Абьюз нима, абьюзер ким, уни қандай аниқлаш мумкин

Сукут Сақлама зўравонлик ҳақида гапирилганда қўлланиладиган атамаларга тўхталишни таклиф қилади.

Абьюз ва абьюзив муносабатлар нима

Абьюз – зўравонлик сўзининг синоними. Абьюзив муносабатларда бир партнер иккинчисининг шахсиятини шафқатсизлик, таҳқирлаш, шахсий чегараларини бузиш орқали йўққа чиқаради.

Кўпинча, бундай муносабатлар узоқ вақт давом этади ва қурбонни ишонч ва ўзини ҳурмат қилишдан маҳрум қилади. Жабрланувчининг барча истаклари партнер томонидан ўрнатиладиган қоидалар билан алмаштирилади. Жисмоний зўравонлик хавфли, аммо бундан даҳшатли нарса психологик абьюз, деб аталадиган ҳиссий зўравонликдир.

Ҳиссий зўравонлик кўкаришлар ва кўринадиган жароҳатларни қолдирмайди, буни исботлаш жуда қийин. Аммо бундай босим руҳиятга кучли таъсир қилади. Жабрланувчи ўзига ишончини йўқотади, унда ўзининг аҳамиятсизлигига ишонч пайдо бўлади, тайинли сабабсиз ҳавотирлилик ҳисси кучаяди. Кўпинча бундай ҳолат стресс ва депрессия билан бирга кечади. Жабрланувчи учун абьюзив муносабатлардан чиқиш жуда қийин, чунки унинг иродаси ва қарор қабул қилиш қобилияти йўққа чиқиб бўлади.

Абьюзер ким

Абьюзер – зўравонлик (абьюз)ни амалга ошираётган инсон. У эркак ҳам, аёл ҳам бўлиши мумкин. Аёллар кўпроқ ҳиссий абьюздан фойдаланишади, эркаклар эса – жисмоний ва жинсий зўравонликдан. Партнёрларда бири перверз нарцисс бўлган жуфтликларда зўравонликнинг барча кўринишлари ёҳуд фақат ҳиссий зўравонлик учраши мумкин.

Абьюзерни қандай аниқлаш мумкин

Одатда абьюзерлар муносабатлар ривожида бир хил схемадан фойдаланади:

  1. Ишончга кириш.

Улар танишув босқичида босқичида жуда жозибали бўлиши мумкин: ақлдан оздирадиган ҳаракатлар, қимматбаҳо совғалар, романтикага буркаб, жуда эътиборли бўлишади. Кўпинча абьюзерлар имкон қадар тезроқ бирга яшашни таклиф қилишади.

  1. Аста-секин қурбонни танқид қилади: бошқача қарадинг, кийиминг бўлмабди ва ҳоказо.

МУҲИМ! Ҳар қандай одамлар ўртасида низолар, танқидлар, тушунмовчиликлар бўлиши мумкин. Аммо абьюзер ҳар доим содир бўлаётганларда қурбоннинг айбини қидиради. Аҳамиятсиз нарсалардан асабийлашиши мумкин: қўли остидаги ходим 5 йилда илк бор ишга бироз кечикди, аёл илиб қолган чой узатди, аълочи қизнинг кундалигида ўқитувчи томонидан изоҳ қолдирилди. Агар жанжалларда доим сиз айбдор бўлиб қолсангиз – ўйлаб кўринг, эҳтимол бу абьюзив муносабатлардир.

  1. Қурбонни ҳаммадан ажратиб қўйиб, фақат ўзига боғлаб қўйиш.

Абьюзер учун жабрланувчини ташқи дунёдан, дўстларидан ва ҳатто қариндошларидан ажратиб қўйиш жуда муҳимдир. Улар билан алоқани тўғридан-тўғри тақиқлаши мумкин ёки у қуйидагича ҳийла ишлатиши мумкин: «Дугоналаринг билан учрашганингда ёлғиз қолиб хафа бўлдим», «Онанг мени ёқтирмади ва муносабатларимизни бузмоқчи», «Эркак ҳамкасбларинг билан ёзишмаларингни ёқтирмайман». Изоляция қурбон ҳеч кимдан ёрдам сўрай олмаслиги ёки муносабатларни муҳокама қила олмаслигига олиб келади. Чунки унинг атрофида ҳеч ким қолмайди, гўёки ҳамма душман. Айтганча, рашк – абьюзернинг асосий ҳамроҳи.

  1. Қурбоннинг қадриятлари ва ҳис-туйғуларини ерга уриш.

Абьюзер партнери учун муҳим бўлган ҳодисаларнинг аҳамиятини қадрсизлантириши одатий ҳолдир. Масалан, аслида ҳеч қандай қийинчиликлар йўқ, қурбон ўзи айбдор ва аҳамиятсиз нарсаларга эътибор қаратяпти, деб айтиш. Бу газлайтинг – қурбоннинг муаммолари ва ҳис-туйғуларини рад этишдир. Кўпинча абьюзерлар партнерларини руҳий хаста эканликларига ишонтирадилар. Вақт ўтиши билан айбдорлик ҳисси қурбоннинг доимий ҳамроҳи бўлиб қолади, у абьюзив муносабатларни меъёр, деб қабул қилади ва жазо ва таҳқирлашлар асосли, деб ҳисоблайди.

  1. Тушунчалар ўрнини алмаштириш: назорат парвариш ва қўллаб-қувватлаш демакдир.

Абьюзерлар кўпинча сизнинг ҳуқуқларингизни чеклаш ва сизни танқид қилиш билан бирга ўзларини сизга ғамхўр ва яхшилик тилаётгандай кўрсатишади. Масалан, улар сизнинг ташқи кўринишингиздан шикоят қилишади ва сизни яхшироқ кўринишингизни хоҳлашларини айтишади. Ёки улар гўё сизнинг хавфсизлигингиздан хавотир олиб, сиз кеч қайтиб келмаслигингиз учун ўз ишингизни қолдирганингиз яхшироқ, дейишади. Улар сизни таъминлашга ваъда бериб, ишлашга ҳожат қолдирмайди. Абьюзерлар сиз тўғри қарор қабул қила олмайсиз деган фикрни уқтиришади, шу билан бирга улар доим керакли маслаҳат беришга тайёрликларини айтишади. Шундай қилиб, улар бўйсунишга эришадилар. Агар партнер билан муносабатингизда доимо ташвишланиб, нотўғри ҳаракат қилиб қўйишдан қўрқсангиз ва қўллаб-қувватлашни ҳис қилмасангииз – сиз абьюзив муносабатда бўлишингиз мумкин.

  1. Шахсий чегараларнинг бузилиши

Абьюзерлар учун партнернинг шахсий чегаралари йўқ. Улар атайлаб сиз ёқтирмайдиган ёки қилмасликни сўраган нарсаларни қилишади. Ёки сизнинг барча режаларингизни бузиб, сиз зудлик билан унга эргашишингиз керак бўлади. Ёки, аксинча, улар бирор, дейлик, оилавий ёки шунга ўхшаш иккингиз учун муҳим тадбирга келмасликлари мумкин, чунки сиз уни кутаётганингизни билади. Улар қурбоннинг азоб чекишидан роҳатланади. Лекин вазиятни шундай айлантирадики, сиз айбдор бўлиб қоласиз.

  1. Кайфият ўзгариши

Абьюзерлар жуда ёқимтой бўлиши мумкин. Аммо маълум вақтга келиб, дадил ҳаракат қила бошлайдилар, бақириб, ҳатто калтаклаши ҳам мумкин. Кўпинча, қурбон унинг истаганини қилмаса, улар золимга айланади. Ёки у айб топиш учун баҳона қидиради. Бундай ғазабдан кейин улар кечирим сўрашлари мумкин ва бошқа қайтарилмаслигига сўз беришади. Аммо, таассуфки, бундай ҳолатлар қайтарилаверади, қайтарилаверади…

Агар сиз абьюзер билан яшаётганингизни сезсангиз нима қилиш керак? Бу ҳақда кейинги мақолада гапириб берамиз.