўтказилади. Айнан 1999 йил камида 16 та тадқиқот ўтказилган бўлса, аниқландики, мусиқа баъзи рухий зўриқиш ҳолатларида тинчлантириши мумкин, лекин аниқ биламизки, мусиқа бизни ақллироқ қилиб қўймайди. 2010 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра нафақат Моцарт ёки мумтоз мусиқа, умуман мусиқанинг барча йўналишлари инсонларда рухий тинчланишга олиб келади.
Катта фарзанд
Олимларнинг таъкидлашича, оилада катта фарзандларнинг, кичикларига қараганда фикрлаш доираси кенгроқ бўлади. Бунинг сабаби ҳар бир ёш ота-она биринчи фарзандига кўпроқ эътибор беради ва унинг ақлан ва рухан ривожланиши учун кўпроқ вақт сарфлайдилар. Кичик фарзандалр туғилишида ота-онада етарлича кўникма ва малакага эга бўлишади. Лекин замонавий тадқиқотларга кўра бола шахсининг ривожланишига боланинг оилада нечанчи фарзанд эканлигининг мутлақо алоқаси йўқ.
Ёлғиз фарзанд
Оиладаги ёлғиз фарзандалар «Эркатой» ва «Нозик табиат»ли бўлишади. Бундай фарзандлар ва уларнинг ота-оанси ўртасида кучли боғлиқлик бўлиши табиий, лекин бу уларнинг ака ёки укали оилаларда катта бўлган болалардан интеллекти паст деган фикрни бермаслиги керак.
Биз қачон улғаямиз?
Ўзимиз биладиган психологик тестларимиз бизнинг ёшимизни белгилашда адашиши мумкин, лекин олимларнинг тадқиқотлари ҳеч нарсада адашмайди. 2018 йилдаги изланишлар натижасига кўра ўсмирлик даврини 10 ёшдан 24 ёшгача деб белгилашди. Эндиги изланишлар натижасига кўра инсонда рухий улғайиш учта ўнликка бўлинади, демакки биз ўзимизни 30 ёшимизда улғайдик, деб ҳисобласак ҳам бўлади.