Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом;
Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисидаги низомга кўра, ҳимоя ордери мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан схемага мувофиқ берилади.
Ҳимоя ордери туман (шаҳар) ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида юритиладиган алоҳида дафтарда қайд этилади.
Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:
тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;
жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач мувофиқ шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади.
Хабарнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади.
Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида хабар берган шахслар ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади.
Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади.
Профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида:
жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади;
жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганади;
жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.
Профилактика инспектори мурожаат ва хабарларни ўрганиш якуни бўйича:
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда – ҳимоя ордерини расмийлаштиради;
зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида жабрланувчининг розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, бошқа тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларни хабардор қилади;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, котиби, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис иштирокида далолатнома расмийлаштиради;
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда – ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчиларнинг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги аризаси уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади.
Шахс ҳимоя ордерини олишни ва уни имзолашни рад этганда, профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади ҳамда уни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади.
Ҳимоя ордери расмийлаштирилганда барча ёзувлар кўк (ҳаворанг) сиёҳли ручкада, тушунарли қилиб ёзилади.
Ҳимоя ордери уч қисмдан иборат бўлиб:
биринчи қисми (асли) тўлдирилгандан сўнг жабрланувчиларга берилади;
иккинчи қисми (нусхаси) зўравонлик содир этган шахсларга берилади;
учинчи қисми профилактика инспекторида қолади.
Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Профилактика инспектори ҳимоя ордери берилганидан сўнг уч кун муддатда бу ҳақда тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими)нинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси, гуруҳи) бошлиғини хабардор қилади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи ҳимоя ордерини расмийлаштириш учун тўпланган материалларни ўрганиб, тарафлар фикрини эшитган ҳолда профилактика инспекторининг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги қарорини бекор қилишга ҳақли.
Хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан қуйидагилар: Тазйиқ ва...
8