МАНИПУЛЯТОР ОТА-ОНАЛАР ФАРЗАНДЛАРНИНГ ТАШАББУС ВА ЭРКИНЛИГИНИ ЧЕКЛАЙДИ

Ота-оналар фарзандларини бўйсунтириш учун ҳар қандай усуллардан фойдаланишади, шу жумладан, манипуляция – ўз мақсади йўлида боласига мажбуран тазйиқ ўтказишдан ҳам. Бу боланинг ташаббусларини ўлдиради ва ҳатто улғайганда эркин ҳаракат қилишга қўймайди.

Бунга ота-оналарнинг кучсизлиги ёки ҳиссиётларини жиловлай олмаслиги сабабдир. Ушбу вазиятда ота-онанинг ўзи “бола” ролига ўтиб, унинг манипуляцияси замирида ожизлик ётади. Бугун бир қарашдан оддий бўлсада, лекин боланинг келажагига жиддий таъсир қилувчи жумлаларни кўриб чиқамиз.

ТЕНГДОШЛАРИ БИЛАН ТАҚҚОСЛАШ

“Дугонангни кўйлагини қара, топ-тоза, сен эса доим кир қилиб юрасан. Бирам мени уялтирасан!”. Бу мурожаат аслида заиф ва нозик бўлган қиз бола руҳиятига жиддий зарба беради. Унинг хаёлида қуйидаги фикр туғилади: “Дугонам мендан яхшироқ экан, уни онам мендан кўпроқ яхши кўраркан”. Қарабсизки, бола хавфсизлик ҳиссини йўқотади, меҳрга ташналик кучаяди. У ҳаммани ўзи билан таққослайверади. Бу келгусида оила қуришда ва жамиятда, ишда ўз ўрнини топишда салбий таъсир қилади. Чунки энг муҳим ҳиссиёт, қадр йўқолади.

ҚЎРҚИТИШ ВА ТАҲДИДЛАР

“Ўйинчоқларни йиғиштириб қўймасанг, ташлаб юбораман” деган ота-онанинг боласида “бу уйда менинг шахсий буюмим йўқ, уни хоҳлаганча ташлаб юборишади, демак, жим ўтиришим керак, акс ҳолда мени яхши кўришмайди” деган фикр пайдо бўлади. Болаликда  мана шундай тушунча билан ўсган ўсмир учун бу дунё қўрқинчли туюлади. Бутун умр хавотир гирдобида яшайди.

БОШҚАЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Болани ўзгалар фикри билан қўрқитадиган ота-оналар фарзандини бировларга қарам қилиб қўяди. Натижада бола мустақил қарор қабул қилолмайди, иккиланади, барча жабҳаларда бировларнинг фикрига суяниб яшайди. Қарабсизки, руҳий ва жисмоний қийинчиликлар келиб чиқаверади.

ЖАВОБГАРЛИКДАН ҚОЧИШ

“Сени деб қон босимим ошди, асабийлаштиряпсан” деган ота-оналарнинг боласи кичиклигиданоқ елкасида оғир масъулиятни ҳис этади. Катта бўлганида эса атрофдагиларни қийин аҳвола солмай деб, ўзини қийнайди. Ҳар қандай вазиятда жавобгарликни ўз бўйнига олади. Ўзини айбдор ҳис этади. Баъзилар эса аксинча, жавобгарликдан қочиб юради. Бу хам яхшиликка олиб келмайди.

РАҲМИНИ КЕЛТИРИШ

Болага зорланиш, доим раҳмини келтириш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. У кичиклигидан катталарнинг муаммоларини ҳал қилиб юришим керак, деб ўйлай бошлайди. Бу ерда ота-она билан фарзанднинг ўрни алмашиб қолади. Шахсий фикр ва натижага эришиш иккинчи ўринга тушиб қолади.

ТАҚИҚЛАШ ОРҚАЛИ БОШҚАРИШ

“Икки баҳо олсанг, бир ҳафта телефон бермайман”, – дея яхши баҳо олишга мотивация бераман, десангиз адашасиз. Бола улғайгач нима бўлади? Энг кичик хатолари учун ҳам ўзини айбдор қилади ва ҳар қандай муваффақияти қадрига етмайди. Ўз устида ишлаш, олдинга интилиш содир бўлмайди. Тақиқлар ортаверса, боланинг қадри шунчалик тушиб бораверади ва бора-бора у жамиятдан ажралади. Яна бир тоифа болалар эса тазйиқ ўтказадиган инсонларга айланади.

Хўш, золим ота-она бўлиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

Аввало, барча қадриятларингизни қайта кўриб чиқинг.

Ўзингизни яхши кўрасизми?

Қадрингизга етасизми?

Иродангиз қандай?

Ўзингизга вақт ажратасизми?

Ўз устингизда ишлайсизми?

Агар жавобларингиз қониқарли бўлмаса, демак, ишни ўзингизни ўзгартиришдан бошланг. Буни мустақил амалга ошира олмасангиз, яқинларингизга мурожаат қилинг. Улар хатоларингизни кўрсатсин, хатолар устида улар билан бирга ишланг. Қолаверса, психолог мутахассисга боришга ҳам уялманг. Қачонки, ўзингиздан кўнглингиз тўлса, ана шунда фарзандингиз билан муносабатларингизни тикланг.

Манба: https://www.psychologies.ru