Улар чаққонлик билан бизни айбдор қилишади, таъқиб қилиб, дўқ-пўписа йўлини тутишади, ҳатто алдаб, ҳушомад қилиш ҳам қўлидан келади. Биз эса ўзимизга зиён қилиб, уларнинг истаклари ва буйруқларини бажарамиз. Бундай ўйинлар гоҳида йиллаб давом этади, ҳаётларни заҳарлайди. Мана шундай таъсирдан ўзимизни ҳимоялашимиз учун нима қилишимиз керак?
Манипуляторлар (бошқариш, таъсир ўтказиш ва ўз измига солишни яхши кўрувчи шахслар) бизнинг нозик томонларимизни жуда яхши билади ва айнан шу жиҳатларни ўзимизга қарши қўллашади. Айёрона найранглар билан манфаатларимизга зид бўлсада, мақсадлари йўлида фойдаланишади. Бу ҳолат токи уларга қаттиқ панд бермагунимизча давом этаверади. Манипуляция қурбони бўлиш ўта ёқимсиз. Бундай таъқибдан ҳимояланиш учун хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарур.
1. Ҳуқуқларингизни унутманг
Бу асосий қоида. Аввало ўз ҳуқуқларингизни билинг, улар бузилаётган жойда ҳимояга ўтинг. Ҳар бир инсон қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– ўзга инсонлар томонидан ҳурматда бўлиш;
– фикр, истакларини бемалол ифодалаш;
– ўз қоидаларини ўрнатиш;
– айбдорлик ҳиссини туймасдан, «йўқ» дейиш;
– тўлаган нарсасини олиш;
– бошқаларникидан фарқ қилувчи нуқтаи назарни ифода этиш;
– ўзини жисмоний, руҳий ва ҳиссий таҳдидлардан ҳимоялаш;
– ўзи тўғри деб биладиган йўлдан юриб, ҳаёт кечириш.
Буларнинг бари сизнинг шахсий чегараларингизни англатади.
2. Масофа сақланг
Мулоқот вақтида бошқарувчи шахс ёки манипулятор доим ниқоб алмаштиради: бир инсон билан мулойим бўлса, бошқаси билан қўпол, бир вазиятда ёрдамга муҳтож, бошқасида жуда жаҳлдор. Мана шундай инсонни сезиб қолсангиз, ундан узоқроқ юришга ҳаракат қилинг ва зарурат бўлмаса, мулоқотда бўлишнинг ҳам кераги йўқ. Унутманг, манипуляторнинг феъл-атвори бугун шаклланиб қолмаган. Бу болаликдаги нуқсон. Шундай экан, уни тарбия қиламан, деб ўйламанг.
3. Сўзларига эътибор берманг
Манипуляторнинг мақсади, нозик томонларингизга таъсир қилиш. Унинг олдида юрсангиз, камчиликларингизни сезаверасиз ва ҳатто ўзингизни айблай бошлайсиз. Худди шу ҳислар оғушида қолсангиз, эътиборлироқ бўлиб, муаммо сизда эмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Сизни айбдор қилиш ва бўйсундириш учун атайлаб ҳаракат қилишяпти. Қуйидаги саволлар сизга ҳақиқатни англашга ёрдам беради:
Менга самимий муносабатдами?
Унинг талаблари нечоғли ҳақиқатга яқин?
Муносабатларимиз икки томонлама тенгми? Қарс икки қўлдан чиқмаётгандир?
Ўзимга нисбатан баҳоим пасайиб кетмаяптими?
4. Манипуляторга саволлар бериб туринг
Манипуляторлар ўз илтимослари, талаблари билан шунчалик эгаллаб оладики, бу вақтда ўзимиз эҳтиёжларимизни унутиб қўямиз. Ана шундай вақтда унга баъзи бир саволларни бериб кўриш ҳалақит қилмайди. Масалан:
«Шу талабингиз тўғрими?»
«Менга нисбатан тўғри иш қиляпсизми?»
«Менинг ҳам фикрим бордир?»
«Мендан сўраяпсизми ёки буйруқ бераяпсизми?»
«Мен қандай фойда кўраман?»
Ушбу саволлар манипуляторга кўзгу бўлиб хизмат қилади. Агар оз бўлсада виждони бўлса, у албатта ортга чекинади. Лекин виждонсизлар ўз талабини қўйишда давом этаверади.
5. Шошманг!
Манипуляторнинг яна бир қуроли сизни шошириш. Чунки шошилинч вазиятда сизни бошқариш анча осон бўлади. Мабодо мана шундай вазиятни сезиб қолсангиз, шошманг. Вақтни чўзиш орқали манфаатларингизни мустаҳкамлайсиз ва ўзингизга бўлаётган босимни камайтирасиз. «Бу ҳақда ўйлаб кўраман» деган сўзингиз ҳам вазиятни назоратдан чиқармасликда қўл келади. Бироз фурсат олиб, вазиятни яхшилаб тарозига солиб кўринг.
6. «Йўқ» дейишга ўрганинг — мулойимлик билан, лекин қатъий тарзда
«Йўқ» дея олиш мулоқотнинг муҳим хусусиятларидан бири. Бу сўзингиз асосли бўлса, ўртада ҳеч қандай хафаликка ўрин қолдирмайди. Сиз айбдорлик ҳиссини сезмасдан, ўз қоидаларингизни ўрнатишга ҳақлисиз.
7. Хафа қилувчи инсонга чап беринг
Гоҳида манипулятор устингиздан кулишни бошлайди ёки зарар келтиришни. Унутманг, бундай инсонлар иродаси суст, ўта андишали инсонларга канадай ёпишиб олади. Шунга қарамай, уларнинг кўпи қўрқоқ бўлади. Ўз ҳуқуқларини билиб, талаб қила оладиганларнинг олдидан тезлик билан қочишга уринади. Тадқиқотларга кўра, манипуляторларнинг ўзи бир пайтлар зўравонлик қурбонлари бўлган. Лекин бу омил уларни оқлашга хизмат қилмайди, албатта. Демак, сизни хафа қилишяптими, ўз қадрингизни туширманг. Истасангиз четдан ёрдам сўранг. Иложи борича гувоҳлар кўпроқ бўлсин. Чунки хафа қилишни яхши кўрадиганлар тан олиш деган хусусиятдан йироқда юради.
8. Оқибатларини тушунтириб беринг
Юқоридаги ҳеч қайси маслаҳат иш бермаса, манипуляторга ҳаракатларининг оқибатларини тушунтириб беришга ҳаракат қилинг. Барча фикрларингизни асослаб берсангиз, манипуляторни ўйиндан чиқаришингиз мумкин. Уни боши берк кўчага олиб кирсангиз, сизга нисбатан ҳурмати ортиб боради.
www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди