Нотаниш инсонларга кўп жой бўшатасизми, чўнтагингизга тўғри келмасада, дугонангизнинг кўнгли учун ресторанга борасизми, севимли инсонингиз қолиб, қариндошлар билан вақт ўтказасизми? Ҳамма учун яхши бўлиш жуда қийин. Кимдир барибир норози қолади. Энг ёмони кўп ҳолларда айнан сиз ўша инсон бўласиз. Ортиқча кўнувчанлик шахсий мақсадларга эришишда ҳалақит қилади, шунинг учун у билан курашиб яшаш керак.
Дўстликми ёки лаганбардорлик?
Кўнувчанлик ёмон хислат эмас, албатта. Бу инсонларга нисбатан хайрихоҳликни англатади. Лекин у ортиб кетса, лаганбардорликка айланиб кетади. Биз бошқаларга нима учун яхши муносабатда бўламиз, чунки улардан ҳам яхшилик кўришни истаймиз. Лекин беш қўл баробар эмас. Шунга қарамай, бизга бефарқ бўлган ёки биз учун мутлақо қизиқарли бўлмаган одамларга ёқишни истаймиз ва ўзимизга билинмаган ҳолда ҳушомадгўйга айланамиз. Вақтимиз бўлмаса ҳам ишга рози бўламиз. Қўрққанимиздан кечирим сўраймиз. Ичимиздан қарши бўлиб турсакда, бировни олқишлаймиз. Қалбимизда биргина илинж туради, бировга ёқиш ва келишиш истаги. Ўзгаларга манзур бўлиш орқали яхши инсон бўлаяпмиз, деган фикрга ишонамиз. Психологларнинг айтишича, аслида барчаси аксинча. Яхши кўринаман деб, ўзимизни бурчакка олиб борамиз, асабийлашамиз. Бировларнинг манфаати учун яшаб, ўз эҳтиёжларимизни унутамиз. Эътибор берсангиз, аксарият тез кўнувчан инсонлар беқарор бўлади.
Дўстлик бизга қарши бош кўтарганда
Қизиғи, кўпчилик одамлар лаганбардорликни ҳуш кўрмайди. Улар худбинлик билан бирга, ўта “тўғрилик”ни ҳам ёқтирмайди. 2011-йили Нотр-Дам университети олимлари ўтказган тадқиқотга кўра, кўнувчан ходимлар феъли мураккаб ҳамкасбларига қараганда, камроқ маош олиши маълум бўлган. Баъзи мутахассисларнинг айтишича, аёллардаги кўнувчанлик ҳислати гендер тенгсизликни келтириб чиқаради. Муаммо яратмай, жимгина ишлаб ўтирибман, дейишингиз мумкин. Аммо бу феълингиз жамоада заифлик сифатида қабул қилинади. Бировга ноқулайлик туғдирмай деб, фикрингизни ичингизда сақлайсиз, жаҳлингизни ютасиз. Аммо буларнинг бари ўзингизга қарши ишлайди.
Тўғри йўлни кўрсатамиз
Ўта кўнувчан бўлмасликнинг ягона йўли атрофдаги тенгсизликка эътибор бермаслик ва ҳаммага ёқишим шарт эмас, деган ҳақиқатни тан олишдир. Аввало менингизни унутманг. Биров билан дўстлашишдан олдин унга ёқмаслигим бу табиий деган фикрни ўзингизга сингдиринг. Қуйидаги маслаҳатларга амал қилинг:
1. Қарама-қарши фикрлашни ўрганинг
Сурункали кўнувчанликка қарши усул, бу қарама-қарши фикрлашдир. Балки бу бир қарашдан ғалати туюлар. Чунки қарама-қарши фикрлаш оддий ҳолат-ку, дейишингиз мумкин. Лекин ўта кўнувчан инсонлар учун бу катта қадам. Шундай экан, бировга қарши гапиришни ўрганинг. Шунда кўнглингиз бироз таскин топади.
2. Сўзларга эътибор беринг
Суҳбатдошингизни устун қўйиб, ўзингизни ерга уришни яхши кўрасиз. Доим кечирим сўрайсиз, миннатдорлик билдирганда, ҳижолат тортасиз, қадрингизни туширасиз. Сўзларингизни ўзгартиринг. Ҳечқиси йўқ дейишнинг ўрнига, ташаккур билдиринг. Ўзингизга нисбатан ишочингизни оширишингиз керак.
3. Сиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ
Ҳамманинг ўз йўли, кундалик ҳаёти бор. Улар олдингиздан кетгандан кейин сизни унутади. Сиз ҳам худди шундай бўлишингиз лозим.
Ҳамманинг айтганини бир деганда бажара олмайсиз. Мангу дўст бўлишнинг ҳам иложиси йўқ. Ушбу қарама-қаршиликлар орасида эса имкониятлар бўшлиғи бор. Энг муҳими, меҳрибонлик ва мулозамат ўртасида мувозанатни топиб, ўз қадрини қурбон қилмасликдир.
Манба: https://www.psychologies.ru/story/opasnost-izlishney-drujelyubnosti/