Нафақадаги аёлни 21 ёшли эркак зўрламоқчи бўлгани ва калтаклагани воқеаси нима билан якун топди

​ (https://telegra.ph/file/55d3f011cfd06af3fe30f.jpg)Ўтган йили нафақадаги аёлни 21 ёшли эркак зўрламоқчи бўлгани ва калтаклагани ҳақида ёзгандик (https://t.me/SukutSaqlama/1419).

Аёл тонг саҳарда доимгидек сайрга чиққанида унинг ортидан маст йигит илакишади. Ундан яширинишга уриниб, аёл подъездга кириб олади, у ерда эса даҳшатли ҳужум содир бўлади. Калтакланган ва қўрқиб кетган аёл ички ишлар органларига мурожаат қилишга ўзида куч топган, бироқ унинг сўзларига кўра, тергов кўплаб қонунбузарликлар билан давом этган. Бу ҳақда батафсил ёзган эдик.

Эслатиб ўтамиз, терговчи жабрланувчининг рози бўлмаганига қарамай, 277-модда (“Безорилик”) бўйича ишни судга оширади. Аёлнинг адвокати ишни 118-модда (“Номусга тегиш”) бўйича қайта квалификация қилишни сўраганди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди бу иш бўйича ўтган йилнинг апрель ойида ҳукм чиқарган. У қайта квалификация қилишни рад этади ва судланувчини 277-модда бўйича 1 йил муддатга манзилли колонияда жазо ўташга ҳукм қилди.

Жабрланувчининг соғлиғи ёмонлашгани, оғир руҳий ҳолатга қарамай, ўзида кураш учун куч топади. Жабрланувчининг адвокати апелляция шикояти бериб, июнь ойида иш шаҳар судига ўтказилди. Бунга параллел равишда улар шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилишди.
Жабрланувчи илгари Чилонзор тумани прокуратурасига мурожаат қилиб, бир неча бор шаҳар прокуратурасига борган.

Прокуратура биринчи инстанция ҳал қилув қарори устидан протест келтиради ва иш қайта кўриб чиқиш учун туман судига қайтарилади. Жараён деярли уч ой давом этади. 2022 йилнинг декабрь ойида Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди ишни қайта кўриб чиқиш бўйича якуний ҳукм чиқаради. Эркак ЖК 118-модданинг 1-қисми, 25-модда билан зўрлашга уриниш бўйича айбдор деб топилди. 63 ёшли аёлнинг соғлиғига етказилган зарар ҳам инобатга олиниб, унга сарфланган харажатларни қоплаш мажбурияти юклатилди. Шунингдек, 22 ёшли йигит 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазони ижро этиш колониясида ўташга ҳукм қилинди.

Адолат ғалаба қозонганига қарамай, буни ғалаба деб аташга тил бормайди. Кекса аёл ва унинг оиласи суд тизимининг барча синовларидан ўтди. Жабрланувчининг сўзларига кўра, судларда у айбини тан олмаётган ва уни ёлғончи деб атаган айбдор томоннинг кўрсатмаларини тинглашга мажбур бўлган. Буларнинг барчаси нафақадаги аёлнинг соғлиғига таъсир қилди, ваҳоланки у тажовуздан кейиноқ анча соғлигини йўқотди. Суд етказилган тан жароҳатларни енгил деб баҳолади, бироқ аёлнинг таъкидлашича, у жароҳатлар туфайли чап кўзида зўрға кўради, иккинчи кўзида эса кўриш қобилияти пасайиб кетган.
Аёлнинг сўзларига кўра, суд айбдорга тўлаши керак бўлган компенсация пули унинг қилган харажатларининг ярмини ҳам қоплай олмайди: адвокат, даволаниш, соғлиғини тиклаш.

Кекса, ҳурматли аёл ҳар сафар ҳақиқатан ҳам ҳужумга учрагани, оғир жароҳат олгани, ёлғон гапирмаётганини, унга тажовуз қилган эркакни провокация қилмаганини исботлашга мажбур бўлди. Фақат яқинларининг ёрдами ва адолатга бўлган улкан ички иродаси унга айбдорни жазолашда охиригача боришда ёрдам берди. Адвокат, суд ва прокуратурага бориш учун бир ярим йил ва жуда кўп харажатлар кетди. Жисмоний ва маънавий ҳолатни яхшилаш учун кўп пул ва вақт керак бўлади.

Умид қиламизки, тизимимиз бундай жиноятлардан жабрланганларга янада эҳтиёткорона муносабатда бўлиб, адолат ва қонун ҳимоясида мустаҳкам туради. Ахир, ҳар бир жабрланувчи ўзи учун бундай қаттиқ ва узоқ кураш учун куч ва воситаларни топа олмайди.

Шунинг учун бугун сиздан жасур қаҳрамонимизни ва унинг оиласини қўллаб-қувватлашингизни сўраймиз!

Нигина Худайбергенова