Эркак хотинига икки қизларини ўлдириш билан таҳдид қилган. Аёл уни ўлдирди. Суд аёлнинг ҳаракатларини оқлади. Бу ҳолат, албатта, Ўзбекистонда содир бўлмаганини англагандирсиз…
Хўш, турли мамлакатларда қонунлар зўравонларни ўлдирган қурбонларнинг ҳаракатларини қандай оқлайди.
Туркия
12 йиллик турмушида 31 ёшли анталиялик Мелек Ипек доимий зўравонлик муҳитида яшаган. Эркак ўлдириш билан таҳдид қилгани учун полицияга хабар беришдан қўрқиб узоқ йиллар сукут сақлаган.
7 январь куни кечаси 36 ёшли Рамазан Ипек соатлаб хотинини калтаклаган, сўнг қўлига кишан тақиб, зўрлайди ва уйдан чиқиб кетади.
«Ҳимоя ордери ҳам ёрдам бермайди. Мени қамашса ҳам чиққанимдан кейин сени ва болаларни ўлдираман. Сени ўлдиргач, майда бўлакларга бўлиб, итларга ем қиламанки, биров сени ўлик ҳолингда ҳам танимайди”, – дейди Рамазан.
Мелекнинг сўзларига кўра у ўзининг ва болаларининг хаёти учун қўрқди. Аёл ов милтиғини олиб, эри қайтгач, уни отиб ўлдиради.
Прокуратура айбланувчи учун 6 йил қамоқ жазосини сўраган. Суд узоқ вақт уй зўравонлиги қурбонлари бўлган болаларнинг кўрсатмаларини инобатга олади. Анталия суди аёл ўзини ҳимоя қилгани учун мазкур ишда жиноят таркиби йўқлигини қарор қилади.
«Кечинмаларимни тасвирлаш қийин. Мен эримнинг ўлимини ҳеч ҳам истамаганман. Мени қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлигимни билдираман”, – деди Мелек Ипек.
Франция
Францияда Жаклин Соваж оиладаги зўравонлик қурбонларининг рамзига айланди – у ўзини қутқариш учун қотилликка қўл урди.
Жаклин Соваж Нобер Марот билан 47 йил бирга яшади (1965-2012), ундан ўғил ва уч қиз туғади. Эркак мунтазам ичиб, хотини ва болаларини урар, бундан ташқари, Жаклинни зўрлаб келарди. Қизлари катта бўлгач эса уларнинг ҳам номусига тегади. Шундай қилиб, у 16 ёшида қизларидан бири билан жинсий алоқа қилган. Жаклиннинг ўғли 2012 йил сентябрь ойида оилавий вазият туфайли ўзини осиб ўлдирганиданкейин аёлнинг кўзи очилади. Эртаси куни аёл эрини ов милтиғи билан уч марта отиб ўлдирди. Аёлни ҳибсга олиб қотилликда айблашади. Қизлар онанинг ҳаракатини қўллаб-қувватладилар ва унинг айбсизлигини айтишарди. Улардан бири отасининг ўлими ҳаммалари учун енгиллик келтирганини айтади.
2014 йилнинг октябрь ойида Жаклин айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилади. Апелляция суди бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, 2015 йил декабрида қарор қабул қилди: ҳукм ўз кучида қолди. Ўша пайтдан бошлаб аёлни қўллаб-қувватлаш учун оммавий кампания янада қизғин тус олди. Жаклинни озод қилишнинг ягона йўли – Франция президентининг афв этишидир – ўша пайтда амалдаги президент Француа Олланд эди.
2016
йил 29 январь куни Олланд Жаклиннинг қизлари ва адвокатлари билан учрашади. Бир неча кундан кейин у Соважни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилганини эълон қилди – бир неча ойдан сўнг у озод қилинди. Умуман олганда, аёл 3,5 йилни қамоқда ўтказди.
Жаклин Соваж 2020 йил 29 июль куни 72 ёшида вафот этди.
Айни пайтда Ўзбекистон…
Ўзбекистонда вояга етмаган қизига тегажоғлик қилмоқчи бўлган эрини болта билан уриб ўлдирган аёл 10 йилга қамалди.
2021 йилнинг 31 январидан 1 февралга ўтар кечаси эркак спиртли ичимликдан маст ҳолда уйга келиб, яшаш хонасида ухлаб ётган 2010 йилда туғилган, вояга етмаган қизининг кийимларини ечиб, тегажоғлик қилмоқчи бўлган. Шу пайт кичик фарзандининг йиғисидан уйғониб кетган хотини ундан нима қилаётганини сўраганида эр носқовоғини қидираётганини айтиб, яна жойига ётиб олган.
Бундан қаттиқ таъсирланган аёл ғазабланиб, спиртли ичимлик таъсирида ухлаб қолган эрини ҳовлида бўлган болта билан бош соҳасига бир неча маротаба уриб ўлдиради. Эрининг мурдасини яшаш уйидаги фойдаланилмай келинаётган хонага олиб кириб, уч кун сақлайди.
Қотиллик изларини яшириш учун аёл 3 февраль куни тунги соат 03:30 ларда жасадни ҳовлидаги бодом дарахтининг олдига судраб олиб чиқиб, қон тегган гилам ва матоларни бошқа хонага олиб кириб, яшириб қўяди.
Аввалига аёл турмуш ўртоғини ўлдириб қўйганини айтмасдан, гўёки марҳум ўз эҳтиётсизлиги сабабли вафот этгандай қилиб кўрсатган.
Ушбу жиноят ишини кўриб чиққан вилоят суди аёлга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган…