Ҳар бир оила ажрими, жанжал ё жиноят замирида оз бўлса-да, етишмовчилик, қийинчиликдан безиб қолган юрак амри бор

Бир эркак ўғил-қизи, турмуш ўртоғини болта билан ўлдириб, кейин ўзини осибди. Амударё туманидан шунақа хабар келди. Аллоҳ раҳмат қилсин.

Маънавият, алламбало нарсалар, баландпарвоз гапларни қўйиб, дўппини бир четга суриб фикр қилинг: жамиятда оилалар ажрими, меҳр-оқибат йўқолиб боришига нима сабаб?

Ҳа, пул. Иқтисодий қийинчилик. Асосан.

Оддий оила бошлиғи кун бўйи фақат пул ҳақда ўйлашга мажбур бўляпти. Кундалик турмушдага рўзғор камчиликларидан боши чиқмай қолган. Тўғри, ишласа, едирса, боласига ё ота-онасига қиляпти. Аммо жуда кам сонли оилаларни ҳисобга олмасак, тирикчилик ташвиши вужудимизни эгаллаган.

Шунинг учун, сайлов ҳам қизиқ эмас, янги қарор ё қонун муҳокамаси ҳам. Шу билан қорин тўярмиди, бугун эса яна нон, памперс, кашага пул топиш керак.

Хиёнат, ёлғон ва фахш ҳам иқтисодий етишмовчилик ортидан келиб чиқамаяптими? Оилалар бор, сабр қилади, аммо ҳамма баробар эмас.

Илтимос, президент, ҳукуматда ўтирган мулозимлар, ҳокимлар ва барча масъуллар, унутмангки, ҳар бир оила ажрими, жанжал ё жиноят замирида оз бўлса-да, етишмовчилик, қийинчиликдан безиб қолган юрак амри бор.

Сити эмас, иш ўрни бор заводлар қуринг. Монополия қилиб халқни қийнаманг, коррупцияга ботган иқтисодиётни ёруғга тортинг.

Алишер Рўзиохунов