Декан муовини талаба қизнинг сўзларига кўра уни зўрламоқчи бўлиб, кейин ўлдиришга уринган. Эркакка нисбатан жиноий иш очилди. Жабрланувчи бир неча ой ногиронлар аравачасида ўтирди ва бутун жамият уни қўллаб-қувватлади. Бир оз вақт ўтгач, кимдир унинг ўз йигитига юборилган интим видеоларини Интернетга юклади. Бу жамиятнинг бир қисми қиздан юз ўгириб, уни бузуқлик ва «фаришта эмас»лигида айблашга етарли бўлди.
Ушбу феномен 30 йилдан ортиқ вақт давомида ўрганилмоқда. Зўрлаш ҳолатларида «жабрланувчи» мақомини осонлик билан бериб, кейин ҳудди шундай осонлик билан олиб қўйишлари ҳам мумкин. Жамият ва оммавий ахборот воситалари маълум хусусиятларга эга бўлган жабрланувчи шунга ўхшаш жиноятнинг бошқа қурбонига қараганда кўпроқ қўллаб-қувватлаш ва ҳимояга даъво қилиши мумкин бўлган «идеал қурбон» тимсолини тарқатади. Ушбу ижтимоий тарафкашлик биринчи марта Нилс Кристи томонидан 1986 йилда нашр этилган «Идеал қурбон» китобида «жиноят қурбони бўлганида, тўлиқ ва қонуний жабрланувчи мақомини олиш осон бўлган шахс ёки шахслар тоифаси» ни назарда тутган.
«Идеал қурбон» ким
“Идеал қурбон” атамаси жамият томонидан осонлик билан “қурбон” мақоми берилувчи ва инсонпарварроқ муносабатда бўлган шахсларни назарда тутади. Одамлар маълум хусусиятларга эга бўлган қурбонларга қурбонлик мақомини беришда уларни жамоат ҳайратининг рамзий фигурасига айлантирадилар. Шу билан бирга, “нопок” деб қабул қилинган бошқа жабрланувчилар ҳам эътибордан четда қолиши ва қораланиши, уларнинг ҳуқуқларининг бузилиши жамият томонидан табиий деб ҳисобланиши мумкин.
Масалан, Нильс Кристининг наздида идеал қурбон – касал синглисига қараб юрган ва куппа-кундузи куни йирик гавдали гиёҳванд томонидан тунд қилинган кампирдир. Унинг қурбон эканлигини ким инкор эта олади? Ҳеч кимга ёмонлик қилмаган бу кичкина аёл кўчада ўша вақтда тасодифан бўлиб қолади, талон-тарож қилинади ва бу факт учун уни айблаб бўлмайди (у ҳали синглисига қараши керак эди). Жиноятчи – йирик гавдали ва анча кучли номаълум бир шахс; керак бўлса онамизга ҳам тажовуз қилиши мумкин бўлган бир нусха.
Ўзбекистон шароитида “идеал қурбон”га мисол қилиб, бошига рўмол ўраган, ёпиқ кийим кийган, касал қайнонасига дори олиш учун кундузи чақалоғи билан кетаётган ва йўлда илгари судланган йирик гавдали эркак томонидан зўрланган қишлоқ келинини келтириш мумкин.
Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, баъзилар қонуний жабрланувчи мақомини олишга имкон бериб, бошқаларга тўсиқ қилувчи муайян мезонлар бўлиши керак.
Идел қурбон белгилари (Нильс Кристи бўйича)
1-белги: Қурбон жисмонан заиф
Қурбон қанчалик заиф бўлса, унга қурбонлик мақомини олиш осонроқ бўлади. Кристининг таъкидлашича, «касал, қари ёки жуда ёш шахслар идеал қурбонлар сифатида жуда мос келади». Болаларнинг ўзига хос заифлиги ва кам ҳаётий тажрибаси туфайли уларга қурбон мақоми энг осон берилади.
2-белги: Қурбон жамият томонидан ҳурмат қилинадиган фаолият билан шуғулланади
Кристи касал опасига қарашни жуда ҳурматга сазовор белги деб билади, барларга бориб юриш эса – йўқ. Ҳайрия билан шуғулланиш, касалларга қараш ва шу каби машғулотлар жамоатчилик томонидан албатта жуда яхши қабул қилинади.
3-белги: Қурбоннинг ҳатти-ҳаракатлари ва жойлашувини муҳокама қилиб бўлмайди
Масалан, кечқурун ўтиришдан қайтаётган қурбон эрталаб университетга кетаётган қурбонга қараганда айбдорроқ. Зўрланган кичик ёшли қизалоқ зўрланган фоҳишага қараганда кўпроқ қўллаб-қувватланади. Қурбонни оқлаш ҳисси фақатгина у аниқ айбсиз ва вазиятни назорат қила олмайдиган жойда туғилади.
4-белги: Жиноятчи йирик гавдали ва жаҳлдор
Йирик гавдали ва жаҳлдор жиноятчиларнинг қурбонлари қурбон мақомини олиш эҳтимоли кўпроқ. Жамият жиноятчиларни заиф ва бегуноҳ қурбонга нисбатан «йирик ва жаҳлдор» деб таърифлаб, уларни эркаклаштиришни афзал кўради. Қайд этилишича, жиноятчиларда бошқалардан тубдан фарқ қилувчи хусусиятлар: бошқа ирқ, судланганлик, бошқа ижтимоий қатлам, гиёҳвандлик ва зўравонлик бўлса, одамлар жабрланувчини осонгина қўллаб-қувватлайди.
5-белги: Жиноятчи – бегона
Идеал қурбон мақомининг асосий белгиси – жабрланувчи ва жиноятчи ўртасида ҳеч қандай яқинлик йўқлиги. Таниш одамлар ўртасида зиддият юзага келганда, жамият шахсий зўравонлик актини қўзғатишда ижтимоий муносабатларни айблайди. Бундан ташқари, жиноятчи ҳақидаги маълумотларнинг етишмаслиги «инсонийликдан ташқари сурат» яратиш ва бегонанинг қиёфасини мутлақ «ёмон» сифатида кўриш имконини беради.
«Идеал қурбон» концепцияси ва жамоатчилик фикри
Жабрланувчилар «идеал қурбон» образига мос келмаса, уларнинг «ҳақиқий» ва «муносиб» қурбонлар мақоми бузилади. Бу айниқса зўравонлик, хусусан жинсий ва оилавий зўравонлик ҳолатларида кенг тарқалган.
Масалан, калтакланган аёллар жиноят нуқтаи назаридан ўз шерикларининг зўравонлиги қурбони сифатида қабул қилиниши учун улар идеал қурбон стереотипига мос бўлиши керак: ўз партнёрига содиқлик, яхши она бўлиш, тажовузга нисбатан юмшоқ ва пассив бўлиш. Агар қурбон бу мезонлардан йироқ бўлса, унда кўпчилик қурбоннинг ўзи жиноят содир этилишига айбдор деб ҳисобланади.
Шунингдек «ҳақиқий» қурбон бўлиш учун зўрланган аёллар тунда ёлғиз юриш, очиқ кийим кийиш, маст бўлиш ёки фоҳиша деб ҳисобланиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракат каби «хавфли хатти-ҳаракатлар» билан шуғулланмаслиги керак.
Ҳулоса
Нильс Кристининг «идеал қурбон» тушунчаси бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмади. У жиноятчиларнинг ўзига эмас, балки назорат жараёнларига эътибор қаратиб, криминологияга бошқача қарашни тақдим этди.
Кристининг қурбонга йўналтирилган жиноий одил судлов модели вакиллик, компенсацияга асосланган одил судловга турли муқобил ва қўшимча ёндашувлар учун асос яратди. Ушбу ёндашувлар барча жабрланувчилар, улар қандай қарорлар қабул қилишларидан қатъи назар, «идеал қурбон» нинг маккор ва бузғунчи стереотипига тўғри келмаса, ўз ҳуқуқларининг бузилиши тегишли равишда тан олинишини ва рад этилмаслигини кутишлари мумкин бўлган тизимни яратишга интилади.
Муаллиф: Шохрух Садуллаев
Манбалар:
https://journals.sagepub.com/doi/pdf/10.1177/0143034312472770
https://journals.sagepub.com/doi/pdf/10.1177/0269758013494135
https://journals.sagepub.com/doi/pdf/10.1177/0964663911405394
https://www.researchgate.net/publication/225266108_The_Ideal%27_Victim_v_Successful_Rape_Complainants_Not_What_You_Might_Expect
https://3lib.net/book/16383193/34d4ee
https://rus.line-magazine.com/you-shouldnt-have-be-perfect-qualify-544579
https://ona.org.ru/post/152206093553/media-and-ideal-victim