Газлайтинг бошқарувнинг бир тури бўлиб, инсонни алдаш ва унинг устидан назорат ўрнатиш орқали намоён бўлади. Асосий мақсади — қурбонни уялтириб, ўзига нисбатан ишончини йўқотиш. Агар газлайтинг оила даврасида амалга оширилса, у кучли қуролга айланади. Унинг салбий оқибатлари йиллаб сақланиб қолаверади.
Газлайтер қандай хусусиятларга эга бўлади?
У сизнинг қадрингизни туширади, сўзларингизни инобатга олмайди. Газлайтер кўп ҳолларда:
– Камситади. Можаро ёки зиддият бошланганда, “сен ноҳақсан”, “аҳмоқсан, сени тушуниб бўлмайди” деган сўзларни ишлатади.
– Сир яширади.
– Айблайди. Қаерда хатога йўл қўйилса, уларнинг барчасида фақат сиз айбдор бўласиз, асло у эмас.
– Тарихни ўз фойдасига ўзгартиради. Бўлиб ўтган ҳодисаларга ёлғон аралаштириб, воқеаларни бузиб кўрсатади ва шу орқали бошқарувни ўз қўлига олади.
– Ҳиссиётларингизни инобатга олмайди. Дардларингизни айтсангиз, сизни ўта ҳиссиётли эканликда айблайди ёки юракка яқин олма, деб қўя қолади. Унинг мақсади сизнинг ҳақ эканлигингизни тан олмаслик.
– Ноҳақ айблайди. «Мени эшитмайсан», «доим ҳақман дейсан», «ҳаммаси сен айтгандай бўлиши керак». Бу иборалар унинг энг кўп қўллайдиган гаплари. Унинг олдида айбсиз айбдор бўлиб қолаверасиз.
Яккалайди. Шу орқали у сизни ёлғизликка маҳкум қилади. Ёлғиз инсонни бошқариш осон.
Ҳимоя усуллари
Ҳақиқатни айтишдан қўрқманг
Сизни айблаш учун ёлғон гапираётганларида, индамай турманг. Ҳатто газлайтер ҳужум қилаётганда ҳам, ҳақ эканингизни исботлаб беринг. “Сиз ёлғончисиз” деманг, аммо бу тамға сизга ҳам тегишли эмаслигини айтинг.
Танаффус қилинг.
Босим ўтказилаётганда, бу ҳақда ўйлаб кўришим керак, деб қутулинг. Вақт кўп нарсани ўзгартира олади.
Айблашига йўл қўйманг
Сизни айблаётганда, индамай турманг. Айбсиз эканингизни қатъий айтинг. Нуқтаи назарингизни уқтиринг.
Фикр билдиришдан қўрқманг.
Сизни айнан нима қизиқтиришини тушунтириб беринг. Агар газлайтер мавзудан яна четлашадиган бўлса, суҳбатни тўхтатинг.
Газлайтерни фош қилинг.
Мақсадини англаганингизни очиқчасига айтинг. Муаммо нимадалигини муҳокама қилишга чақиринг.
Ҳужум вақтида сукут сақланг.
Вақтинча бўлсада, зиддият кучайганда бироз жим туринг. Жаҳлидан тушганидан кейин гаплашиб оласиз.
Газлайтерга кўпроқ ўз фикрингизни билдирсангиз, у сизга босим ўтказиши камаяди. Бу сизга куч бағишлайди. Ўзингизга нисбатан ишончингиз ҳам ортади. Кучли одам олдида баъзи газлайтерлар яхши томонга ўзгариб боради. Ҳатто маслаҳатингизга қулоқ тутиши ҳам мумкин.