Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 18 ёшли жувон яшаш уйидан осилган ҳолда топилди. Марҳуманинг онаси Муҳаббат Нуримова қизининг ўлимида куёвининг қўли борлигини айтмоқда. «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев фуқаро мурожаатига кўра, воқеа тафсилотларини ўрганди.
М.Нуримованинг айтишича, 2020 йилнинг 25 январь куни биз билан бозорда савдо қилувчи косонлик Ш.Ғ. қизимни ‘уйингга олиб бориб қўяман’ деб алдаб, қурилиши битмаган эски жойга олиб борган ва қизининг номусига тегган. Ўша пайт ИИБга мурожаат қилиб, ҳолат ҳақида билдирмоқчи бўлганларида ‘мени шарманда қилманг, тўрт нафар фарзандим бор’ деган. Ҳар икки томон ҳам гап-сўзга қолмайлик, деб қизни унга беришган.
Қиз сарсон бўлиб, у ёқ-бу ёғда турган, Ш.Ғ.нинг хотини уни ҳақоратлаб, яшаттирмаган. Доимий можаролар қизнинг умрига зомин бўлди.
Марҳума онасининг айтишича, 7 май куни қизининг туғилган куни эди. 18 ёшга тўлганди. Аммо ўша кун ҳам куёв уларни гаплаштирмади. Фақат эсдаликка қолади, дея қизи тушган видеони жўнатди. Шу-шу 9 май куни қиз ўз жонига қасд қилганини айтишди.
– Нима қилган бўлса ҳам куёвим қилган. Қизимнинг 18 ёшга тўлишини кутган ва ундан қутулган. Буни охирги пайтларда биз билан умуман гаплаштирмай қўйганидан ҳам билса бўларди», — дейди марҳуманинг онаси Муҳаббат Нуримова. – Бош прокурор ўринбосарининг вилоятдаги қабулига бориб, бу ҳақда шикоят қилганимдан сўнггина ишга киришишди, — дейди Муҳаббат опа. — Нега бунча ишларингиз суст, суриштирмаяпсизлар, қизимнинг ўлимига сабабчи бўлган куёвим ҳалиям бемалол юрибди-ку, – десам, терговчилар бир-бирига қараб кулишиб ‘нега ишга киришмаяпсиз, кимдир келиб сўраб туриши керакми?’ деб калака қилишади.
Қашқадарё вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, 2020 йил 9 май куни Косон тумани «Бойғунди» маҳалласи Ислом Каримов кўчаси 26-уйда яшаб келган 2002 йилда туғилган Моҳинур Жўраева яшаш уйининг меҳмонхонаси эшигига осилган ҳолда вафот этган.
«Ўтказилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида марҳума Моҳинур Жўраеванинг қариндошлари унинг турмуш ўртоғи билан ўрталарида доимий равишда уруш-жанжал бўлиб келганлигини баён қилган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасида марҳуманинг ўлимига бўйин аъзолари сиқилишидан юзага келган механик асфиксия сабаб қилиб кўрсатилган», — дейилади вилоят прокуратураси хабарида.
Аниқлик киритилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (Шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва Косон туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Cуратда марҳума Моҳинур Жўраева
Фото: «Дарё»
Тўлиқ матнни ўқиш учун: https://daryo.uz/k/2020/07/01/qashqadaryoda-18-yoshli-juvon-uyidan-osilgan-holda-topildi-marhumning-onasi-qizining-olimida-kuyovini-ayblamoqda/
________________
#Сукутсақлама #SukutSaqlama #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #ЗўравонликҚурбонлари