Кечадан буён мен аъзо бўлган ўзбекзабон телеграм каналлари, фейсбукдаги эркак-аёл дўстларим 8 март ҳақида ҳазил-эрмак постлар ёзиб ётишипти, ким қанақа совға олгани-ю, қанақа совға кутаётганини ҳам эринмай реклама қиляпти. Табриклар ҳам бошланиб кетган – қадрли аёллар, сизларни байрам билан табриклаймиз, кўзимизни қувнатиб юринг ва ҳоказо ва ҳоказо. «Ҳазил» шеърлардан энг машҳури –
«8 март бугун –
Халқаро «расход» куни.
Тезроқ совғасини бер –
Овози ўчсин уни(нг)!»
Яна «ҳазил»лардан бири – «8 март – аёлларнинг байрами, шундай экан, бунга эркакларни аралаштирманглар!»
Мен адекват фикрли деб ҳисобловчи дўстларим шу мазмундаги постларни кетма-кет ёзиб ётишиптики, ғашим келишиниям, жаҳлим чиқишиниям билмай, иккиланиб қолдим. «Расход» куни экан, қилаётган бўлсангиз – сизни дунёга келтирган онангизга, бир қориндан талашиб тушган опа-синглингизга, сизга фарзандлар туғиб бергувчи аёлингизга, борингки, ўзингиз кўнгил қўйган қизингизга «расход» қилаётгандирсиз, шуларнинг «овози ўчсин»ми?! Аниқми?!
«Эркакларни аралаштирманглар!»
Аслида, бу «байрам» аёлларнинг эркин ҳаёт кечиришига, фикрлашига, танлашига, овоз беришига эркаклар даҳл қилмаслиги асосига қурилган эмасми? Бу эркка эришиш учун қанча аёллар қони тўкилган, қанчадан-қанча шафқатсизликлар, жиноятлар содир қилинган. Шуни билмаслигингиз, «кўзимизни қувнатиб юринг,» – дейишингиздан ҳам маълум. Аёл бу – безак эмас, декорация эмаски, кўзларни қувнатиб турса.
Аёл – шахс! 8 март эса шунчаки «Онажонлар байрами» эмас, Аёл эрки куни, курашиб, шахс мақомида эканини исбот қилган куни!