Болалар билан жинсий зўравонлик ҳақида қандай гаплашиш керак

Уларга ўзгаларнинг ва ўзининг шахсий чегараларини ҳис қилишга ўргатиш йўллари

Болаларга нотаниш инсонлар кўпроқ таҳдид солади, деб ўйлаймиз. Аммо бу фикр бироз нотўғри. Чунки вояга етмаган шахсларга таниш кимсалар ҳам зўравонлик қилади. Дунё ҳуқуқшуносларининг фикрича, бу каби зўравонлик ҳолатлари умумий миқдорнинг тўртдан уч қисмини ташкил қилади. Статистикага кўра, Буюк Британияда ҳар 20 нафар вояга етмаган боланинг бир нафари, АҚШда эса ҳар 10 нафар вояга етмаганнинг бир нафари жинсий зўравонликка учрайди.

Афсуски, жинсий зўравонликни олдини олишнинг ягона ҳаммабоп усули мавжуд эмас. Аммо болаларга шахсий чегараларини ҳимоя қилиш ва зўравонлик аломатларини сезишга ўргатиш мумкин.

Эрта ёшдан суҳбатларни бошланг

Кўпчилик ота-оналар жинсий ҳаёт ва жинсий зўравонлик мавзуларини фарзандига ўсмирлик вақтида тушунтириш маъқул, деб ўйлайди. Аслида хавфсизлик ва шахсий чегаралар ҳақида анча олдин гаплашиш керак. Психологларнинг фикрига кўра, суҳбатни эрта ёшдан бошлаш мумкин, масалан, хавфсизлик қоидаларидан. Бола икки-уч ёшга кирганда, унга ўз танаси шахсий эканлигини, агар бировнинг тегиниши ёқмаса, унга „йўқ“ дейиш ҳуқуқи борлигини тушунтириш керак. Бу ҳар қандай тегинишга тааллуқли, зеро, бола танасининг дахлсизлиги ва хавфсизлик ҳуқуқларига эга.

«Ичкийим қоидаси»ни тушунтириб беринг

Бола тўрт ёшга кирганда, мутахассислар «ичкийим қоидаси» (ёки “трусиклар қоидаси”) номли қоида ҳақида гапириб беришни тавсия қилишади. Унинг асосий маъноси, ичкийим остидаги аъзолар бизнинг интим жойимиз ва уларга ўзга инсоннинг тегиниши мумкин эмас, фақат ота-оналар болани чўмилтирганда, уларга рухсат бор. Ёки шифокор кўриги вақтида ҳам бола қаршилик кўрсатмаслиги керак. Бунда ота-оналар иштирок этиши шарт. Болага мана шу ҳақиқатни эхтиётлик билан тушунтириб бериш жуда муҳим. Бола билан суҳбат ўтказганда, уларга агар бошқа одамнинг тегиниши ёқмаса, албатта, ўз норозилигини билдириш ҳамда бу воқеа ҳақида яқинларига айтиб бериш лозимлигини уқтириш керак.

Анатомиядаги номлардан фойдаланинг

Зўравонликнинг олдини олишда муҳим қоидалардан бири, жинсий аъзоларни ўз номи билан аташдир: яъни «олат», «қин» каби. Бола уларни аниқ билиб олганда, саволлар бериши осонлашади, қаери безовта қилаётганини тушунтириб бера олади. Психологларнинг айтишларига кўра, бола кичиклигидан ўз аъзоларининг ҳақиқий номларини билиб улғайгани маъқул. Зўравонлик ҳолатлари билан ишлайдиган психологлар шундай дейди: «Агар бола жинсий аъзоларини аниқ номлай олса, зўравон ундан қўрқади. Демак, боланинг онги яхши ривожланган ҳамда салбий ҳодиса ҳақида кимгадир бемалол айтиб бериши мумкин. Уят бўлади, дея уни қўрқитиш қийин».

Шахсий ва бегона тананини ажратишни ҳамда ҳурмат қилишни ўргатинг

Зўравонлик ҳақида гап кетар экан, энг аввало танага оид маълумотларни беришга тўғри келади. Экспертларнинг айтишича, биз болаларни катталарга қулоқ солишга ўргатиш орқали, ўз ҳуқуқи учун курашиш имкониятидан маҳрум қиламиз. Шунинг учун уларга шахсий ҳуқуқлари ҳақида ҳам тушунтириш бериш лозим. Болага шахсий ва бегона чегаралар ҳақида маълумот беринг ва бегоналарнинг мана шу аъзоларга рухсатсиз тегиниш мумкин эмаслигини айтинг. Психологларнинг фикрига кўра, бола ўзига ноқулай бўлган вазиятларда ҳеч хижолат чекмасдан, «йўқ» дея олиши ва бу тарбиясизлик белгиси эмаслигини тушуниши керак. Агар унга ёқмаса, у қайсидир қариндошини ўпишга ёки қучоқлашга мажбур эмас. Буни меъёр деб ўйлаган болакай, мутлақо бегона инсонга рад жавобини бера олади. Қолаверса, боладан унинг фикрини сўраб туришни унутманг: «Кўйлагинг қийшайиб қолибди, тўғрилаб қўяйми?» дея. Шунда рухсат сўралмайдиган зўравонлик вазиятларида бола қўпол ҳаракатларни дарров англаб олади.

«Ёмон» сирлар борлигини тушунтиринг

Зўравон шахслар боланинг ишончидан фойдаланиб, ҳамма нарсани сир сақлашга чақиради ва шу орқали болани бошқаради, бола эса қўрққанидан ҳодиса ҳақида яшира бошлайди. Шунинг учун болаларга сирларнинг яхши ва ёмони борлигини тушунтиринг. Масалан, ёқимли совғани яшириш бу яхши, аммо қўрқув, таҳдид, зўрлаш ҳақида индамай юриш нотўғри. Ота-онанинг вазифаси, «ёмон» сир тагида турли салбий оқибатлар яширин бўлишини айтиш ва у ҳақда яқинларга айтиш, бировни сотиш, дегани эмаслигини англатишдир. Айниқса, гап интим аъзолар ҳақида кетганда.

Зўравонлик ҳақида айтсанг, сени ҳеч ким уришмайди

Афсуски, барча ҳолатларда ҳам боланинг «йўқ» дейиши зўравонни тўхтата олмайди. Шундай вазиятда боланинг зўравонлик ҳақида қўрқмай гапириб бериши жуда муҳим. Қолаверса, болага ҳар қандай шароитда ишонишингизни, мабодо салбий ҳодиса содир бўлган тақдирда, сўзлаб бергани учун, уни уришмаслигингизни билдиришингиз керак. Чунки аксарият зўравонлик ҳолатларида бола қўрқиб қолади ва мана шундай дамда у ишониш мумкин бўлган яқин инсони борлигини билиши лозим. Бунинг учун бола ота-онаси энг хавфсиз инсонлар эканлиги, улар муаммони ҳал қилувчи асосий шахслар бўла олишига амин бўлиши керак.

Боланинг ҳисларини ҳурмат қилинг

Зўравонлик ҳолатлари билан ишлашда бола билан катталар орасида ўрнатилган хавфсиз муносабатлар ёрдам беради. Бу умумий қоидалар: болани тинглаш, унинг ҳисларини ҳурмат қилиш, у билан мана шу ҳислар ҳақида гаплашиш каби. „Қўрқяпсанми“, ёки „Бу ҳақда гапиришга уяласанми?“, ёки „Ҳамма шундай ҳодисаларга дуч келади. Мен сенга ёрдам беришга ҳаракат қиламан“» — дея болага бўлган ҳурматингизни намойиш қила оласиз. Натижада бола ўзини ҳурмат қилишни ўрганади, ўз ҳисларини тан олишга ўтади, атрофидаги ҳодисаларнинг моҳиятини англайди ва шубҳаларини ўз вақтида катталарга айта олади.