Айрилиқ дамларини енгиллаштириш йўллари

Минглаб километр масофа нафақат романтик муносабатлар, балки дўстликка ҳам путур етказиши мумкин. Аммо дўстингиз дунёнинг нариги чеккасига кетишга мажбур бўлса-чи. Уни ҳаётингиздан буткул ўчириб ташлай олмайсиз-ку, шундай эмасми?! Чунки у билан энг қадрли хотираларингиз боғланган. Қолаверса, соғинч ҳисси ҳам қийнаб туради.
1. Дўстингиз учун албатта, вақт ажратинг
Мурожаатини жавобсиз қолдирманг, ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилинг, смс хабар юборинг. Балки бу наздингизда шунчаки майда ишдек туюлар, лекин дўстингиз ҳаётида рўй бераётган ҳодисалардан хабардор бўлиб туришга имкон беради. Ҳар куни қўнғироқ қилишингиз шарт эмас. Ҳеч бўлмаса, ҳар ҳафта бир марта гаплашинг. Ҳафтани хулосаланг, таассуротларингиз билан бўлишинг. Онлайн-учрашувларни ўтказиб юборманг, улар дўстликни мустаҳкам тутиб туради. Туғилган кунларни унутманг, қолаверса, оғир дамларда бир-бирингизни қўлланг.
2. Оригинал ёндашувни топинг
Ижтимоий тармоқлар ўз йўлига, лекин сиз анъанавий усулларни ҳам қўллаб кўринг. Ўз қўлингиз билан мактуб ёзингда, уни почта орқали юборинг. Ичига бирга тушган суратингиз ёки ёқимли откритка солишингиз мумкин. Мулоқот усуллари ҳақида дўст ёки дугонангиз билан келишиб олинг. Қай бири сизга қулай? Балки сизда бошқа таклифлар бордир.
3. Янги таассуротларни яратинг
Масофада дўстона алоқаларни олиб боришда фақатгина эски хотиралар етарли эмас. Дўстларга янги ҳислар, таассуротлар зарур. Агар имкон топа олсангиз, бир йилда, балки икки йилда бир дийдор кўришиб туринг.
4. Бефарқ эмаслигингизни кўрсатинг
Дўстингизнинг майда гапларини ҳам эътиборсиз қолдирманг. Айниқса, сиз ватанда, у эса туғилган юртидан узоқда бўлса. Ҳафталик режалари, мақсадлари, ҳатто қандай овқат тановул қилганигача сўраб суриштиринг, бундан уялманг. Чунки масофа гоҳида орага андиша пардаларини тортади. Сиз эса олдингидай қадрдон дўстлик ришталарини йўқотишни истамайсиз. Зеро, майда деталлардан бутун бир ҳаёт манзараси чизилади.
5. Ёлғон гапирманг
Вазиятга тўғри баҳо беринг, кечиримли бўлинг. Агар масофада дўстликни уддалай олмасангиз, икки томонлама келишиб ёки вазиятга қараб, уни секингина тўхтатиб туринг. Вақт ўтган сари ҳаммаси аён бўлиб боради. Бунинг учун асло ўзингизни айбламанг. Гоҳида дўстликни зўраки қўллаб тургандан кўра, уни тўхтатиш афзалдир.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди