НИМА УЧУН БИЗГА ЁМОНЛИК ҚИЛГАНЛАРНИ СЕВИШДА ДАВОМ ЭТАВЕРАМИЗ?

Бундай вазиятлар кўпроқ аёлларда учрайди ва асл сабаби илдизини узоқ болаликдан излашга тўғри келади. Психологларнинг аниқлашича, кўп камситадиган, урадиган, тергайдиган ота-оналарнинг фарзандлари қанчалик хўрланмасин, барибир ота-онасига қаттиқ боғланиб қолади. Хўш нима учун?
Қарамлик асоси
Агар ота-она болани овутиб улғайтирса, у ҳолда фарзанд ҳам ўзини-ўзи овутишни ўрганади. Натижада улғайгач, ота-онасига қарамлиги кучли бўлмайди. Шу тариқа инсон мустақилликка эришади, жамиятда тенг муносабатларни ўрнатади. Аммо ота-она фарзандига яхши муносабатда бўлмаса-чи? Табиийки, бола ҳам ўзига нисбатан яхшиликни раво кўрмайди. Унинг устига “ёмон” ота-онасига қаттиқ қарам бўлиб қолади. Ички манбалари бўлмагани сабаб, кейинчалик бошқаларга қарамлиги ортади. Уларда “мени ташлаб кетишмасин” деган фикр устунлик қилиб, ўз қадрини тушириш, бировнинг олдида бўйин эгиш, ялинишгача бўлган ҳолатлар кузатилади.
Муҳаббат излаб…
Кўнглингизни қолдирган одамнинг олдига яна қайтиб келаверишнинг яна бир сабаби, асло раҳм-шафқат туйғуси эмас, балки болаликдаги кўрсатмаларга боғлиқ. Бундай инсон ўзи қандай мустақил қадам ташлашни билмайди, унга фақат ёнидаги инсонининг ҳаракатлари муҳим. Бу худди чўғга ташланган асалга ўхшайди. Асалга қанчалик интилган сари, чўғга куйиб бораверасан. Керакли муҳаббатни излайсану, лекин тополмайсан.
Ўз «мен»ини билмаслик
Бола ота-онасидан воз кечолмайди, улар ҳаёт манбаи. Қанчалик ёмонлик кўрса ҳам, у чидаб яшайверади. Улғайгач эса барча айбни ўз бўйнига олиб яшашни ўрганади. У барчасига чидайди, ўз “мен”ини унутади. Оилавий зўравонлик қурбонига айланиб қолади. Яхшиликка ишонади, вазият ўзгариб қолишини интиқлик билан кутади. Тасаввурига бир одамнинг сиймосини ясаб олиб, зўравон турмуш ўртоғини унга ўхшатиб юраверади.
Ўзгаришлар сари йўл
Аввало ёлғизликдан қўрқиш керак эмас. Бу дунёда фақат бир инсонга боғланиб қолмагансиз. Ўз ҳаётингиз бор, қадрингизни билинг, қаддингизни тик тутинг. Бошингиз эгилиб яшаш учун яратилмагансиз. Ўзгаришлар қанчалик кутилмаган ва қўрқинчли бўлмасин, улар ҳаётингизга нур олиб кириши мумкин. Атрофга назар ташланг, диққат билан кузатинг. Сизникидан ташқари қанча ҳаётлар бор, тақдирлар давом этяпти. Бир вақтлар ота-онангизга “йўқ” дея олмаган бўлсангиз, ўзингизга “тўхта” деб кўринг.

Дугонангиз зўравонликдан азият чекаётган бўлса нима қилиш керак?
Яқин инсонларимиз эзилаётганини кўриш осон эмас. Баъзида қулай сўз тополмаймиз. Энг тўғри йўлни излаб овора бўламиз. Мабодо дугонангиз зўравон инсон таъсирига тушиб, ундан ёмонлик кўраётган бўлса, қуйидаги тавсияларни берамиз.
Нима қилиш керак?
Қўллаб-қувватланг. Дугонангиздаги яхши хислатларни кўрсатиб беринг, ўзига нисбатан ишончи ортсин. Ростгўй бўлинг.
Таклифлар билдириб туринг. Спортга чорланг, сайрга чақиринг, чалғитинг, вақтини унумли ўтказиши учун ёрдам беринг.
Оиласи бузилса, янги инсонлар билан таништиринг. Имкониятингиз туғилса, янги танишлар топиб беринг. Жамият орасига олиб чиқинг. Кўнгли кўтарилсин, муаммоларини унутсин.
Асло мумкин эмас:
Танқид остига олманг. Бу фойдасиз. Шунчаки уни диққат билан тингланг, дардига шерик бўлинг.
Хафа қилманг. Зўравонлик шароитида яшайдиганлар ўзига ишончи йўқолиб, ҳар нарсага шубҳаланадиган бўлиб қолади. Ҳатто ёрдам берадиган одамга нисбатан ҳам. Бунинг учун унга жаҳл қилманг. Шунчаки тушунишга ҳаракат қилинг ва мақсадингиз эзгу эканлигини тушунтириб беринг.

Манба: https://www.psychologies.ru/standpoint/pochemu-myi-prodoljaem-lyubit-teh-kto-ploho-s-nami-obraschaetsya/