Рафиқалик эволюцияси: Никоҳда аёл тимсоли қандай ўзгариб борган

ЗАМОНАВИЙ, ҲАР ТОМОНЛАМА МУВАФФАҚИЯТЛИ АЁЛ ТИМСОЛИ кўз ўнгимизда гавдаланар экан, биринчи галда оиласини ва ишини бирдек эплайдиган, фарзандларига тарбия бера оладиган, ўз соҳасида юқори марраларни кўзлаб, баланд чўққиларни эгаллаган нозик дид соҳибалари хаёлимизга келади.

Тан олиб айтиш керак, бугун негадир никоҳ масаласига илгаригидай қарашмайди. Момо ва боболаримизнинг оилани муқаддас билиш хислати, афсуски ёшларимизнинг барчасига тенг тақсимланмаган. Аслида никоҳ – бу икки севувчи инсонларнинг тенг ҳуқуқли риштаси, бирлашуви. Агар тарих зарварақларини бирма-бир кўздан кечирадиган бўлсак, никоҳ турли мақсадларда тузилганига гувоҳ бўламиз. Кимдир моддий мақсадни кўзлаган бўлса, яна кимдир стратегик ниятини амалга оширган. Қизини бой оиланинг ўғлига ўйламасдан бериб юборган оталарни бир эсланг. Улар ҳақида турли саҳна асарлари, ҳатто кинолар яратилган. Бу ерда биринчи ўринда моддият ётади. Отанинг кўзига қизининг бахти эмас, балки бўлажак куёвининг моддий бойлиги кўринади. Олимларнинг айтишича, ниҳоят, ўн саккизинчи асрда оилалар икки томоннинг кучли ҳислари ила яралган экан.

Кейин қизиқ бир анъанага эътибор қаратинг. Баъзи никоҳланувчи ёшларда хотин эрнинг фамилиясига ўтиши шарт, деган мажбурият бор. Бошқалар эса бу мажбуриятни тушунмайди, қиз бола ўзининг шарифида қолса нима бўлибди?! Бахт шу масала билан ўлчанармикан?

Оила турли қитъаларда, турли давлатлар ва миллатларда ҳар хил аҳамиятга эга. Масалан, америкалик аёллар ўн тўққизинчи аср охирига қадар мулкка эгалик қила олмаган, даромадлар эса асосан оила эркагига тегишли бўлган. АҚШнинг баъзи минтақаларида бу аъаналар ҳозиргача сақланиб қолган. 1967 йилга қадар АҚШда терисининг ранги турлича бўлган қарама-қарши жинс вакиллари орасида никоҳ тузиш тақиқланган.

Бугунги кунда кўпчилик эркаклар учун ҳам шунчаки уй бекаси бўлиш қизиқарли эмас. Аёл қачонки, шахс, рафиқа, она сифатидаги ролларини қойилмақом бажара олса, демак, у бир ўқ билан бир нечта қуённи урган бўлади, бу психологлар фикри.

Интернетни яхшилаб излаб кўрсангиз, унда «Яхши хотин бўлиш қўлланмаси» бор. У ўтган асрнинг эллигинчи йилларида чиққан. Унда аёл эрининг ишдан келишини қандай кутиб олиш керак, ўзини ва болаларини қандай тайёрлаши лозим, уйдаги муаммоларни қай йўсинда етказган маъқул деган, саволларга жавоблар бор.

Аммо баъзи дунё олимлари аёлнинг оиладаги юмушлари жуда кўп, деган хулосага келган. Аёлга осон эмас, ҳам оила, ҳам ишни бирдек эплаш, эрнинг кўнглига қараш, фарзандлар хархашасини кўтариш, нозик елкага бундай юкни бирдек опичлаб олиш осонми?! «Happy Wives Club» китоби муаллифи Фон Уивер ўз китобида шундай жумлани тилга олади: Йигирма биринчи асрда никоҳда аҳамиятли бўлган ва унутмаслик лозим бўлган ягона жиҳат, бу эркин танлов асосида оила қуришдир. Қолаверса, замонавий аёл ўз хоҳишига қараб, ушбу мақомга эга бўлиши керак.

Иш ва оиласини бирдек уддалаган аёлларнинг асосий муваффақияти, турмуш ўртоғининг қўлловидир. Бугун замонавий никоҳ ёшларнинг олдида мутлақо бошқача талабларни қўяди. Энди оилада нафақат аёл эркакнинг кўнглигига қараши, балки эркаклар ҳам аёлга яхши сўзлаши лозим, биз шундай даврда яшаяпмиз.

Бугун ҳар бир аёл никоҳ унинг мустақил танлови эканлигини жуда яхши англайди. Балки бу ўзаро келишилган никоҳ бўлар, балки ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, севимли мулоқотни давом эттириш, биргаликда ҳаёт қуриш риштаси, нима бўлишидан қатъий назар, буни ёшларнинг ўзи белгилайди. Ва албатта, бунда ҳар икки томоннинг эркин муносабатига эътибор берилиши лозим. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, никоҳ ёшларнинг ҳаётида муҳим ҳодисага айланиши, тенг ҳуқуқлар бирлашган манзил, ўзига хос ноёб формула бўлиши керак. Бу формулани аёл билан эркак биргаликда яратади. Аёл эса ушбу формулада ўз усулларини ўзи белгилайди.