Бола хавфсизлиги: ота-оналар болаларига нималарни ўргатишлари керак

Сўнгги воқеаларни (https://t.me/SukutSaqlama/692) кузатар эканмиз, ота-оналар болаларга хавфсизлик қоидаларини ўргатишлари кераклигига амин бўламиз.

👉Кўча/мактаб
1️⃣ Болаларни кўча/мактабга телефон билан чиқишга ўргатинг. Ҳатто муюлишдаги дўкон ёки қўшни уйга ҳам.
2️⃣ Телефон қуввати доимо тўлган бўлиши, баланс тўлдирилган бўлиши шарт.
3️⃣ Бола ота-онаси (оиладаги бошқа ёши катталар)нинг тўлиқ Ф.И.Ш. ва телефон рақамларини ёддан билиши зарур.
4️⃣ Болага у йўлдан адашса/йўқолса ёрдам сўраш кераклигини тушунтиринг. Яхшиси, болали аёл ёки ички ишлар ходимига. Савдо марказларида – кассир, менежерларга (иложи бўлса аёлларга) мурожаат қилсин.
5️⃣ Бола билан биргаликда кодли сўзни ўйлаб топинг – у содда бўлмасин, лекин шу билан бирга бола уни осонлик билан ёдлаб олсин. Ҳар замонда бола уни унутдими-йўқми текшириб туринг. Бу кодни ҳеч кимга айтмаслигини уқтиринг.
6️⃣ Кўчада боланинг ёнига кимдир келиб, ойиси уни мактабдан олиб кетишни тайинлаганини айтса, болангиз ўша кодни сўрасин. Бегона одам кодни билмаса, демак унга ишониш мумкин эмас.
7️⃣ Болага кўчада кимдир ёрдам сўраб мурожаат қилса, ҳозир катталарни чақираман деб жавоб берсин.
8️⃣ Болани мажбурлаб олиб кетишмоқчи бўлса, бор овози билан “Мен сизни танимайман! Мени қўйворинг! Менга тегинманг! Ёрдам беринглар! Деб бақирсин. Тишласин, урсин, тепсин, ҳуллас атрофдагиларнинг эътиборини қаратсин.
❗️❗️Ота-оналарга илтимос: болаларингизни илтимос, болаларни итоаткор ва беқарор қилиб тарбияламанг. Уларга ўз фикрларини билдиришларига тақиқ қўйманг, баланд овозда гапириш ва кулишни тақиқламанг, боланинг шахсини йўққа чиқарманг. Айнан шундай итоаткор ва жимгина юрадиган болалар одатда ўғирлашга уриниш пайтида ўзларини ҳимоя қила олмайдилар, чунки «баланд овозда гапириш (бақириш) одобсизликдан», «қиз итоаткор бўлиши керак», «катталарга ҳамма нарсада итоат этиш керак” ва ҳ.к.
9️⃣ Болангиз билан биргаликда уйдан мактабгача ва ундан қайтиш учун энг хавфсиз маршрутни танланг.

👉Уй
1️⃣ Бегоналарга эшик очиш мумкин эмас.
2️⃣ Шифокор ёки милиционер кийимини ёвуз ниятли одамлар ҳам кийиб олиши мумкин. Эшик ортида ички ишлар ходими ёки почтачи турса, очишдан аввал сизга қўнғироқ қилсин.
3️⃣ Бола билан биргаликда милиция, тез тиббий ёрдам, сиз ишонадиган энг яқин қариндошлар рақамларини ёдлаб олинглар.

👉Транспорт
1️⃣ Болани қаергадир бир ўзини юборишингиз керак бўлса, илова орқали такси чақиртиринг. Маршрутини кузатиб боринг. Бола йўлда экан иложи борича у билан телефонда гаплашиб туринг.
2️⃣ Бола жамоат транспортида юрса ва керакли бекатни ўтказиб юборган бўлса, у дарҳол сизга қўнғироқ қилиши шарт.
3️⃣ Болага ёрдам керак бўлса (масалан, телефони ўчиб қолди ёки унинг балансида пул қолмади), иложи бўлса болали аёлга мурожаат қилсин.
4️⃣ Бола автобус (метро, трамвай) га чиқса-ю, ота-онаси чиқишга улгурмаса, у кейинги бекатда тушиб ота-онасини кутиши кераклигини тушунтиринг.
5️⃣ Аксинча бола транспортга чиқишга улгурмаса, у бекатда қолиши, ота-онаси уни олиш учун ўша бекатга қайтишини тушунтиринг. Болага ҳеч ким тегиниши мумкин эмаслигини уқтиринг. Агар кимдир тегинмоқчи бўлса, бола дарҳол бу ҳақида сизни хабардор қилиши шарт. Бундай ҳолатларни бола билан тез-тез муҳокама қилиб туринг, имкони бўлса болангизни ўзини ҳимоя қилиш курслари ёки спорт тўгаракларига беринг.