Одамлар кўпинча депрессияни ёмон кайфият билан адаштиришади, асло руҳий касаллик деб ўйлашмайди. Аммо депрессия барқарор касаллик бўлиб, белгиланган муддатда давом этади. Унинг учун дам олиш кунлари, байрам саналари мавжуд эмас. Бугун депрессиянинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қиламиз.
ДЕПРЕССИЯНИНГ КЛИНИК БЕЛГИЛАРИ
Муҳим симптомлар: ёмон кайфият узоқ давом этади, иштаҳа йўқолади, инсон ўзини кераксиз деб ҳисоблайди, мулоқотдан қочади, ўз ҳолатидан уялади, гоҳида қувноқ бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. Шу тариқа ўзини алдашнинг кераги йўқ. Депрессияни бўш қўйиб бўлмайди. Худди бошқа касаллик каби вақт сизга қарши ишлайди. Шунинг учун зудлик билан малакали мутахассисга мурожаат қилиш керак.
ДЕПРЕССИЯ ТРИГГЕРЛАРИ
Депрессиянинг муҳим ва ягона триггери, бу стресс. Руҳий ва тана учун стресс. Бугунги кунда ушбу ҳолатни аниқлашда ёрдам берадиган уч гуруҳ омил мавжуд:
биологик,
психологик,
ижтимоий.
Стресснинг биологик омилларига организмга нисбатан жамики ташқи таъсирлар киради, масалан, инфекциялар, интоксикациялар, спиртли ичимликлар, соматик ва аутоиммун касалликлар, онкология, турли эндокрин бузилишлар.
Психологик триггерлар ҳам депрессив ҳолатнинг бошланишида катта ўрин эгаллайди. Булар ишдан бўшаш, яқин инсоннинг ўлими, ажралиш, молявий қийинчиликлар бўлиши мумкин.
Ижтимоий омилларга ҳамма бирдек дуч келади. Пандемия, беқарор иқтисодий вазият, дунёдаги таҳликали ҳодисалар ҳеч кимни четлаб ўтмайди.
COVID ОҚИБАТИДАГИ ДЕПРЕССИЯ
Статистикага кўра, Ковидга чалинган ҳар тўртинчи одам тушкунлик ҳолатидан азият чекади. Кўп ҳолларда бу каби депрессияни фақат малакали шифокорлар аниқлаши мумкин. Бу бевосита касаллик вақтида бош миядаги интоксикация билан боғлиқ. Яъни ушбу вазиятда асосан асаб ҳужайралари азият чекади. Улар ишлашдан чарчайди, тикланиш учун эса вақт керак.
ИЖОДКОР ИНСОНЛАРДАГИ ДЕПРЕССИЯ
Ижод одами албатта депрессияга тез берилувчан бўлади. Чунки у ҳамма нарсани юрагига яқин олади, тез таъсирланади. Шу сабабдан ўз оламига шўнғиб тушкунликка тушиб қолиши осон. Аммо олимлар орасида бир ибора ҳам бор: “Айнан депрессия дунёга даҳоларни ҳадя этган. Агар Шекспирга психиатр шифокор бошчилик қилганда, унинг бетакрор пьесалари дунёга келмаган бўларди”.
ДЕПРЕССИЯ НАСЛ СУРАДИМИ?
Ушбу касалликнинг пайдо бўлиши тиббиёт нуқтаи назаридан жуда мураккаб жараён. Аммо наслдан наслга ўтиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, тушкунлик серотонин, норадреналин, дофамин, гистамин каби молекулалар синтези ва метаболизмига бевосита боғлиқ. Ушбу барча молекулалар жигарда синтезланади. Уларнинг синтези учун етарли миқдорда аминокислоталар зарур. Ирсий белгилар туфайли эса 15-20% одамда зарур вақтда ушбу моддалар етарли ишлаб чиқарилмайди.
ДЕПРЕССИЯНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?
Депрессияни таниб олиш учун бутун ҳаётингизни тўртта блокка бўлиб чиқинг.
Биринчи блок — когнитив. Бу миянгиздаги бор фаолият: фикрлар, эътибор, хотира.
Иккинчи блок — бу аффект. Қалбимиздаги ҳислар, кайфият, ҳаяжон, таассурот.
Учинчи блок — ирода. Бу бизга қувват бағишловчи куч.
Тўртинчи блок — психосоматика. Бу танамизнинг ҳолати.
Бугунги кунда депрессия юқоридаги барча ҳолатларни зарарлайди.
ДЕПРЕССИЯДАН ЎЛИШАДИМИ?
Дунё бўйича 350 млндан ортиқ одам ва вояга етган ҳар бешинчи инсон умрида бир марта бўлса ҳам депрессияни кечириб кўради. Гарчи кўпчилик бу ўйлаб топилган касаллик десада, аслида унга бармоқ орасидан қараб бўлмайди. У ҳатто хавфли касаллик ва ундан одамлар ўлиши мумкин.
Зеро, статистика жуда аянчли: ҳар йили дунё бўйича 700 000 одам ушбу касалликка қарши тура олмай ўз жонига суиқасд қилади. Бу ташхиснинг вақтида қўйилмагани ва табиийки, даволанмаганидан далолат беради.
www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди