ЖУФТИНГИЗГА ИШОНАСИЗМИ?

Гоҳида бировнинг илтимосини бажариш ёдимиздан чиқади ёки уйга ваъда берганимиздан кечроқ келишимиз мумкин. Аммо бу бизларга мутлақо ишонмаслик керак дегани эмас, албатта. Хўш, сиз жуфтингизга ишонасизми? Хулоса чиқаришдан олдин баъзи бир белгиларга эътибор бериш лозим.

Жуфтликлар муносабатидаги ўзаро ишонч замирида фақат ҳиёнат қилмаслик тушунчаси ётмайди. Молиявий масалалар, рўзғор ишларини тақсимлаш, бирга ҳордиқ чиқариш каби машғулотлар ҳам аҳамиятга эга ва шулар орқали инсонга бўлган ишонч шаклланади. Яна ишонч – бу жуфтингизга ҳам руҳан, ҳам жисмонан суяниш, қалб хотиржамлиги демакдир. Ҳар қандай дамда у сизни қўллаб, ҳеч қачон, кутилмаганда ва атайлаб ҳам сотиб кетмаслигини англаш. Гарчи Хемингуэй: «Кимгадир ишонишнинг энг яхши йўли — шунчаки унга ишонч билдириш» деган бўлсада, қуйидаги белгиларга қараб сиз жуфтингизга ишониш ёки ишонмасликни бемалол ҳал қилишингиз мумкин.

  1. У сизга бефарқ эмас ва ўзи ҳақида сўз очиб туради

Ишончга лойиқ инсон ичимдагини топ демайди ва миясидаги фикрлари билан бўлишиб туради. Гоҳида ҳиссиётларини билдириш қийин бўлсада, у сир сақлаб юрмайди. Яна у сиз билан нима рўй бераётганига бефарқ эмас.

  1. Қўл телефонини сизга бемалол бериши мумкин

Масалан, автомобил бошқараётган пайтда қўнғироқларга жавоб беришингиз учун. Чунки унинг сиздан яширадиган сирлари йўқ. Телефонига келган смсларни ўқисангиз ҳам бу унинг учун муаммо эмас.

  1. Сизга эркинлик беради

У сизни мудом қатъий назорат қилмайди, дўстларингизни чиғириқдан ўтказмайди ва бўш вақтингизда нима билан шуғулланаётганингизга аралашмайди. У билан сизни безовта қилаётган мавзуларни бемалол муҳокама қилишингиз мумкин. Сизни диққат билан тинглашади, керак бўлса тинчлантиришади ва қўллашади. Энг муҳими, устингиздан кулишмайди. У сизни борингизча севади ва қабул қилади.

  1. У жуда эхтиёткор ва ҳар томонлама қўллайди

Масалан, ташқи кўринишингиздан кўнглингиз тўлмаса, у сизни ҳеч қачон уялтирмайди. Аксинча энг чиройли жиҳатларингизни айтиб, ноқулайликдан олиб чиқади.

  1. Сиздан нафратланмайди

Хунук кўринсангиз ҳам, қандай жисмоний нуқсонларингиз бўлмасин, унинг учун доим севимли бўлиб қоласиз. Унинг қалбида ўзингизга нисбатан нафратни тополмайсиз.

  1. Атрофдагилар унга ишонади

Дўстлар, танишлар, ҳамкасблар, ота-онаси — уларнинг бари жуфтингизга сирларини ишонади ва ҳеч қачон бировнинг сирини ошкор этмаслигини яхши билади. Демак, сиз ҳам худди шундай қилишингиз мумкин.

  1. Жавобгарликдан қочмайди

У ўз ҳаракатлари ва хатолари учун масъулиятни бировнинг елкасига юкламайди. Агар хафа қилса, буни албатта англайди ва камчилигини дарров тўғрилашга ҳаракат қилади.

  1. У сўроқ қилмайди, балки савол беради

Қизиқишларингиз, фикрларингиз, ҳисларингизга қизиқади. Чунки у шубҳа қилмайди ва жуфтингизга ҳаммаси барибир эмас.

  1. Зарур вақтларда ёнингизда

…Нимаики рўй бермасин, у ёнингизда бўлади.

 

Никоҳлар осмонларда тузилади, деб бежиз айтишмайди. Жуфтликлар ҳам бир-бири учун яралади.

 

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди