ЭНДИГИНА ТУРМУШ ҚУРГАНИМИЗДА ОЛАМ КЎЗИМИЗГА БОШҚАЧА КЎРИНАДИ ВА жуфтимиз билан фахрланамиз. Бир-биримизга беҳисоб смс хабар ёзамиз, ҳар дақиқада гаплашгимиз келади. Ҳаёт гўзал кўринади! Аммо ногаҳон уришиб қолдингиз, унинг жаҳли чиқиб, сизга ҳеч нимани тушунтирмай, эшикни “тақ” этиб ёпиб чиқиб кетди. Ҳаммаси айнан шундан бошланади. Тўғри, эр-хотин уруши дока-рўмол қуриши, дейилади. Аммо зиддиятлар, манфаатлар тўқнаш келаверганидан, гоҳида ўйлаб қоласиз: биз мутлақо бошқача одамлар эканмиз, қандай қилиб умумий хулосага келишимиз мумкин?
Ҳар қандай зиддиятли вазиятда икки хил ҳаракатдан воз кечиш керак. Биринчиси, бир-бирингизга бақириш ва иккинчиси, муҳокамадан қочиш ва хафа бўлиб, индамасдан кетиш. Сизни қаттиқ хафа қилишган, алдашган, ҳиёнат қилишган бўлса ҳам, токи бақириб чақирар экансиз, ҳеч ким эшитишни хоҳламайди. Шунинг учун қанчалик босиқлик билан гапирар экансиз, ана шунда сизни эшитишлари эхтимоли юқори бўлади. Бундай вазиятда қанчалик нокамтарлик бўлса ҳам, фурсатдан фойдаланиб, шахсий ҳиссиётлар ҳақида гипириб олса бўлади. «Ўзингизни аҳмоққа ўхшаб тутманг», дейишнинг ўрнига, «Менга бундай гапларингиз ёмон таъсир қилади» десангиз вазият анча енгиллашади.
Бир-бирингизнинг шахсий чегараларингизни билиб олиш жуда муҳим: мисол учун, сизга ҳақоратли туюлган сўзлар жуфтингиз учун мутлақо оддий ибора бўлиши мумкин. Кимдир «Аҳмоқмисан» деган сўзга хафа бўлса, яна кимдир ундан-да ҳақоратли иборага умуман эътибор бермай кетади. Ҳар биримизнинг ўзимизга яраша қўрқувларимиз ва қолипларимиз бор. Шундай экан, токи мана шу томонларни ҳал қилиб олмас экансиз, тил топишишингиз анча қийин кечади. Бунинг учун эса фақат мулоқот ва муҳокама керак. Аммо бир томон мулоқотга рози бўлмасдан, четда хафа бўлиб юрса, бу ёмон. Шундай одамлар бор, кунлаб, ойлаб, ҳатто йиллаб гаплашмай юриши мумкин. Агар норозиликни шу тарзда билдирмай юраверсангиз, у ҳолда қандай қилиб бир-бирингиз ҳақингизда яхшироқ билиб оласиз?!
Дейлик, муаммони шовқинсиз, ҳақорат ва айбловларсиз ҳал қилишга келишиб олдингиз. Шуни унутманг, барча масалаларда бирдек келишувга эриша олмаслигингиз мумкин. Кейин оила бу жиддий ташкилот эмас, қани эди барча келишувларни қоғозлаштириб, унинг бажарилишини қатъий назорат қилишингиз мумкин бўлса. Аммо барибир муҳокама қилиб олмасдан, ҳақиқатга эришиб бўлмайди. Олдиндан белгилаб олинг, сўзларингиз жуфтингизга қандай таъсир қилади ва унда қандай оқибатларни келтириб чиқаради. Мулоқот учун керакли бўлган майда деталлар бор, афсуски уларни кўпчилик менсимайди. Суҳбат чоғида қулоқчинларни ечинг, компьютер ёки телевизорга қараб ўтирманг, смартфонни тинч қўйинг. Мен универсалман, деб ўйласангиз ҳам, суҳбатдошингизни ҳурмат қилишингиз керак. Бошқа нарсаларга чалғиш орқали, сиз жуфтингизнинг юз ифодаси, ҳиссиётларини кўра олмайсиз. Одатда кўпчилик гапни узоқдан бошлайди. Агар турмуш ўртоғингиз сизнинг бефарқлигингизни кўрса, барча ҳаракатлари бесамар кетишини ўйлаб, шаштидан қайтади.
Бировнинг гапини охиригача диққат билан эшитишга ҳаракат қилинг, у бутун эътиборингиз жамланганини кўрсин. Шунда муносиб жавоб қайтаришга қийналмайсиз ва у сизни эшитишга тайёр бўлади. Жуфтингиз ҳиссиётларини тушунишга ҳаракат қилинг. Ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Танқид қилманг, аммо жавобларингизда ҳақиқат акс этсин, сўралмаса, маслаҳат берманг. Баъзида шунчаки тингловчи бўлиш ҳам фойда беради. Агар сизни хафа қилишган бўлса, дарров алоқаларни узишга уринманг. Балки шунчаки бир-бирингизни тушунмагандирсиз. Балки сизнинг хафа бўлганингиздан ҳам унинг хабари йўқдир. Ёки аслида нима бўлганини охиригача тушунмаётгандир ёки ўзини ҳақ деб ўйлаётгандир. Балки вазиятни ўнглаш йўлини топа олмаётгандир. Ҳеч қачон шошилинч вазиятда хулоса чиқарманг, муҳокамани канда қилманг. Агар тинч йўл билан муҳокамани тугатган, бир-бирингизни тинглай олган бўлсангиз, демак, бу ҳақиқий муносабатнинг бошланиши бўла олади.
Агар руҳий ва жисмоний зўравонлик юз бермаган бўлса, қолган барчасини ҳал қилиш мумкин. Айниқса, бу зўравонлик қасддан ва узоқ вақт давомида амалга оширилган бўлса, уни оқлаш қийин. Бу ерда мулоқот ёрдам бера олмайди. Бу вазиятда куч топиб, муносабатларга нуқта қўя олиш керак.