Мукаммал жуфтликнинг ўзи бўлмайди. Ҳар бир оилада қийинчиликлар ва келишмовчиликлар бор. Лекин бахтли оилаларнинг ажралиб турадиган жиҳатлари кўп. Улар қандай белгилар?
Гап бахтли оилаларнинг камроқ зиддиятга боришида ёки жуфтликларнинг бир-бирига ўхшашида ҳам эмас. Асосий сабаб икки инсон орасидаги муносабат ҳамда муаммоларни қай йўл билан ҳал қилишидадир. Эр-хотин жуфтликлар билан ишлайдиган мутахассислар бахтли оила бўлиш учун ёрдам берувчи олти қоидани кўрсатиб ўтдилар.
1. ЎЗАРО БОҒЛАНИШ
Жуфтингни яхши кўриш ва унга эҳтиёж сезиш, унга боғлиқ бўлиш асло заифликдан дарак бермайди. Соғлом муносабатларда инсонлар бир-бири ҳақида қайғуради, жуфтига нисбатан ҳиссий яқинлик сезади.
Бу ҳаётда қандай акс этади? Бахтли жуфтликлар “нуқул менга вақт тополмайсиз, доим бандсиз” деган гапнинг ўрнига “бир-биримизни соғиниб қолибмиз, келинг бирга вақт ўтказамиз” дейишади. Турмуш ўртоғига вақт тополмаётган инсон эса ишга боши билан шўнғимасдан, севимли инсони борлигини ҳеч қачон унутмайди.
2. ҲАМКОРЛИК
Икки қарама-қарши жинсдаги инсонларнинг дунёқарашлари, орзу-умидлари ҳам турлича. Молиявий масалалар бўладими, бола тарбиясими ёки маълум бир қизиқиш, ҳаммаси ўзига хос. Бахтли оилаларда жуфтликлар бир-бирига ёрдам беради, асло рақобатлашмайди. Зиддиятда очиқ мулоқот қилишади, бекорга тортишмайди. Уларда ким ғолибу ким мағлублиги аҳамиятли эмас, энг муҳими, якуний ечим. Хулосани эса ҳамкорликда чиқаришади.
3. ХАТОЛАРНИ ТАН ОЛИШ
Нафақат хатоларни тан олиш, балки кечирим сўраш, кечира олишдир. Ва бундан уялмаслик.
4. КЕЛИШУВЛАР ИЗЛАШ
Жуфтини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш. Худбинлик билан ўз талабини қўйиш эмас, бир-бирига мослашиш ва келишув чораларини излаш. Бу дегани, сизнинг дўстона муносабатларингиз биринчи ўринга чиқади.
5. МИННАТДОРЛИК
Сизни қадрлашса, ёлғизлик деган ҳис йўқолади, бу эса инсонларни янада яқинлаштиради. Ҳатто даволайди ҳам. Сизни қадрлашяптими, миннатдорлик билдиришяптими, бундан катта бахт йўқ. Қадрлаш орқали сиз жуфтингизда ижобий хислатларни тарбиялашда ёрдам берасиз.
6. УЗР СЎРАШ
Гина-аразлар муносабатларни бузади. Улар тўпланиб, ўртангиздаги алоқани уза бошлайди. Инсон ҳар гал хафа бўлганида, унинг муҳаббати сўниб боради. Соғлом муносабатларда жуфтликлар муаммо ечимини ойлаб кутишмайди, балки уни тезроқ ечишга ҳаракат қилишади. Мабодо ечилмас муаммо бўлса, уни унутишади.
Тўғри, бахтли оилаларда ҳам жуфтликлар бир-бирини хафа қилиб туришади. Лекин улардаги ҳамжиҳатлик, муҳаббат ва ҳурмат хафагарчиликни тезда аритиб юборади.
Манба: https://www.psychologies.ru