Тахминан 45 ва 55 ёшлар оралиғида ҳаётимиз поёнига қараб кетаётганини ногаҳон англаб қоламиз. Босиб ўтган йўлимизни таҳлил қиламиз, келажагимизга савол нигоҳи билан қараймиз ва ўзгаришларга ботинолмаймиз. Ўрта ёш оғриқли давр, лекин уни самарали томонга буриш мумкин ва бу ўз қўлингизда.
Кўзларимиз чеккасидаги ажин, секин-аста оқараётган сочлар, аввалига ёшга доир бу ўзгаришларни шунчаки кузатиб турамиз, кейин эса ичимизда ғалаёнга ўхшаш ҳис пайдо бўлади. Унинг устига ишдан бўшатишса, фарзандлар билан муаммолар туғилса ёки яқин инсонимиз бу оламдан ўтса, ўрта ёшдаги давр ҳақиқий синовга айланади. Бу ҳодисалар инсоннинг бутун умрини тескари буриб юбориши ҳеч гап эмас. Орзуимга эриша олдимми, нимадир етмаяпти, қаёққа қараб кетаяпман ўзи, деган саволлар мияда чарх ураверади. Психологлар муаммолар гирдобида қолиб кетган ўрта ёшдаги инсонларни хатоларга йўл қўйиш эхтимолини кўп таъкидлайди.
Ўзингизга атрофдан назар солинг
Асосий муаммо бир даврдан иккинчисига ўтишда эмас, балки инсоннинг ўрта ёш муаммоларини қабул қила олмаслигидадир. Қийинчиликлар фақат ўрта даврда пайдо бўлди, деб ўйласангиз адашасиз, унинг илдизлари болаликка бориб тақалади. Болаликдан то ўрта ёшгача даврда инсон ниқоб тақиб яшайди. Бу ҳиссий хавфсизлик учун керак. Лекин вақт ўтиб ниқобдан чарчаймиз. Ичимизда ухлаб ётган шарпа тез-тез безовта қила бошлайди. Энг қизиғи, тинчлик бермайдиган айнан ушбу ғалаён туфайли ўрта ёшлилар кўп нарсага эришса бўлади. Ҳаётини яхлит тақдир сифатида эмас, балки майда-майда ҳодисалардан иборат деб ўйлайдиган инсонларни беҳисоб қутилар орасида ўзини йўқотиб қўйган одамларга ўхшатиш мумкин. Ҳар бир қутида бир воқеа, хотиралар уммони. Улар олдинга илдамлашга халақит беради.
Ўзингизга берадиган 5 савол
Психологлар фикрича, ўзимизга савол бериш орқали биз кутилмаган саволларга жавобларни олдиндан тайёрлаймиз.
Ота-онангиздаги қайси одатларни ўзингизда кўрасиз? Уларнинг эътирофига сазовор бўлганмисиз?
Фарзандларингизга қолдирадиган маънавий меросингиз қандай? Қандай қадриятлар, қоидалар?
Ҳаётингизда ўзгаришлар бўлишини истайсизми? Балки сизнинг ўрнингизга бошқа инсон қарор қабул қилишини хоҳларсиз?
Болалик, ўсмирликда нимани орзу қилгансиз? Улар амалга ошдими, балки бугун уларнинг ушалиш вақти етгандир? Янги орзуларингиз борми?
Қайси дамларда ўзингизни бахтлироқ ҳис этасиз?
Ўрта ёш инқирозини қачон енгиш мумкин?
Қачонки ўзлигимизни тан олсак, ютуқ ва качиликларимизни англасак, истакларимиз ва ўтмишимизни уйғунлаштиролсак. Бу бир вақтнинг ўзида осон ва қийин. Воқеа-ҳодисаларни борлигича қабул қилиш керак.
Тананинг ҳам белгиларига қулоқ тутиш лозим. Яъни унга ноқулай бўлса, бу дарров сезилади. Қийинчилик даври ўтгандан кейин эса организмнинг бўшашиб хотиржам бўлишини сезиш қийин эмас.
Мутахассислар ўрта ёшдаги инсонларни иккиланувчан бўлади, дейишади. Чиндан ҳам улар гоҳ шод юришса, гоҳ дарров ғамгинлашиб қолади. Шундай дамларда яқинлар, дўстларга суяниш тавсия этилади. Ўзингизга бўлган ишончни пайдо қилиш жуда муҳим. Агар мана ишончни топа олсангиз, ўрта ёшнинг “тор туйнуги”дан эсон-омон ўтиб, ҳаётнинг кенг дарвозаси томон йўл оласиз. Яъни ҳаётда янгича маъно топиб яшайсиз.
www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди