Қайнонанинг номида бўлган уйда келиннинг қандай ҳаққи бор?

1-Савол: Турмуш қуришдан олдин кейинчалик она ва болалар ҳимояда бўлишлари учун нималарга эьтибор бериш керак?

Жавоб: Турмуш қуриш ёшидаги ёшлар қуйидагиларга эьтибор беришлари керак:

  • Никоҳ қайд этилгандан бошлаб фуқаролар эр-хотин ҳисобланадилар ва шу вақтдан бошлаб улар ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келади
  • Эр-хотин тенг хуқуқли ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.
  • Эр-хотин болалар тарбияси ва бошка масалаларга маъсулдир хамда оилавий муаммоларни биргаликда ҳал қиладилар. Шунингдек эр-хотин машғулот тури, касби яшаш жойини ўзлари танлашга хақлидир. (Оила кодексининг 18,19,21,22-моддалари).
  • Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. (23-модда)
  • Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир. (24-модда)

 

2-Савол: Агар хонадон қайнона номида бўлсаю, она ва болалар рўйҳатда бўлмаса, ажрим вақтида яшаш учун жой талаб қилишга ҳақлими?

Жавоб: Ҳа ҳақли! 2019 йилнинг 10 апрелида ЎзР нинг Уй-жой Кодекси 32-33 моддаларига ўзгартириш киритилганлигига кўра она ва бола уй-жой мулкдорининг таркибий қисмида рўйҳатда турмаса ҳам, уй-жой бошқа шахс (қайнона) номида бўлса ҳам, эр-хотин фарзандли бўлганлигини ҳисобга олиб мулкдор ҳисобланади.

32-модда. Мулкдор оила аъзоларининг, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

 

33-модда. Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойни ижарага, арендага бериш шартномаси бўйича ижарага, арендага олувчининг ҳуқуқлари
Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйдан, квартирадан турар жойни ижарага, арендага олувчи ўзи ижарага, арендага олган хонага уй, квартира мулкдорининг розилигидан қатъи назар, вояга етмаган фарзандларини, агар у алоҳида хонани эгаллаётган бўлса ва ижарага ёки арендага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек эри (хотини) ва меҳнатга қобилиятсиз вояга етган фарзандлари ҳамда ота-онасини кўчириб киритиш ҳуқуқига эга. Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, квартирадаги турар жойни ижарага, арендага олувчи билан бирга яшаётган оила аъзолари ижарага ёки арендага бериш шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга ижарага, арендага олувчининг ўзи билан тенг равишда эга бўладилар.
Бошқа фуқароларни фақат уй мулкдорининг розилиги билан кўчириб киритиш мумкин ва ижарага, арендага олувчи томонидан ўз оила аъзоси сифатида кўчириб киритилган ушбу фуқаролар, агар кўчириб киритишда улар ўртасида бошқача келишув бўлмаган бўлса, ижарага, арендага олувчи ҳамда унинг бошқа оила аъзолари билан турар жойдан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эга бўладилар.
Ижарага, арендага олувчи ижарага, арендага берувчининг (мулкдорнинг) розилиги билан эгаллаб турган турар жойини алмаштиришга ҳақлидир. Ижарага берувчи — фуқаронинг рад жавоби устидан низолашиб бўлмайди. Ижарага берувчи — юридик шахснинг рад жавоби устидан суд тартибида низолашиш мумкин.

3-Савол: Агар аёл руҳий зўравонликка учраган тақдирда, судга ариза бериш учун нималар қилиши керак? Руҳий зўравонликнинг қандай шакллари бор ва уларга маьмурий жавобгарлик , жиноят ва бошқа кодексларда қандай жазо чоралари кўрсатилган?

Жавоб: 2019 йил 17 августда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси қонуни 3-моддаси “Асосий тушунчалар”да келтирилганидек руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳисобланади. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги ЎзР қонунидан:

4-модда. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;
содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Агар сизда зўравонлик ҳолатлари кузатилса, қуйидаги рақамларга қўнғироқ қилиб бепул маслаҳат олишингиз мумкин:

+99899 529-94-94

Саволларга  Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази Самарқанд вилоят бўлими ҳуқуқшуноси Муҳаммадиев Фирдавс жавоб берди