«Ўзинг айбдорсан»: зўравонлик қурбонларини нимада айблашади

Бундай ҳолатга илгари учрамаганман

Ҳар бир онгли инсон ҳужумга қарши кўплаб қуролларга эга, аммо жабрдийда негадир улардан фойдаланмайди.

Кўп ҳолларда зўравон инсон ўзини оппоқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади, у қурбонни айблаш, барча хатоларни унинг елкасига ортиш билан шуғулланади. Жамиятда ўзи ёмон бўлгандир-ки, шунча балоларга учраса, деган фикрни шакллантиришга уринади. Бундай шароитда зўравон инсоннинг найранглари одамларнинг эсидан чиқиб кетади ва инобатга олинмайди: фақат «зўравонлик» ва «қурбон» ҳақида муҳокамалар кетади. Аммо муаммонинг туб негизи айнан зўравоннинг ҳаракатларида бўлади, аслида уни айблаш, муҳокама қилиш, тарбиялаш, тергаш керак.

Шундай кийинганда, нимани ўйлаганди?

Зўравон учун аёлнинг кийими, калта юбкалари шунчаки баҳона. Эркак шунчалик иродасиз деб ўйлайсизми, улар табиатан аёлдан кўра қатъиятли бўлади-ку. Биргина калта юбкани кўриб, наҳот ўзини бошқара олмаса. Бу бироз нотўғри. Акс ҳолда эркаклардан жуда зўр полициячилар, қўриқчилар ва спортчилар чиқмас эди. Аёлнинг ўзини айблаш орқали, зўравон эркаклар худди мана шундай аёлларга зўравонлик қилишга ҳаққим бор, деган маънони беришга ҳаракат қилади. Бу оддий қопқон.

Эхтиёт чоралари ишламаслиги мумкин

Хавфсизлик қоидалари афсуски шошилинч вазиятларда ишламай қолади. Смартфондаги огоҳлантирув тугмаси босилганда биринчи бўлиб ёрдамга келмоқчи бўлган инсонларнинг ўзи зўравон бўлса-чи, қоронғу гаражлардан қўрқиб ёруғ кўчаларда юрасиз, лекин тиқилинч автобусда сизни шилқимлардан бири кутиб туради. Демак, қурбон инсон доимо огоҳ бўлиб юриши керак экан, деган тушунча пайдо бўлади. Аммо бу инсоннинг асабларини чарчатади.

Зўравонлик кутилмаган жойдан чиқади

Зўравонлик жой ва вақт танламайди. У бой ва камбағал, ақлли ва ақлсиз, болалар ва катталар орасида, катта ва кичик шаҳарларда, кунинг исталган вақтида кутилмаган вазиятларда юз бериши мумкин. Қолаверса, аёллар орасида менинг атрофимдаги эркаклар бундай эмас, деган фикр бўлади. Кейин баъзи эркаклар нима учун зўравонликни ҳар доим эркакларга ёпиштириб қўясизлар, деб ажабланади. Тўғри, зўравон аёллар ҳам бўлиши мумкин, лекин жинсий зўравонлик айнан эркаклар орасида кўп учрайди. Эркакларнинг обрўйини аёллар эмас, балки айнан зўравон эркаклар туширади. Жамиятда бу каби эркакларни айблаш ўрнига гоҳида қурбонга айланган аёлнинг овозини ўчиришади, дардингни достон қилишдан нима фойда, деб оғзига уришади. Аммо зўравонлик ҳақида индамай туриш мумкин эмас. Бу бало мени четлаб ўтади, дейдиганлар огоҳ бўлишлари учун. Қолаверса, айбдорлар жазосини топиши, дард чекканлар занжирдан халос бўлиши учун.

Ваҳима қилманг, жинсий зўравонликка учрамабсизку

Одамлар онгида фақат жинсий зўравонлик даҳшатли деган тушунча шаклланиб қолган. Бошқа муаммолар эса худди оғриқ бермайдигандай. Номусга тегиш бу зўрлаш бўлса, унга интилиш ҳам ўз қурбонига анча-мунча стресс келтиради. Бундай ҳаракат давомида аёл киши қанча салбий ҳисни қалбидан кечиришини ўйлаб кўринг. Даҳшатга тушишдан тортиб нафратгача. Йиллаб сақланадиган қалб оғриғи-чи, руҳий жароҳатлар, оғриқли хотиралар. Иш жинсий зўравонликкача бориб етмаган бўлса ҳам, аёл учун ўчмас доғ тушиб бўлди. Йигитларнинг оддий “гап отишлари”, айёрлик билан қарашлари, кўз қисишлари, кези келганда, қизларга тегиниб кетишлари ҳам аёлнинг жамиятда ўрни пасайганидан далолат беради. Аёлни аввало она, опа, жуфти ҳалол, сингил ёки қиз сифатида ҳурматлаш керак.

Ваҳима қилманг

Турли зўравонликлар, хираликлар ҳақида аёл киши ҳеч қачон ёлғон гапирмайди. Ким ўзини шарманда қилишни истайди?! Жамиятда жинсий зўравонлик ҳақидаги мурожаатларнинг саноқли қисми ёлғон бўлиб чиқади. Аксариятида ҳақиқат бор. Афсуски, бу каби ҳақиқий воқеаларнинг ярми ота-оналар қистови билан яширин қолади. Шу сабабдан барчаси ҳам ҳуқуқ-тартибот органларигача етиб бормайди. Жинсий зўравонлик қурбони бу ҳақда бировга хабар бериши учун ўзида жуда катта кучни жамлаши, бутун иродасини йиғиши керак. Чунки у воқеасини ошкор этиш орқали, ҳаётини синдириши ҳам мумкинлигини яхши англайди. Бундай аёлга бошқа эркаклар ёмон кўз билан қарайди, уни ишдан бўшатиши, яқинлари воз кечиши мумкин, фарзандлари эса бошини кўтара олмай қолади. Шуларни ўйлаган кўпчилик зўравонлик қурбонлари индамай юришни афзал билишади.

Ўзининг хулқ-атвори енгил-да

Аёлнинг феъли бироз ўйноқи, кайфияти очиқ ёки табассумсевар бўлса, бу унга зўравонлик қилиш керак дегани эмас, албатта. Аммо атрофдагилар бундай ўйламайди. Аёл жиддий ва одобли бўлсагина, уни ҳурмат қилиш керак, деган тушунча нотўғри. Чунки атрофимизда бир гапириб ўн куладиган, кўп дўстлари эркаклар орасидан бўлган аёллар ҳам йўқ эмас. Жинсий зўравонликка учраган аёлларни муҳокама қилишганда, дарров “ўзининг феъли қанақа эди” деб сўрашади. Бир одамнинг “сал ўйноқироқ эди” деган жумласи етарли. Аммо ҳар доим танганинг икки томонини кўришга одатланиш керак. Ўйин-кулгини севувчи аёлга зўравонлик қилиш мумкин, деган тушунчани ҳам баъзи одамлар миясидан чиқариши лозим. Ўз хоҳишича яшаш, кайфиятини кўтариб вақт ўтказиш, кўнгил очиқликнинг оқибати зўравонликка олиб боришига йўл қўймаслик зарур.

Ўзини ҳимоя қилишни билиш керакми?

Неча фоиз аёл зўравоннинг қўлидан ўз кучи билан чиқиб кетишга эришган экан, буни биз билмаймиз. Аммо қаршилик кўрсатиб, эрини ўлдириб қўйган ва қамоққа тушган ёки зўравон қўлида нобуд бўлган аёллар ҳақида эшитганмиз. Жисмоний тайёргарлик яхши, лекин аёллар барибир эркаклардан заифроқ, қолаверса, ҳамма аёллар ҳам спорт билан шуғулланавермайди, кейин аёлнинг либоси жисмоний қаршилик учун қулай бўлмаслиги мумкин. Афсуски гуруҳ бўлиб зўравонлик қиладиган йигитлар ҳам йўқ эмас. Бундайларга қаршилик кўрсатишни ўрганиш учун бутун умр тайёргарлик кўриб юриш керак. Демак, зўравонга қарши туриш учун аёл ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартиришига ва бутун вақтини шунга бағишлашига тўғри келади. Лекин бунга вақт борми?!

Биз энг мақбул йўлни айтамиз: Келинг, аёлларга насиҳат қилаверишдан ўзимизни тиямизда, яхшиси зўравонлар камайсин деб ният қиламиз, жамият эса бундай воқеаларга кўз юмишни тўхтатсин.